Депутат Таштанбеков зўравонликда калта юбка кийган ўқувчиларни айблади. Нима учун бу нотўғри?

289

13-сентябрда парламентнинг ҳуқуқ тартиби, жиноятчилик билан курашиш ва коррупцияга қарши ҳаракатланиш бўйича қўмитасида ўлдирилган 14 ёшдаги қадамжойлик Айдай Кочкорованинг ўлими билан боғлиқ маълумот муҳокама қилинди.

Йиғилишда депутат Акбокон Таштанбеков айрим бир ўқувчи қизлар жуда қисқа юбка кийиб олиб зўравонлик қилган шахсларни йўлдан урмоқда деди.

«Мигрантларга иш бера олмаганидан кейин ҳеч бўлмаганда шуларнинг фарзандларини рўйхатга олиш керак [...] Айрим бир ўқувчи қизлар жуда қисқа кийган. Менимча баъзан қизлар провокация қилмоқда. Оддий одам ўтиб кетаётса уни сезмайди, аммо педофилга ўхшаганлар уларни сезиб ортидан тушмоқда. Шунинг учун ота-оналар, ўқитувчилар, жамиятнинг ҳаммаси, ўша масалани ҳал қилиш яқин кишиларнинг ҳаммаси [масалани] ҳал қилишимиз керак. Шунингдек қонун эмас, бутун жамият бу билан курашиш керак. Мен айтаётган қисқа юбкадан бошлаб, участка нозирлари ўша болаларга, ота-оналарга бориб, ҳеч бўлмаганда бир ҳафтадами, бир ойдами, бир бориб, назорат қилиб, нима қилмоқда, кимлар билан юрибди ва сиз айтаётгандай бегона машиналарга ўтирмайдиган қилиб», — деди депутат.

Ички ишлар вазирининг ўринбосари Нурбек Абдиев суриштирув жараёни ҳақида маълумот берди. У қизни ўлдиришда гумонланиб тўрт нафар фуқаро қўлга олинганини, тез орада иш судга ўтишини билдирди. «Биз нима учун бундай бўлганини таҳлил қиляпмиз. Қизнинг ота-онаси Россияда ишлайди — яқиндагина кетишган экан. Қиз мактабда яхши ўқувчи экан. Биз у қандай қилиб тўрт нафар ўғил бола ўтирган машинага ўтирганини аниқлаймиз», — деди у.

Депутат Эмил Жамгирчиев ҳамкасбига мамлакатда зўравонлик «сурункали» бўлиб қолганини — ҳар ойда биттадан-иккитадан бўлаётганини эслатди. У балки депутатлар нотўғри қонунларни қабул қилаётгандир деб тахмин қилмоқда. Унга кўра, содир этилган жиноятни муҳокама қилмасдан олдини олиш ишларини амалга ошириш зарур.

Ҳақиқатчи баёноти

Депутатлардан кейин ҳақиқатчи Атир Абдрахматова сўзга чиқди. У зўравонлик учун вояга етмаганларнинг ўзларини айблашдан олис бўлишга чақирди.

«Ҳозир умумий маълумотни тингладик. Болаларга нисбатан зўравонлик масаласида болалар ўзлари айбдор, чунки интернетда ножўя нарсаларни кўриб, шуларни такрорлашади, интернет клубда ўтиришади ва бошқа деб, афсуски, болаларнинг ўзини айбдор қилиб қўйдингларда. Ўша зўравонлик, жинсий тажовуз бўйича ёш ўсмирлар, 18 ёшгача бўлганлар қанча жиноий ишни қилган ва 18дан юқорилари қанча жиноят қилган?» — деди ҳақиқатчи .

Вазир ўринбосари ушбу саволга жавоб бера олгани йўқ. Шунда Абдрахматова Бош прокуратуранинг маълумотларини келтирди. У 2021 йили вояга етмаганлар томонидан 5 зўрлаш ҳолати ва катталар томонидан 38 ҳолат қайд қилинганини билдирди.

«Болалар ўзи айбдор, болаларнинг юриш-туриши сабаб дейишмоқда. Аслида болаларнинг жинсий, тана хавфсизилигига масъул бўладиган биз катталармиз. Ўзимиз намуна бўлишимиз лозим. Ўша жиноятга қўл ураётганлар, афсуски, тан олиш керакки, ҳозирги Қадамжойдаги воқеада ҳам уч нафар гумондор, учаласининг ҳам ёши 18дан катталар. Улар ёш болалар эмас», — деди Абдрахматова.

Нима учун Таштанбековнинг сўзлари нотўғри?

Виктимблейминг — бу жиноят учун айбни қисман ёки тўлиқ зўравонлик қурбонига юклаш. Бошқача қилиб айтганда, виктимблейминг —одамлар жиноятни қоралаш ўрнига, жабрланувчини айблаб, жиноятчини оқлашга ҳаракат қиладилар, масалан, у васвасага солди, ўзини ёмон тутди, у ерга ўзи борди, агар ғунажиннинг кўзини сузмаса, буқа қаёққа сакрарди деган каби сўзларни айтишади.

Таштанбековнинг сўзлари — ўша виктимблейминг, жиноятдан жабрланган одамни унга ўзи сабабчи деб айблаш ҳисобланади.

Нима учун виктимлейминг хавфли?

Виктимблейминг кўпинча жабрланувчини ва уларнинг яқинларини қайта жабрланишига олиб келади. Бу зўравонликни нормаллаштиради. Виктимблейминг аслида жабрланувчи содир бўлган нарсага лойиқ деган фикрга асосланади. Шунинг учун ҳам айримлар Қирғизистонда асосан аёллар ҳақида гап кетганда уларни калтаклаш, зўрлаш, ўлдириш мумкин, дейишади. Чунки улар «ўзини нотўғри тутган», «кўзини сузди», «ўзлари машинага ўтирди», «кечқурун кўчада юришган», «тамаки чекиб, спиртли ичимлик ичган», «очиқ кийим кийган» ва ҳоказоларни қилиб юришган дейишади. Виктимблейминг сабабли, жабрланувчи сўзга қолишдан қўрқиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилишдан бош тортади.

Виктимблейминг жиноятчиларни эмас, балки зўравонлик қурбонларини чеклайди. Жамият жабрланувчи учун бир қатор қоидаларни ишлаб чиқиб, қурбон бўлмаслик учун уларга риоя қилиш керак деб ҳисоблайди. Масалан, бўяниш ёки калта юбка кийиш ярамайди. Бу қоидалар ҳақиқатга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Мисол учун, аёлни зўрлашдан ҳимоя қиладиган универсал кийим йўқ. Бутун дунёдаги рассомлар зўрланган қизлар ва аёллар нима кийганини кўрсатиш учун бир неча бор сурат кўргазмалари ўтказдилар. Кўпинча улар оддий жинси шимлар ва футболка кийиб юришган.

2018 йилда Тўқмоқдаги зўравонлик қурбонларига бағишланган What Were You Wearing? (Қандай кийинган эдингиз?) деб номланган кўргазма бўлиб ўтди. У ерда жинсий зўравонликка учраган аёлларнинг кийимлари кўргазмага қўйилган.

Муаллиф кўргазма орқали зўрлашга бўлган аёл ёки қизнинг калта шими, калта юбка ёки кўйлакнинг чуқур кесилган ёқаси сабаб бўлади, деган шаклланган ғояни (стереотип)ни инкор этмоқчи бўлган. Кўргазмада оддий футболка, жинси шим, рўмол, халат ва бошқа шу каби кийимларда юриб зўрланган қизлар ва аёлларнинг кийимлари намойиш этилди.

«Қандай кийинган эдингиз?» кўргазмаси

Шунинг учун жабрланувчилар учун кўплаб қоидалар мавжуд, аммо ҳеч ким жиноятчилар учун бундай кўрсатмалар яратмайди. Одамлар тажовузкорлар аёлларга тегмоқчи бўлганларида, зўравонлик қилишни хоҳласалар, ўзларини назорат қила олмаганда, нима қилиш ва қаерга бориш ҳақида камроқ гапиришади.

Агар шундай бўлса, аёллар кўриниб туриши, уларнинг ҳаёти билан ижтимоий фаолиятини чеклаши керак, тажовузкор эса унинг хатти-ҳаракатларини тузатиш учун ҳеч нарса қилмаслиги керакми?

Виктимблейминг тажовузкорнинг қўлини озод қилади. Қирғизистонда жинсга асосланган зўравонлик воқеаларини (оилавий зўравонлик, зўрлаш, мажбуран турмуш қуриш мақсадида одам ўғирлаш ва ҳ.к.) содир этганлар жазоланмайди. Суд муҳокамасига камдан-кам ишлар етиб боради ва ҳатто судья уни айбдор деб топган кунида ҳам у қамоқ муддатини олмайди.

Ўқувчи қизнинг ўлдирилиши

Ўсмир қиз 5 сентябрь куни ўлдирилгани маълум бўлди.

Унда милициядан 4 сентябрь куни Ўш-Раззоқов автомобиль йўлининг 146-километрида жойлашган Ноогардан қишлоғидаги сув тошқини ўтказувчи туннелдан номаълум қизнинг жасади топилганини билдиришган.

Воқеа жойига келган милиция ходимлари қизнинг қўллари орқасига боғлангани, бўйнида арқон билан бўғиб ўлдириш излари борлигини аниқлади.

Мазкур ҳолат юзасидан «Қотиллик» моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, суд-тиббий экспертиза тайинланди. 5 сентябрь куни жиноятда гумонланиб Қадамжой туманининг 1995, 1997 ва 1998 йилларда туғилган уч нафар фуқароси қўлга олинди. Гумонланувчилар вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилди.

Бош прокуратура матбуот хизмати «Азаттык»га тегишли экспертизалардан сўнг «Зўрлаш» моддаси бўйича ҳам иш қўзғалиши мумкинлигини маълум қилди.