Бишкекнинг Биринчи май туман суди "Ихсан" уй-жой кооперативининг етакчиси Акинай Бекмурзаеванинг эҳтиёт чорасини кўриб чиқиб, уни қамоқда қолдириш қарорини чиқарди. Бу ҳақда «Азаттык» нашри суд матбуот хизматига таяниб ёзди.
Суд қарорига кўра, Бекмурзаева 8-ноябрга қадар №1 тергов қамоғида сақланади.
«Ихсан» раҳбарининг ҳибсга олиниши
Акинай Бекмурзаева 2022-йилнинг 12-июлида ҳибсга олинган. Унга жиноят ва жазо кодексининг “Товламачилик” ва “Ишониб берилган мулкни эгаллаб олиш ёки сарфлаш” деган моддалар асосида айб қўйилган.
Ушбу моддага кўра, унга мол-мулки мусодара қилиниб, уч йилгача муайян лавозимни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.
Аммо мулк эгасига ёки бошқа мулкларга етказилган зарар ихтиёрий равишда қопланган тақдирда у жиноий жавобгарлик ва жазодан қутилиб кетиши эҳтимол.
«Ихсан» кооперативи
«Ихсан Групп ЛТД» уй-жой қурилиш кооперативи Қирғизистонда 2020-йилда ўз фаолиятини бошлаган. Кооператив раҳбариятининг сўзларига кўра, шу вақт ичида у 3 мингдан ортиқ кишига уй-жой ёки автомобиль сотиб олишга ёрдам берган. 7000 нафардан ортиқ одам кўчмас мулк ёки автомобиль олиш учун навбатда турибди.
Жорий йил бошидан буён Ўш ва Бишкекда «Ихсан» кооперативи аъзолари томонидан бир неча норозилик акциялари бўлиб ўтган. Улар инвестиция қилинган маблағларга қарамай, ваъда қилинган уй-жойни ўз вақтида олмагани учун норозилик намойишига чиқишганини айтишган. Улардан баъзилари пулни қайтаришни талаб қилишган.
2022-йилнинг апрель ойида Ички ишлар вазирлиги «Ихсан Групп ЛТД» компаниясининг раҳбарият фирибгарликда гумон қилингани хабар қилинган эди.
«2022-йилнинг март ойи бошидан буён «Ихсан Групп ЛТД» кооперативига аъзо бўлган фуқаролардан республиканинг барча ҳудудларидан кўплаб мурожаатлар келиб тушган. Кооператив аъзолари шу кунгача ваъда қилинган уй-жой, автомашинани олмаган. Аъзоликдан бош тортган фуқаролар ўз пулларини қайтариб бера олмайди», — деди ИИВ Бекмурзаева қўлга олинганидан кейин.
Кейин милиция етказилган зарар миқдори 121 миллион 313 минг сомни ташкил этганини қайд этган. Биринчи май туман суди маълумотларига кўра, бу иш бўйича етказилган зарар 114 миллион 615 минг сомни ташкил этади.