Қирғизистон билан Тожикистон чегара хизмати Тўрт-Кўча ҳудудини назорат қилишга келишиб олди

Қирғизистоннинг Боткен ва Тожикистоннинг Исфара йўналиши бўйича Чегара хизмати вакиллари Тўрт-Кўча ҳудудидаги вазиятни кузатишга келишиб олди. Бу ҳақда МҲДҚ Чегара хизмати хабар берди.

Унга кўра, икки давлат ҳуқуқ-тартибот идораларининг туман бўлими шахсий таркиби Тўрт -Кўча ҳудудида патрул-пост ишларини олиб боради.

Қирғизистон билан Тожикистон Чегара хизматининг Тўрт–Кўча ҳудудидаги застава бошлиқлари соат 19:30 да мазкур ҳудудда яна учрашади.

Боткен вилояти раҳбарияти ва Чегара хизмати вакиллари билан тожик томоннинг навбатдаги учрашуви эса Как-Сай ҳудудида бўлиб ўтади деб таъкидланди.

Чегара хизмати кечки соат 18:30га кўра, Боткен вилоятидаги қирғиз-тожик чегарасида вазият таранг деб баҳоланаётганини билдирган. Чегара хизмати мавжуд вазият бўйича қўшимча маълумот беришга ваъда берди.

Чегарадаги отишма

14-сентябрь куни эрталаб Боткен туманининг Булоқбоши ҳудудида қурол ишлатиш билан боғлиқ можаро қайд этилган. Музокаралардан сўнг отишма тўхтатилди.

Бироқ Чегара хизмати соат 14:00да Тожикистон томони «Достук» заставасини ўққа тутган, бунга қирғиз аскарлари жавоб қайтарганини билдирди. Соат 14:40 га келиб отишма тўхтади. Бироқ, Чегара хизмати 15:08 да яна отишма бошланганини қайд этди.

Тўқнашув натижасида икки қирғиз аскари яраланган. Миномёт снарядидан бир чегарачи енгил яраланган. Иккинчи аскарнинг танасини снаряд учқунлари шилиб ўтиб, мияси чайқалган.

Ҳар икки аскарга тегишли ёрдам кўрсатилиб, шифокорлар назоратида экани айтилди.

Ҳар икки томоннинг махсус хизматлари можарода бир-бирини айбламоқда.