Карл III расман Буюк Британия қироли деб эълон қилинди. Қиролича Елизавета II 8-сентябрда вафот этгандан кейин қонуний турда тахт унинг тўнғич ўғлига ўтган.
Янги ворисни тахтга чиқариш тадбири Лондондаги Сент-Жеймс саройида ўтди. Одатда, тахтни ўтказиб бериш анъанаси аввалги бошқарувчи вафот этгандан кейин бир кун ичида амалга оширилади. Бироқ қироличанинг ўлими тунда маълум бўлгани сабаб, бу сафар тадбир кейинроқ қилинди.
Тадбирда Карл III қироличанинг муҳаббатига ва ҳурматига таъзим бажо келтирди. Шундан кейин у Англия, Шотландия, Уэльс ва Шимолий Ирландияга анъанавий қасамёд қилиб, уни тасдиқловчи ҳужжатга қўл қўйди.
8-сентябрда Буюк Британиянинг қироличаси Елизавета II 96 ёшида кўз юмган. У Буюк Британияни 1952-йилдан бошлаб 70 йил бошқарган. Унинг ўлими сабабли Буюк Британияда 10 кунлик мотам куни эълон қилинди.