Ташиев: Боткен ва Лайлак туманларининг аҳолиси уйларига қайтишлари мумкин

Қирғизистон ва Тожикистон чегарадаги можаро ва унинг оқибатларини тугатиш бўйича Тожикистон билан протокол имзолади. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг раҳбари Қамчибек Ташиев журналистларга маълум қилди.

Боткен вилоятидаги «Қизил-бел» назорат-ўтказиш пунктида Қирғизистон ва Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси етакчиларининг учрашуви бўлиб ўтди. Унда Боткен ва Сўғд вилоятлари раҳбарлари ҳам иштирок этган.

Протоколнинг асосида икки давлатдан тўртадан пост тўлиғи билан олинадиган бўлди.

Ташиевнинг айтишича, Қирғизистон томони Тамдиқ, Булоқ-Боши, Катта-Туз ва Дача чегара постларини тўлиқ олиб ташлайди. Ўз навбатида Тожикистон ҳам «Бидок», «Кеҳ», «Кара Чикум» ва «Шаршене» постларини олиб ташлайди.

Ташиевнинг қўшимча қилишича, Боткен ва Лайлак туманлари аҳолиси ўз уйларига қайтишлари мумкин. Уйига етиб бориш имкони бўлмаганлар учун эса, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва маҳаллий ҳокимият органлари транспорт ташкил этади, деди у.

Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари қирғиз халқини 25 сентябрдан бошлаб чегарада тинчлик бўлишига ишонтирди.

«Умид қиламанки, имзоланган протоколнинг барча бандлари ҳаётга татбиқ этилиб, қирғиз ва тожик ерларига тинчлик ва ҳамжиҳатлик келади», — деди у.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги қуролли тўқнашувлар 14-17-сентябрь кунлари бўлган. Оқибатда ўққа тутилган ва жанглар содир бўлган жойларда яшовчи 140 мингдан ортиқ қирғизистонлик ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган. Қирғизистоннинг бир қанча қишлоқларида юзлаб уйлар вайрон қилинган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, чегарадаги қуролли тўқнашувларда камида 62 қирғизистонлик ҳалок бўлиб, 198 нафари яраланган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий маълумотларига кўра, тўқнашувлар натижасида 41 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши эса жароҳатланган.

Чегарадаги қуролли можаро туфайли Қирғизистонга етказилган дастлабки моддий зарар тахминан 1,5 миллиард сомга баҳоланмоқда.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги 18-сентябрь куни содир бўлган воқеаларни Тожикистон томонидан Қирғизистонга қарши олдиндан режалаштирилган қуролли босқинчилик ҳаракати деб атади.

Ўз навбатида, Тожикистон томони ҳам Қирғизистонни шундай айблар билан айбламоқда.