Президент Садир Жапаров 1-сентябрга қадар рақамлаштиришга ўтмаган вазирлар хизматдан олинишини билдирди. Бу ҳақда 20-августда Фейсбук саҳифасига ёзди.
Жапаров аввалроқ Рақамли тараққиёт вазирлигига бир йиллик муддат берилиб, рақамлаштириш бўйича вазифа қўйилганини таъкидлади.
«Жадвалда кўриниб тургани каби қайси вазирлик тўлиқ маълумотларини 1-сентябрга қадар бермаса, 2-сентябрь куни ўз хоҳишингиз билан аризангларни ёзиб кетаверсанглар бўлади. Рақамлаштиришга ўтишни хоҳламаган вазирлик ёки давлат идоралари коррупциялашган идоралар. "Олдингидек қоғоз билан ишлаб, ўғирлаб яшайверамиз" деганлар деб биламиз», — деди Жапаров.
Жапаров эълон қилган жадвалда МСК, Миллий Банк, Иқтисод ва тижорат вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Энергетика вазирлиги, ИИВ, Олий суд, Миллий статистика қўмитаси ҳамда Монополияга қарши тартибга солиш хизматигина ҳисобот берганини кўриш мумкин.
Электрон тизимга ўтиш
Бунга қадар вазирлар маҳкамасининг раиси Ақилбек Жапаров давлат идораларига муассасалараро ва ички хизмат хат алмашувларини 11-майдан бошлаб электрон ҳужжат айланма тизими орқали олиб боришни топширган.
Январнинг бошида у барча давлат идоралари тўлиғи билан электрон ҳужжат айланишига ўтишини билдирган эди.
Давлат идораларида электрон ҳужжат айланмасини киргизиш ишини тезлатишни ўтган йилнинг охирида президент Садыр Жапаров ҳам топширган.
«1-июлдан бошлаб сизларга қоғоз сотиб беришни тўхтатамиз. Шунинг учун июлнинг бошидан бошлаб электрон ҳужжатга, электрон имзога ўтишимиз керак», — деб огоҳлантирган президент.
14-июлда эса Вазирлар маҳкамасининг йиғинида президент Садир Жапаров электрон ҳужжат айланишига ўтмай, «қоғозни тонналаб» ишлатаётган амалдорларни танқид қилган.