Хавфсизлик кенгашининг котиби Марат Иманкулов Тожикистон Қирғизистон билан чегарасида қуролли жанжални тартибга солишдан манфаатдор бўлмаганини билдирди. Бу ҳақда у 20-сентябрда «Ала-Тоо 24» телеканалига берган интервьюсида айтди.
Иманкулов президент Садир Жапаров 2021-йили қирғиз-тожик чегарасидаги тўқнашувдан кейин Тожикистонга борганини ёдга олди. Ўшанда, жанжан сабаб 36 қирғизистонлик ҳалок бўлиб, 154 киши жабрланган. Тожик ҳукумати эса ўз тарафидан 19 киши ҳалок бўлиб, 87 киши ярадор бўлганини билдирган.
Унинг айтишича, ўша вақтда давлат раҳбари «халқ танқид қила бошлашини билиб турса ҳам» Тожикистон президенти Эмомали Рахмон билан гаплашиб келишга қарор қилган. «[Садир Жапаров] келгандан кейин у билан [Рахмон билан] гаплашиб бўлмайдиган экан-ку деб келган. [Садир Жапаров] жуда кўнгли қолиб келган. “Умуман тушунмайдиган одам экан, чегара масаласини ҳал қилай деган фикри ҳам йўқ шекилли” деб келган. Шундан кейин сезганмиз жанжал қайта такрорланишини», — деди Хавфсизлик кенгашининг котиби. 2022-йилнинг 20-сентябрида Садир Жапаров БМТнинг Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида сўзга чиққан. Жапаров ўз нутқининг аксарини 14-17-сентябрда Тожикистон билан бўлган қуролли жанжалга ажратган.
У тожик томон «аввал келишилган келишувларни бузиб, қирғиз-тожик чегарасининг барча периметри бўйича чегара ва фуқаролик объектларига ҳужум қилганини», бу тинч аҳолининг ўлимига сабаб бўлганини таъкидлаган.
Жапаров Қирғизистон Тожикистон билан «халқаро қоидаларнинг асосида, маданий ҳуқуқий йўллар билан диолог ўрнатиш жараёнини давом эттиришга» тайёр эканини қўшимча қилган.
«Қўшнимизнинг қонунга қарши сўнгги ҳаракатларининг оқибатида бизнинг ишончимиз пасайиб кетганини ҳисобга олиб, биз сўзлашувларни давом эттиришга халқаро, жумладан БМТ, ЕҲХТ ва КХШТ каби ташкилотларнинг воситачилигига ҳам тайёрмиз», — деб таъкидлаган Жапаров.
Сўзининг тугатаётиб Жапаров «Қирғизистон бошқа бировнинг ерига кўз солмаслигини, аммо ўз ерининг бир сантиметрини ҳам бермаслигини» эслатган.