«Ата-Бейит»даги қуролли тўқнашувда тириклайин ёқиб юборилган 3 нафар аскарнинг жасади дафн этилди.

285

26-сентябрь куни «Ата-Бейит» тарихий-мемориал мажмуасида қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли тўқнашувда ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар хотирасига бағишланган хотира митинг-реквиеми бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент маъмурияти хабар берди.

Маълумотларга кўра, можаро чоғида танкда тириклайин ёқиб юборилган экипажнинг уч аъзоси — Шерали Анаркулов, Санжарбек Анаркулов ва Тилек Жанибай ўғлининг— жасадлари кўмилган.

Президент Садир Жапаров ҳалок бўлганларнинг яқинлари ва қариндошларига чуқур ҳамдардлик билдириб, уларнинг жасорати унутилмаслигини таъкидлади.

«Шу кунларда барча қирғизистонликлар, узоқ-яқинда яшаётган юртдошларимиз – ҳаммамиз Боткен ҳудудига қуролли ҳужум, босқин натижасида 62 нафар фуқаромиз ҳалок бўлганидан барчамиз қайғудамиз [...] Ҳалок бўлган қаҳрамон аскарларимизнинг ота-оналарига ва ака-укаларига ҳамдардлик билдираман. Ана шундай мард ўғилларни вояга етказганларингизга бош эгиб, таъзим қиламан. Азамат ўғлонларимизнинг ётган жойлари жаннатда бўлсин», — деди Жапаров.

Президент «Ата-Бейит» миллий тарихий-мемориал мажмуасида Боткен воқеаларида ҳалок бўлган аскарлар хотирасига ёдгорлик ўрнатилишига ваъда берди.

Қуролли можаро

Қирғизистон-Тожикистон чегарасида отишма 14-сентябрь куни бошланган. 16 сентябрда эса вазият ёмонлашди. Қирғизистон расмийлари Тожикистон томонини «тажовузкорлик» ва «ҳарбий ҳужум»да айблади. Тожикистон томони эса «эскалация»да Қирғизистонни айблади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, можародан жабр кўрган Қирғизистон фуқаролари сони 198 нафарни ташкил қилган. Шунингдек, қуролли тўқнашувда 62 нафар Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, Қирғизистонга етказилган моддий зарар миқдори тахминан 1,5 миллиард сомни ташкил қилган.