Садир Жапаров ва Имомали Раҳмон чегарадаги қуролли можарони муҳокама қилди

402

Қирғизистон ва Тожикистон президентлари Садир Жапаров ва Имомали Раҳмон Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммити доирасида қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли можарони юзма-юз учрашувда муҳокама қилди. Бу ҳақда Жапаров маъмуриятидан маълум қилинди.

Хабарда таъкидланишича, давлат раҳбарлари тегишли тузилмаларга ўт очишни тўхтатиш, шунингдек, қўшинлар ва махсус воситаларни ортга қайтариш бўйича кўрсатмалар берган.

Қирғизистон президенти маъмурияти тўқнашувлар ҳолатлари ва сабабларини ўрганиш учун комиссия тузилишини маълум қилди.

Бундан ташқари, Жапаров ва Раҳмон Қирғизистон ва Тожикистоннинг давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукуматлараро комиссия ишини тезлаштиришга келишиб олдилар.

Садир Жапаров ва Имомали Раҳмон. Сурат: Қирғизистон президентининг сайти.

Чегарадаги отишмани тўхтатиш

Аввалроқ Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси соат 16:00 дан Қирғизистон ва Тожикистон қирғиз-тожик чегарасида тўлиқ ўт очишни тўхтатишга келишиб олганини маълум қилган эди.

Қирғизистон Чегара хизматининг хабар беришича, қирғиз чегарачилари тўқнашув жойларида аллақачон ўт очишни тўхтатган. Идора берган маълумотларга кўра, Тожикистон томонидан ўққа тутилиш интенсивлиги кескин пасайган, бироқ чегаранинг айрим участкаларида тожик ҳарбийлари вақти-вақти билан Қирғизистон позицияларини ўққа тутмоқда.

Чегара хизматининг қайд этишича, соат 17:00га келиб ҳам, Қирғизистон-Тожикистон чегарасида вазият таранглигича қолмоқда.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиевнинг сўзларига кўра, отишма бир-икки соат ичида бутунлай тўхтайди.

Қуролли можаро

16 сентябрь куни эрталаб Боткен вилоятида қирғиз-тожик чегарасида қуролли тўқнашув авж олди. Ундаги биринчи тўқнашувлар 14 сентябрь куни содир бўлган.

Қирғизистон Чегара хизмати маълумотларига кўра, икки давлат чегарасининг бутун периметри бўйлаб шиддатли тўқнашувлар содир бўлмоқда. Икки давлат расмийлари бир-бирини қуролли можарони бошлаганликда айблади.

Вазирликнинг таъкидлашича, Тожикистон жангларда оғир зирҳли техникалар ва самолётлардан фойдаланади. Агентлик маълумотларига кўра, бир қанча қишлоқлар, жумладан, вилоят маъмурий маркази Боткен шаҳри ҳам ўққа тутилган.

Тожикистон Чегара қўшинлари, ўз навбатида, Қирғизистон ҳарбий хизматчилари «барча турдаги индивидуал, гуруҳли қурол ва ҳарбий техникадан Тожикистон аҳоли пунктларини интенсив ўққа тутганини» маълум қилди. Бундан ташқари, баёнотда айтилишича, Қирғизистон томони Тожикистонни можаро давом этаётганликда айбламоқчи.

Қирғизистон расмийлари 16-сентябрда тўқнашув оқибатида 15 ёшли қиз снаряддан қочиб кетаётган вақтда портловчи снаряд бўлакларига тегиб ҳалок бўлганини хабар қилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 40 дан ортиқ қирғизистонлик жароҳат олган.

Тожикистон томони ўша кунги қурбонлар ёки ҳалок бўлганлар ҳақида ҳозирча расмий маълумот эълон қилмаган.

Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги департамент томонидан Боткен ва Лайлак вилоятлари аҳолиси эвакуация қилиниши учун вақтинчалик аҳоли пунктлари ташкил этилгани ҳақида хабар берди.

Қирғизистонликлар Бишкек ва Ўшда жабрланган ҳудудлар аҳолиси учун гуманитар ёрдам йиғиш пунктларини очдилар. Пойтахтдаги пунктларнинг манзиллари билан ҳавола орқали танишиш мумкин.