Норинда прокуратура ходимлари учун уй қурилди

296

Норин вилоятининг Қўчқор туманида прокуратура ходимлари учун қурилган уйлар фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда 12-сентябрда Бош прокуратуранинг матбуот хизмати хабар берди.

Бош прокурор прокуратуранинг ходимлари учун қурилган уйда. Сурат: Бош прокуратуранинг матбуот хизмати.

Очилиш маросимида бош прокурор Қурманқул Зулушев, президентнинг Норин вилоятидаги ваколатли вакили Алтинбек Эргешов, прокуратуранинг ходимлари ва туман аҳолиси иштирок этди.

«Бугунги кунда прокуратуранинг ходимлари коррупция ва қонунбузарликларга қарши фаол кураш олиб бормоқда. Шундай экан, ҳар бир ходим учун шароит яратиш бизнинг бурчимиздир. Етарлича иш ҳақи тўлаб, уй-жой билан таъминлаб, меҳнат қилиш учун шароит яратиб берсак, қонунбузарлик бўлмайди», — деди Зулушев.

Бунга қадар прокуратуранинг ходимлари учун хизмат уйлари Талас вилоятида очилган эди. Бу 32 хонадонли турар жой эканлиги айтилган.

Хизмат уйлари нафақат прокуратура ходимларига, балки МХДҚ ва чегара хизмати ходимлари учун ҳам қурилмоқда.