Дубнов: Қирғиз-Тожикистон чегарасида тартибсизлик маҳаллий исёнчилар ва контрабандачиларга керак

1017

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги тартибсизликлар маҳаллий ҳокимият органларига таъсир ўтказиш, гиёҳванд моддалар ва контрабанда йўлларини сақлаб қолиш учун фойдали деб ҳисоблайди Марказий Осиё бўйича эксперт Аркадий Дубнов. Шу боис, унинг фикрича, муроса топилган тақдирда ҳам вазиятни ҳозирги ҳолатга қайтаришга ҳаракат қилинади.

«Мен бу можаронинг сабаби ёки мақсадини жамоатчиликка айтилганини ҳеч қачон кўрмадим», —деди Аркадий Дубнов Россиянинг РБК нашрига. У аввал Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегарадаги можаролар маҳаллий аҳоли ўртасидаги зиддиятлардан келиб чиққанини эслатди. Бу сафар « [Тожикистон томондан] бирорта ҳам қоралаш йўқ».

«Шунинг учун, ушбу тадбирнинг ягона мақсади -  тартибсизликни етарлича юқори даражада ушлаб туриш, у таъсир кўрсатиши, гиёҳвандлик йўналишларини сақлаб туриши учун маҳаллий амалдорларга керак. Ҳудудда  эса инсон ҳаёти ҳеч нарсага арзимагани учун улар бунга кўз юмадилар», - дейди Дубнов.

«31 йил давомида давлатлар ўртасида шу каби 150 та низолар бўлди ҳамда жорий йилнинг ўзида 5 та можаро содир бўлди. Бунинг ўзи  ҳодиса сабабларини аниқлаш мумкин эмаслигини кўрсатади. Чунки томонлар бир-бирига ресурслар ёки ҳудуд бўйича талаблар қўймаяпти, деярли ҳар бир можаро маҳаллий аҳоли ўртасидаги тош отиш ёки ов қуролларини қўллаш натижасида келиб чиққан низолардан бошланади», — деди Дубнов «Коммерсант»га.

Ушбу нашрга берган интервюсида Дубнов тартибсизлик ва чегара масаласининг изга тушмагани  контрабанда билан шуғулланадиган, маҳаллий аҳоли ва элитага катта таъсир кўрсатадиган маҳаллий жиноий доиралар учун фойдали эканлигини тахмин қилган.

«Мумкин бўлган муроса қандай асосга асосланиши кераклигини аниқ билмаймиз ҳам.  Аммо бунга эришилган тақдирда ҳам,  вазиятни ҳозирги ҳолатга қайтаришга ҳаракат қилишади – ва буни қилиш осон бўлади», — деб ҳисоблайди Аркадий Дубнов.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги қуролли тўқнашув 14-сентябрда бошланиб, 16-сентябрда кучайди. Отишмалардан нафақат Боткен вилоятининг чегарага яқин қишлоқлари, балки чегарадан ўн километр узоқда жойлашган Боткен шаҳри ҳам жабрланган.

Қирғизистон расмийлари Боткендаги қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли можарода камида 59 киши ҳалок бўлган, 198 киши жароҳатланганини билдирган. Тожикистон ТИВнинг дастлабки маълумотларига кўра, можарода 41 Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Қирғизистон ҳукумати бу ҳодисани тажовуз ва тожик томони уюштирган ҳарбий ҳужум деб атади. Тожикистон томони ҳам воқеани агрессия деб атаб,  можарони авж олдиришда Қирғизистонни  айбламоқда.

Қирғизистон Чегара хизмати 18-сентябрь кечга яқин  чегарадаги вазият барқарорлашаётганини  хабар берди. 19-сентябрь куни эрталаб  вазият кескинлигича қолаётганини маълум қилган, бироқ маҳкама отишма ҳақида хабар бермаган.

Муаллиф: Виктор Мухин