Ўш шаҳрининг вице-мэри Марс Исаев муниципал мулкдаги Тўқтўғул истироҳат боғига уч қаватли «ИЗЮМ» меҳмон уйи ноқонуний қурилгани аниқланди. Бу ҳақда Ўш шаҳар прокуратурасидан маълум қилишди.
Хабарга кўра, Экология ва техника хавфсизлик бўйича давлат инспекциянинг ҳудудий бошқармасининг мутасадди ходимлари «шахсий манфаат учун, истироҳат боғининг ичидаги қурилиш ноқонуний эканини билиб туриб», меҳмон уйини фойдаланишга рухсат берган.
Прокуратурадан шу боис, «ИЗЮМ» меҳмон уйининг эгасига ва собиқ Давлат экотехинспекциясининг мутасадди ходимларига «Ваколатини суиистеъмол қилиш» моддаси билан жиноий иш қўзғалганини таъкидлашди. Ҳозирда тергов амаллари давом этмоқда.
«Тўқтўғул» истироҳат боғи Ўш шаҳрининг муниципал мулкига кирали. Бундан ташқари, боғларда қурилиш ва уй-жой қуришга Ер кодексининг 78-моддаси билан тақиқ қўйилган.
«ИЗЮМ» меҳмонхонаси
«ИЗЮМ» ресто-бари Ўш шаҳрининг вице-мери Марс Исаевга тегишли. Ушбу меҳмон уйи Ўш шаҳар кенгашининг депутатларига «чой» уюштиргани билан машҳур.
Ўш мэри Алмаз Мамбетов депутатларни ўтган йили 26 августда меҳмон қилган. Аммо депутатларнинг кўпчилиги «чой»ни мер уюштирганини тан олмаган. Улар турли баҳоналар билан, журналистларнинг саволларидан қочган.
Исаев «ИЗЮМ» раҳбари сифатида 2019 йили мэриядан фахрий ёрлиқ олган. Ўш шаҳар кенгашининг собиқ депутати, тадбиркор Марс Исаев 6-сентябрда Ўш шаҳрининг биринчи вице-мери бўлиб тайинланган.
Исаев аслида ким?
Исаев меҳнат фаолиятини 2006 йили президентнинг иш бошқармасида ишлай бошлаган. У 2009-2010 йилларда Жогорку Кенеш депутатининг жамоат ёрдамчиси, шунингдек «Нур Телеком (О!)” МЧЖида бош директорнинг ўринбосари бўлиб ишлаган.
Исаев 2011 йили қайта депутатнинг ёрдамчиси бўлиб, 2012 йили Молия вазирлигига қарашли Финанс назорат ва коррупцияга қарши курашиш бошқармасининг бош мутахассиси лавозимига тайинланган. Лекин у депутатга ёрдамчи бўлиб қолган.
2018 йили Исаев ҚСДП партиясидан Ўш шаҳар кенгашига депутат бўлиб келган. 2020 йили шаҳар кенгашига сайловда у «ҳукумат» «Биримдик» партиясидан номзод бўлган.
Шу билан бирга Марс Исаев тадбиркор қатори танилган. Унинг номида «Johnny PUB» (Джонни ПАБ) МЧЖи қайд этилган. Бундан ташқари у «Дорога бойсовского чемпионата РФЧ-ММА» федерацияси ва “«Арт Таймаш» маданиятни ва спортни қўллаб-қувватлаш” жамғармасини бошқаради.
Исаев вице-мэрлик лавозимига келгунга қадар «РосАгроМаркет-КГ» МЧЖга етакчилик қилган, аммо 2021 йилнинг 17 августида компаниянинг директори алмашган.
Бундан ташқари, Исаев аввал «Имар Строй» МЧЖига эгалилк қилиб келган, лекин жорий йилнинг июнь ойида қурилиш компания Эрнис Садиковнинг номига ўтган.