Депутат Токторбаев экс-президентларни айрим имтиёзлардан ажратишни таклиф қилди

317

Жогорку Кенешнинг «Ата-Журт Қирғизистон» фракциясининг депутати Женишбек Токторбоев собиқ президентларни айрим имтиёзлардан маҳрум этишни таклиф қилди. Қонун лойиҳаси 23- августда парламент сайтида жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Депутат мазкур лойиҳа билан собиқ президентларни давлат дачаси ва алоқа хизматларидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум этишни, шунингдек, уларга давлат қўриқлаш хизмати ва коммунал хизмат кўрсатишнинг давлат бюджетидан молиялаштиришни тўхтатишни таклиф қилди.

Ҳужжатга кўра, собиқ президент янги сайланган президент хизматига киришган вақтдан тортиб бир ой ичида давлат қароргоҳининг ҳудудида жойлашган кўчмас мулк объектларидан фойдаланишни тўхтатиши керак. Шунингдек собиқ президент давлат қўриқлаш хизматини ўз ҳисобидангина фойдалана олиши айтилади.

Депутат бундай чора-тадбирлар бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш мақсадида зарурлигини таъкидлади.

«Жаҳон амалиётига мурожаат қиладиган бўлсак, Туркия иқтисодий қудрати бўйича дунёдаги энг кучли йигирмата давлати қаторига кирганидан, Туркиянинг собиқ президентлари барча имтиёз ва кафолатлардан фойдаланса бўлар эди, бироқ Туркиянинг собиқ президентлари ўз ваколатларини топширгандан кейин, давлат ҳисобидан пенсиягина олишди. Шу каби амалиёт Украинада ҳам шаклланган, 2014 йилдан бери ҳукумат барча собиқ амалдорлар учун енгиллик ва имтиёзларни бекор қилганини эълон қилган», — дейилади ҳужжатда.

Ҳозирда собиқ президентлик мақоми Сооронбай Жээнбеков билан Роза Отунбаевадагина бор. Бунга қадар фуқаролар уларни мазкур мақомдан ажратиш учун қўл тўплай бошлашган.

Собиқ президентлар Алмазбек Атамбаев, Аскар Акаев ва Курманбек Бакиев эса мақомдан ажратилган.

Қонунга кўра, экс-президентлар умрбўйича давлат қўриқлаш хизмати билан таъминланади, шунингдек давлат дачаларидан бирини умр бўйича фойдаланишга олишади. Шунингдек экс-президент аэропорт ва аэровокзалларни, жумладан темир йўл вокзалларининг расмий делегацияларга мўлжалланган залларини, ундан ташқари, давлатга қарашли алоқа хизматидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Пенсия ёшига етгунча экс-президент президентлик ойлик маошининг 75 фоиз миқдорида ҳар ойда умрбод пул олишга ҳақли.