Қирғизистон-Тожикистон чегарасида отишма: Беш қирғизистонлик яраланди

290

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 14 сентябрь куни қирғиз-тожик чегарасида содир бўлган отишмада уч нафар қирғиз фуқароси яралангани ҳақида хабар берди. Бунгача икки қирғизистонлик чегарачиси миномётдан ўққа тутилганида жароҳатлангани маълум.

Вазирлик маълумотларига кўра, жароҳат олган уч нафар фуқаро Лайлак тумани умумий тиббий амалиёт марказига ётқизилган.

  • 31 ёшли И.К.Б. исмли аёлнинг бел қисмига тегиб, ошқозонига кириб кетган. У ички қон кетиш ва учинчи босқич травматик шокдан азият чеккани айтилган. Унинг аҳволи оғирлиги сабабли шошилинч жарроҳлик амалиёти ўтказилди;
  • 21 ёшли Г. у. Б исмли фуқарога «Бош териси йиртилган» ташхиси қўйилган. Шифокорлар вазиятни ўртача оғир деб баҳоламоқдалар;
  • 11 ёшли С. Н чап елкаси ва чап ёноғидан майда жароҳатлар олган. Аҳволи ўртача оғир деб баҳоланмоқда.

«Боткен вилоятидаги барча соғлиқни сақлаш ташкилотлари ва тез ёрдам хизматлари кучайтирилган тартибда иш бошлади. Беморларни қабул қилиш учун қўшимча каравотлар тайёрланди. Дори воситалари ва тиббиёт буюмлари, қон компоненти етарли миқдорда», — дейилади вазирлик хабарида.

Аввалроқ Қирғизистон Чегара хизмати Булоқ-Боши ҳудудида отишмада кичик миномётни портлатиш оқибатида икки чегарачи жароҳатлангани ҳақида хабар берган эди. Уларнинг маълумотларига кўра, миномёт снарядидан бир чегарачи енгил яраланган. Иккинчи аскарнинг танаси снаряд учқунлари билан тирналган ва мияси чайқалган.

Тожикистон расмийлари жабрланганлар ва қурбонлар ҳақида ҳозирча маълумот бермаган. Аммо «Азия-Плюс» Тожикистон нашри Ворухдаги касалхонадаги манбасига таяниб, отишмада бир тожик чегарачиси ҳалок бўлгани ва беш нафари яралангани ҳақида ёзди. «Озоди радиоси» бир киши ҳалок бўлгани, яна уч киши яралангани ҳақида хабар берди.

Чегарадаги отишма

14-сентябрь куни қирғиз-тожик чегарасида уч марта отишма содир бўлди.

Биринчи тўқнашув эрталаб Боткен туманининг Булоқбоши ҳудудида содир бўлган. Қирғизистон Чегара хизмати Булоқ-Бошидаги отишмани тожикистонликлар бошлаганини маълум қилди. Бунга Тожикистон чегарачилари отишмани қирғиз чегарачилари бошлади деб жавоб берди.

Соат 14:00 атрофида Боткен туманидаги Как-Сай ҳудудида отишма бошланди. Қирғизистон Чегара хизмати Тожикистон чегарачилари Қирғизистоннинг «Достук» чегара заставасига ўқ очганини маълум қилди. Қайд этилганидек, бунга жавобан қирғиз чегарачилари ҳам ўқ отишган. Отишма соат 14:40 да тўхтади.

Учинчи отишма соат 15:08 атрофида Боткен туманининг Паски-Ариқ ҳудудида содир бўлган. Қирғизистон Чегара хизмати тожик чегарачилари «Самаркандек» чегара заставасига ўқ отгани ҳақида хабар берди. Бунга жавобан Қирғизистон томони ҳам ўқ отгани хабар қилинмоқда. Отишма соат 16:12 атрофида тўхтади.

Тожикистон томони Как-Сай ва Паски-Ариқдаги отишма ҳақида ҳозирча маълумот бермади.

Қирғизистон Чегара хизмати 14-сентябрь соат 18:30 ҳолатига кўра, қирғиз-тожик чегарасида вазият кескин ҳолатда эканини билдирган.

Айни пайтда ҳар икки томон вакиллари жойида музокаралар олиб борди ва биринчи келишувга эришди. Шу тариқа, икки давлат чегара вакиллари чегарадаги вазиятни назорат қилиш учун Тўрт кўча ҳудудида бўлади ва давлатларнинг туман милиция бўлимлари ходимларининг шахсий таркиби ҳудудни назорат қилади.