Депутат 14 ёшгача бўлган болаларга чип тақиб, телефон қўлланишини тақиқлашни таклиф қилди

200

Депутат Жусупбек Коргонбай ўғли 14 ёшгача бўлган болаларга қонун асосида телефон қўлланишни тақиқлаш таклифини берди. У бундай ташаббусни «Ата-Журт Қирғизистон» фракциясининг йиғинида кўтарди, у ерда болаларга нисбатан зўравонлик масаласи ҳам муҳокама қилинаётган эди.

«14 ёшгача бўлган ўқувчиларга телефонлардан фойдаланишни қонун доирасида тақиқлашни таклиф қиламан. Ҳозир технология тараққиёти асри, агар боламни топа олмай қоламан, қизимни тополмай қоламан десангиз чип киргизиб қўйинг. Чип ёки бошқа нарса. Бу телефоннинг ичида нималар йўқ дейсиз. Жамиятимизни бир тарбиявий томонини ўйласак, 14 ёшгача қонун турида телефонни тақиқлайлик», — деб таклиф қилди депутат.

Коргонбай ўғли «Ата-Журт Қирғизистон» фракциясининг лидерига мурожаат қилиб, ундан ташаббусини парламент йиғинида ҳам кўтариб чиқишни илтимос қилди.

Болаларга нисбатан зўравонлик

Коргонбай ўғли бу ташаббусини Қадамжойда ўлдирилган 14 ёшли қизниинг ўлими бўйича иш кўрилаётган бир вақтда кўтарди. Бош прокуратура қиз зўрланганини ҳам айтган.

5-сентябрда қизни ўлдиришда гумонланиб Қадамжой туманининг 1995, 1997 ва 1998-йили туғилган уч турғуни қўлга олинган. Улар Ўш шаҳридаги ТИЗО-5га киргизилган.

Ўсмир қизнинг ўлдирилиши жамоат резонансини пайдо қилиб, болаларга нисбатан зўравонлик масаласи қаттиқ муҳокамага олина бошлаган.

ИИВнинг маълумотига кўра, Қирғизистонда 2022-йилнинг бошидан бери болаларга нисбатан 400дан ортиқ зўравонлик факти қайд этилган. Бу 400 фактдан 55таси — жинсий характердаги зўравонлик.

Айни вақтда болаларга нисбатан зўравонлик фактлари йилдан-йилга ўсмоқда. Июль ойининг охирида ички ишлар вазири Улан Ниязбеков балоғатга етмаганларга нисбатан жиноятларнинг сони ўсганини билдирган.

Болаларга нисбатан зўрлик-зўравонлик кучайиб бораётган бир паллада парламент педофилларни кимёвий кастрациялашни таклиф қилишди. Жогорку Кенешда ўлим жазосини киргизиш таклифи ҳам айтилган.