Россия президенти Владимир Путин мамлакатда қисман ҳарбий сафарбарлик бошланганини эълон қилди. Бу ҳақда у 21-сентябрь куни қилган мурожаатида маълум қилди.
У ҳарбий хизматга фақат захирада бўлган, қуролли кучларда хизмат қилган россияликлар чақирилишини билдирди. У ҳарбий хизматга чақирилганлар ҳарбий қисмларга юборишдан олдин қўшимча тайёргарликдан ўтишини қўшимча қилди. «Ватанимиз ва бутунлигимизни ҳимоя қилиш учун қисман сафарбарлик зарур, деб ҳисоблайман», — деди Путин.
Россия президенти сафарбарлик 21 сентябрдан бошланишини таъкидлади.
Журналистлар шу пайтгача фақат «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси орқали Россия қамоқхоналаридаги маҳкумларни ёллашга уриниш ҳақида айтишган эди.
21-сентябрь куни эрталаб Россия Федерацияси мудофаа вазири Сергей Шойгу Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми бошланганидан бери 5 937 нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлганини маълум қилди.
Россиянинг Жиноят кодексида «Мобилизация»
21-сентябрь куни Россия Давлат думаси Жиноят кодексига «мобилизация», «ҳарбий ҳолат», «ҳарбий давр» тушунчаларини киритди.
Россиялик ҳуқуқ ҳимоячиси Павел Чиков лойиҳани ўрганиб чиқиб, россияликларнинг ҳарбий машғулотларда иштирок этиши мажбурий бўлишини, рад этиш эса «рухсатсиз лавозимни тарк этиш» билан баробар бўлишини айтди. Бундан бош тортганлар эса «ҳарбий ҳолат» шарти билан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ҳуқуқ ҳимоячиси қуролли тўқнашув вақтида қўмондоннинг буйруғига бўйсунмаслик жанговар ҳаракатларда қатнашишдан бош тортиш билан баробар эканлигини, икки йилдан уч йилгача қамоқ жазосига олиб келиши мумкинлигини қўшимча қилди.
Сафарбарлик ва ҳарбий ҳолат даврида ўзбошимчалик билан ҳарбий қисмни тарк этиш, аввалгидек беш йилгача эмас, балки етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ўз ихтиёри билан таслим бўлган россияликлар давлатга хиёнат белгилари бўлмаса, 3 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
«Жиноятни оғирлаштирадиган ҳолатлар рўйхатига “сафарбарлик даврида ёки ҳарбий мақомда, уруш даврида содир этилган” жиноятлар киради», - деб таъкидлади Чиков.
Бу Россиядаги қирғизистонликларга қандай таъсир қилади?
Ҳар йили Россия фуқаролигини оладиган ўн минглаб қирғизистонликлар учун бу Украина билан бўлган уруш хандақларига тез тушиш демакдир. Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2022-йилнинг биринчи олти ойида 10,6 минг қирғизистонлик Россия фуқаролигини олган.
Депутат Дастан Бекешевнинг сўзларига кўра, Россиядаги баъзи қирғизистонликлар ҳозирдан ҳарбийга чақирувларни ола бошлаган.
Юрист Бексултан Осмоновга кўра агар қирғизистонлик Россия фуқаролигини олган, лекин Қирғизистон паспортига эга бўлиб, сафарбарликка қатнашишни истамаса, у ҳолда тезроқ Қирғизистонга қайтиши керак. Чунки Россияда ҳарбий ҳаракатлардан қочганларга нисбатан жиноий иш очилиши мумкин. Бундай вазиятда Қирғизистон ўз фуқаролари манфаатларини ҳимоя қилиши ва Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари талабига биноан уларни бермаслиги керак. Бу ҳолатда қирғизистонликлар Россия фуқаролигидан маҳрум қилинади.
Адвокат Фотима Якупбаева Россия фуқаролигини олган қирғизистонликлар энди «қийин» қарор қабул қилишларига тўғри келади деган фикрини билдирди.
У Россия Федерацияси қонунларига кўра, Россия фуқароси фуқаролигидан воз кечиши ёки уни ўзгартириши мумкин эмас. Бироқ Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришлар жанговар ҳаракатларда иштирок этмаганлик учун жазо сифатида фуқароликдан маҳрум қилишни назарда тутиши мумкин дейди Якупбаева. Шундай қилиб, икки фуқаролиги бўлган шахсга нисбатан айблов ҳукми уни Россия фуқаролигидан маҳрум қилиш учун расмий асос бўлиши мумкин.
Қирғизистон Республикасининг «Фуқаролик тўғрисида»ги қонунининг 23-моддасига кўра, агар Қирғизистон фуқароси чет давлат ҳудудида қуролли тўқнашув ёки ҳарбий ҳаракатларда иштирок этса, бу фуқароликни йўқотиш учун асос бўлиши мумкин. Бу танловни қийинлаштиради.