Собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг рафиқаси Раиса Атамбаева давлат раҳбари Садир Жапаров билан унинг ўғли Рустам орқали учрашганини тасдиқлади. Атамбаева учрашув чоғида раҳм-шафқат сўрамаганини, фақат турмуш ўртоғини даволаниш учун хорижга юборишни сўраганини айтди.
«У Қирғизистонда амалга ошириб бўлмайдиган операцияга муҳтож. Алмазбек Шаршенович даволаниб, қамоққа қайтгунига қадар унинг ўрнида учаламиз тенг – мен, Сейид, Кадир – ўтиришга тайёр эканимизни айтдик. Бунга Садир Нургожоевич «Йўқ, суд жараёнлари тугамагунча операцияга, даволанишга юбора олмаймиз» деди», — деб ёзди Раиса Атамбаева.
Атамбаева адвокатлар Атамбаевга қарши жиноий ишлари бўйича судлар тоза ва барча ҳуқуқий меъёрлар асосида ўтса, унда Қўй-Тош воқеаси камида 3-5 йил давом этишини айтганини эслатиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, «Атамбаевнинг ташхиси билан шунча йил даволанмасдан кутиш —қамоқда ўлимни кутиш».
«Яна таъкидлаб ўтмоқчиманки, биз раҳм-шафқат сўрамадик, озод этинг демадик. Фақат МХДҚ биносида ёпиқ тартибда кўрилган Батукаев ишини қайта адолат билан, суд жараёнини очиқ ўтказишни сўрадик», — дея таъкидлади у.
Шу билан бирга, музокаралар якунида Жапаров бу ҳақда бу ҳақда ҳеч кимга хабар бермасликни сўрагани учун бугунгача жамоатчиликка айтмаганини, қўшимча қилди.
«Алмазбек Атамбаевнинг ўзи ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамаган, сўрамайди ҳам.
Унинг шиори «Ишонма, қўрқма, сўрама [...]”. Ҳозир халқ учун ҳам, давлат учун ҳам оғир давр, шунинг учун президентга сабр-тоқат, донолик ва ирода тилайман», — дея хулоса қилди Раиса Атамбаева.
Жапаровнинг интервьюси
Аввалроқ президент Садир Жапаров «Кабар» миллий агентлигига берган интервьюсида ўғли Рустам Жапаровнинг илтимосига кўра Алмазбек Атамбаевнинг қабул қилганини маълум қилганди.
«Яқинда ўғлим Рустам: «Дада, сиз Алмазбек Атамбаевнинг болаларини қабул қилиб қўйинг, илтимос қилишмоқда. Биз ҳам Атамбаевга кира олмай қанча югурганмиз. Биз уларнинг хатосини такрорламайлик» деб, Атамбаевнинг болаларини етаклаб келибди. «Эй болам, сен мендан ҳам меҳрибон экансан», деб ичимда кулиб қўйдим. Болаларини қабул қилдим. Тушунтирдим. «Суд жараёни тугасин, кейин менинг ҳуқуқим» дедим», - дейди у.
Шу билан бирга, биз давлат сифатида қонунларнинг ҳар бир бандини ҳурмат қилишимиз кераклигини айтган.
Атамбаевнинг соғлиқ ҳолати
Май ойи охирида Алмазбек Атамбаев Миллий кардиология марказига олиб кетилган.
Аввалроқ собиқ президентнинг адвокатлари бир неча бор уни касалхонага ётқизиш учун рухсат сўрашган. Уни бир неча бор соғлиғи туфайли суд залидан тез ёрдам машинасида олиб кетишган.
Қийноқларнинг олдини олиш миллий марказига кўра, собиқ президентнинг соғлиғи уни судга мажбуран олиб келинганида кескин ёмонлашган.
№47- колония яқинидаги соғлиқни қайта тиклаш муассасаси бош шифокори собиқ президент тўлиқ текширувдан ўтиб, даволаниши кераклигини таъкидлаган.
Атамбаевнинг адвокати Замир Жоошев Жазони ижро этиш хизматига Атамбаевнинг даволаниши учун Москвага боришга рухсат сўраб мурожаат қилганини билдирган.
Алмазбек Атамбаев айни дамда Молдовановка қишлоғидаги №27 колонияда. Собиқ президент криминал авторитет Азиз Батукаевни ноқонуний равишда озод қилгани учун 11 йилу 2 ойга қамалган.
Собиқ президент тарафдорлари билан 2019 йилда Чуй вилоятининг Қўй-Тош қишлоғида икки кунлик тартибсизликлар чоғида ҳибсга олинган эди.