Фаол Эмил Бекиев «Фейсбук» ижтимоий тармоғи орқали «миллатлараро адоват уйғотувчи» «провокацион постлар» учун қўлга олиниб, ҳибсга олинди. Бу ҳақда 7-сентабрда Миллий хавфсизлик давлат қўмитасинигг матбуот хизмати хабар берди.
Унга нисбатан «Ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли бўлмаган зўравонлик қўллаш ёки уни қўллаш билан таҳдид қилиш орқали ирқий, этник, миллий, диний минтақалараро адоватни қўзғатиш» (330-модда 2-қисми 1-банди Қ.Р. Ж.К) бўйича айб қўйилган. Ушбу моддага кўра, у беш йилдан этти йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
«Қўлга олинган шахс тергов ҳаракатлари давомида Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторига жойлаштирилди. Ҳозирда тергов қилинаётган жиноят иши доирасида судга юбориш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда», — дейди МХДҚ.
Фаолнинг Россиядан депортация қилиниши
Бекиев 6-сентябрда Россиядан депортация қилинган. Қирғизистон махсус хизматининг хабар қилишича, бунга фаол Россия қонунларини бир неча бор бузгани сабаб бўлган.
Ижтимоий тармоқда Бекиевнинг иши бўйича Россиянинг Федерал хавфсизлик хизматининг Москва вилояти бўйича бошқармасининг судга йўллаган ҳужжати жойлаштирилган.
Унда Бекиев «экстремист фаолиятларга қўшилиб, радика ислом тарафдори сифатида диний ва этник устунлик ғояларига таяниб, Марказий Осиё давлатларидан келганларнинг орасида экстремистик ғояларни тарқатиб юргани» айтилади.
Бундан ташқари, ҳужжатда Қирғизистонда Бекиевга нисбатан «ирқий, этник, миллий, диний ва миллатлараро адоват қўзғатиш» моддаси бўйича жиноий иш очилгани ҳам қайд этилган.
Кейинроқ Бекиев Қирғизистонга олиб келинган. 7-сентябр куни эрталаб суриштирувчи журналист Тинистан Асипбек фаол Россиядан учиб келгандан кейин аэропортда қўлга олинган вақтда тасвирга олинган видеони эълон қилган.
Собиқ депутат Орозим Нарматованинг айтишича, Бекиев айнан Қирғизистон томонининг илтимосига биноан Россиядан депортация қилинган. Бироқ бу ҳолат Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан ҳали тасдиқланмаган.
Эмил Бекиев ўзи ким?
Эмил Бекиев YouTube канали орқали Қирғизистонда содир бўлган воқеалар, жумладан, расмийларнинг ҳаракатларини танқид қилиб келган. Унинг каналига беш ярим мингдан ортиқ одам обуна бўлган. Бекиевнинг Фейсбукда Жетим-Тоо ҳақида пост қўйгани учун ҳибсга олинган 19 ёшли фаол Ирис Жекшеналиевни озод қилишга чақирган сўнгги видеоси тўрт юздан ортиқ марта кўрилди.
2021-йилнинг ноябрида Бекиев «Бутун Қирғизистон» партиясининг ҳибсга олинган тарафдорлари қаторида бўлган. Ўшанда улар Москвада партия рамзлари ва Қирғизистон байроқлари туширилган автомобиллар маршини уюштиришган.
Маълумотга кўра, акциянинг ташкилотчиси Эмил Бекиев бўлган. Кейин рухсат этилмаган митинг ва жамоат тартибини бузгани учун 15 суткага ҳибсга олинган.