Бишкекда сиёсий таъқибларга қарши митинг ўтди

Бишкекда 30-августда қамоқдаги фаоллар Адилет Балтабай билан Ирис Жекшеналиевни қўллаш, шунингдек сиёсий тақибларга қарши митинг ўтди.

Ҳукумат уйининг олдига ўн нафарга яқин киши йиғилиб, ҳукуматдан сиёсий таъқибни тўхтатишни талаб қилишди. Митингга келган милиция ходимлари тўпланганлардан тарқаб кетишни сўради, акс ҳолда итоатсизлик учун ҳибсга олишларини айтишди.

Милиционерлардан бири йиғилганларга Биринчи Май туман судининг 13-апрелдан 1-сентябргача тинчлик йиғилишларини ўтказишга солган тақиқининг қарорини ўқиб берди. Ҳужжат Россия элчихонасининг, Президент администрациясининг, Миллий хавфсизлик қўмитасининг биноси олдида ва «Ала-Тоо» майдонида митинг ўтказишни тақиқлайди. Шу билан бирга, «Ала-Тоо» майдонида давлат ва муниципал тадбирларни ўтказиши мумкин.

Милиция ходимлари митингларга Максим Горкий номидаги паркда рухсат берилганини айтгандан кейин тўпланганлар мазкур паркка жўнаб кетишди.

Аввалроқ омбудсман Атир Абдрахматова митингни тақиқловчи қарор ҳар бир фуқарога тинч намойиш ўтказиш ҳуқуқини берувчи Конституцияга зид эканини айтган эди.

Фаолларнинг қўлга олиниши

Фейсбукдаги «Полит Узник» саҳифасининг администратори ва фаоли Ирис Жекшеналиев 14-августда МХДҚнинг собиқ етакчиси Абдил Сегизбаевнинг Норин вилоятидаги Жетим-Тоо кони бўйича айтган эски видеосини эълон қилгани учун ИИВга сўроққа чақирилган.

Ўша куни милиция Жекшеналиевни қўлга олиб, унга нисбатан «Оммавий тартибсизликлар» («Ҳукумат вакилларининг қонуний талабларига фаол тарзда бўйсунмаслик ва оммавий тартибсизликларга чақириқлар, шу билан бирга фуқароларга зўравонлик кўрсатишга чақириқлар») моддаси бўйича жиноят иши қўзғагани маълум бўлган.

16-августда Бишкекнинг Биринчи май туман суди Жекшеналиевни икки ойга қамоқда қолдирган.

Фаол ва Next TV телеканалининг штатдан ташқари ходими Адилет Балтабай эса 30-июнда «Оммавий тартибсизликлар» моддаси бўйича жиноят иши доирасида қўлга олиниб, Бишкек шаҳар ИИБнинг вақтинча сақлаш жойига киргизилган.

Балтабай қўлга олинганини сиёсатчи Равшан Жээнбеков айтиб чиққан. Унинг фикрича, фаолга фуқаролик позициясини очиқ айтгани учун ўйлаб топилган жиноят иши қўзғалган. 27-июлда Биринчи май туман суди Балтабайни ТИЗО-1га қамоққа олган.