Садир Жапаровга жинсий жиноятлар бўйича 18 ишни шахсий назоратга олиш илтимоси айтилди

378

«Сезим» кризис маркази президент Садир Жапаровдан ташкилот томонидан кўриб чиқилаётган жинсий қилмишлар бўйича 18 ишни шахсий назоратига олишни илтимос қилди. Бу ҳақдаги мурожаатини марказ Фейсбукдаги саҳифасида эълон қилди.

«Қадамжойдаги ўсмир қизнинг жинсий зўравонлик оқибатида ҳалок бўлишига нисбатан фикрингизни ижтимоий тармоқлардан ўқидик. Бу жиноят ишини  шахсий назоратингизга олганингизни билдик. Шу сабабли марказ томонидан кўриб чиқилаётган яна 18 та жинсий жиноятлар ҳолатини шахсий назоратингизга олишингизни илтимос қиламиз. Бу жиноят ишларидаги тақдирлар ҳам қадамжойлик вояга етмаган қизнинг тақдири каби аянчли», — деб айтилади марказнинг мурожаатида.

Марказнинг маълумотига кўра, жинсий жиноятга боғлиқ 18 ишнинг 9 таси вояга етмаганларга нисбатан содир этилган, жабрланганларнинг ёши эса 5 ёшдан 78 ёшгача.

Шунингдек, ташкилотдагилар, «мазкур жиноятлар бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш жараёнлари 2 йилдан 10 йилгача чўзилиб, суддан судга ўтказилиб, жиноятчилар ўз жазосини олмай келаётганини» таъкидлашди.

«Жазосиз жиноятлар такрорланади. Шу сабабдан ҳар бир иш бўйича адолатли жазо берилиши керак. Умид қиламизки, ушбу жиддий муаммо бўйича қатъий чоралар кўрилади. Бу аёллар ва қизларга нисбатан дискриминацияга қарши кураш, зўравонликка барҳам бериш бўйича халқаро шартномаларни имзолаган Қирғизистонни жаҳон ҳамжамияти олдида ҳам, халқимиз олдида ҳам обрўсизлантиради», — дейилади «Сезим»нинг мурожаатида.

Кризис маркази президентга Садир Жапаров ўлдирилган 14 ёшдаги қадамжойлик қизнинг ишини шахсий назоратига олган бир вақтда мурожаат қилди. Қизнинг жасади Ногардан қишлоғининг жанубий тарафидан ўтган Ўш — Раззақов авто йўлидаги сел ўтувчи тоннелдан топилган.

Воқеа жойига келган милиция ходимлари қизнинг қўллари ортига боғланганини, бўйнида ип билан бўғишдан қолган излар борлигини аниқлаган.

Мазкур факт бўйича милиция «Қотиллик» моддаси бўйича жиноят ишини қўзғаб, суд-тиббий экспертизаси тайинланган. 5-сентябрда қизнинг ўлимида гумонланиб Қадамжойнинг 1995, 1997 ва 1998-йили туғилган уч турғуни қўлга олинган. Улар вақтинча сақлаш жойига киргизилиб, тергов олиб борилмоқда.

Қирғизистонда болаларга нисбатан зўравонлик

Ички ишлар вазирлигининг маълумотига кўра, Қирғизистонда 2022-йилнинг бошидан буён болаларга нисбатан 400 дан ортиқ зўравонлик ҳолатлари қайд этилган. Ушбу 400 та фактдан 55 таси жинсий зўравонликдир.

Айни пайтда болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари йил сайин ортиб бормоқда.

2022-йилнинг июль ойи охирида ички ишлар вазири Улан Ниёзбеков вояга етмаганларга нисбатан жиноятлар сони ортгани ҳақида хабар берган эди.