Ҳокимиятдан ағдарилган Аскар Акаев қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли тўқнашув туфайли қирғизистонликларга мурожаат йўллади. Мурожаат матнини «Акипресс» эълон қилди. Аскар Акаев қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли тўқнашувни «тожик томони атайлаб тайёрланган тажовуз» деб атади.
«Тожикистон қўйган қуролли тўқнашув чегарада тўсатдан бошланган можаро эмас. Бу қуролли ҳужум — олдиндан тайёрланган, пухта режаланган босқинчилик ҳаракати натижасидир», - деб ҳисоблайди Акаев.
Унинг фикрича, Тожикистон томони Самарқандда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммити олдидан чегарадаги можарони қуролли ҳужум билан куч билан ҳал қилиш жараёнини қонунийлаштирмоқчи. Шунингдек, танклар, вертолётлар ва оғир реактив техника билан бостириб кириш Тожикистон Олий бош қўмондони, президент Имомали Рахмоннинг рухсатисиз амалга оширилмайди деб ҳисоблайди.
«Қирғизистон ҳудудига юзи қоралик билан бостириб кириб, фуқаролик инфратузилмаси – мактаблар, тиббиёт марказлари, болалар боғчалари, турар-жой бинолари, кўприклар, ирригация каналларини вайрон қилиш билан, маҳаллий аҳолини қадимий ҳудудидан сиқиб чиқариш мақсадини кўзлайди», - дея таъкидлади Акаев.
Шу билан бирга, 25 йил аввал Тожикистондаги фуқаролар урушини тугатиш тўғрисидаги келишувни Рахмон билан мухолифат ҳаракати етакчилари Бишкекда имзолаганини эслатди.
«У [Эмомали Раҳмон] Қирғизистон билан чегарадаги можароларини тинч йўл билан, дипломатик музокаралар йўли орқали, халқаро меъёрларга риоя қилган ҳолда ҳал қилиши мумкин эди. Аммо у бошқа – келажаги йўқ йўлни танлади [...] Адолат биз томонда, ғалаба бизники бўлади», — дея хулоса қилди Акаев.
Собиқ президент чегарада шаҳид бўлган аскарларни ёдга олди, уларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди, бутун қирғиз халқини бирдамликка чақирди.
Аскар Акаев ва чегара
Қирғизистоннинг биринчи қочқин президенти Аскар Акаев даврида чегара масаласи билан боғлиқ можаролар бўлган. 2002-йилда Жалолобод вилоятининг Ахси туманидаги Боспиек қишлоғи аҳолиси қирғиз ерларининг бир қисми Хитойга берилишига қарши митинга чиқишган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари норозилик намойишчиларга қарши қурол ишлатган, натижада олти киши ҳалок бўлган.
Ахсиликлар ватандоши, ўша пайтда депутат бўлган Азимбек Бекназаровнинг ҳукумат томонидан ҳибсга олиниши тартибсизликларга асосий сабаб бўлган. Ўшанда Бекназаров Акаевни давлатлар ўртасидаги давлат чегарасини делимитация қилиш бўйича Хитой билан бўлган келишуви учун танқид қилган.
Сиёсатчи Қирғизистон Узунгу-Кууш* дарасидаги ерларни Хитойга бера олмаслигини айтиб, Акаевга импичмент эълон қилишни таклиф қилган.
*Икки давлат ўртасидаги тузилган келишувга кўра, чегарани аниқлашда Узунгу-Кууш дарасининг 30%и Хитойга ўтган, 70%и эса Қирғизистонда қолган. 2002 йилда шартнома ратификация қилинди.
Ўшанда ҳужжат Қирғизистонда салбий қабул қилиниб, халқ Хитойга ер беришга қарши чиққан. Чунки қирғизистонликлар қадим-қадимдан Узунгу-Куушни ўз юрти деб билишган.
Хитой билан давлат чегарасининг узунлиги 1071,8 километрни ташкил этади. Делимитация бўйича музокаралар 2004 йилда якунланган. Узунгу-Кууш дараси Иссиқкўл вилоятининг 2800 гектардан ортиқ тоғли ҳудудини эгаллайди. Бу ҳудудда экин майдонлари йўқ, лекин бу ердан чорвадорлар яйлов сифатида фойдаланадилар.
Акаев эса 2021-йилда Узонгу-Куушни хитойларга сотган деган айбловларни яна бир бор рад этган.
«Ахси воқеаси. Бу фожиа менинг бошқарувим даврида содир бўлганидан юрагим эзилади. [...] Бунинг учун мен қирғиз халқидан узр сўрадим ва буни доим сўрайман», — деди у ўз баёнотида.
Акаев 2005-йилдаги «лола инқилоб»идан кейин мамлакатни тарк этган. У мамлакатни 15 йилдан ортиқ бошқарган. 2005 йилда Россияга қочиб, ҳозирда Москва давлат университети қошидаги Мураккаб тизимларни математик тадқиқотлар институтида катта илмий ходим бўлиб ишлайди.
Ҳукумат алмашганидан кейин 16 йилдан сўнг Акаев Қирғизистонга учиб келди. 2021-йил август ойида у «Қумтўр» иши ҳақида сўроқ берди. Акаевнинг келиши жамоатчиликда резонанс яратди. Айрим сиёсатчилар у мамлакатни бошқарган 15 йил давомида содир этган жиноятларини унутмасликка чақирган.
Чегарадаги қуролли можаро
Қирғизистон-Тожикистон чегарасида отишма 14-сентябрь куни бошланган. 16-сентябрда эса кескинлашди. Қирғизистон ҳукумати буни агрессия ва тожик томони уюштирган ҳарбий ҳужум деб атади. Тожикистон томони эса вазият кескинлашувида Қирғизистонни айбламоқда.
Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 19-сентябрь ҳолатига кўра, 59 киши ҳалок бўлган, 160 дан ортиқ киши жароҳатлангани ҳақида хабар берди.
Қирғизистон ФВВдан Боткен вилоятининг бир неча қишлоқларидан 130 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинганини, Ўш вилоятининг Чон-Олай туманидан эса 5301 киши хавфсиз жойга кўчирилганини билдирган. Боткен вилоятига 209 тонна инсонпарварлик ёрдами етказилди.
Тожикистон ТИВнинг дастлабки маълумотларига кўра, Тожикистон томонида 41 киши ҳалок бўлган, камида 28 киши жароҳатланган.
Муаллиф: Бегайим Талантбекова