Россияда юк машинаси микроавтобус билан тўқнашиб кетди. 14 қирғизистонлик ҳалок бўлди

299

Уляновск вилоятининг Николаев туманидаги М5 «Урал» трассасида Mercedes микроавтобуси ва иккита юк машинаси иштирокида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди.

Натижада, дастлабки маълумотларга кўра, 16 киши ҳалок бўлган, улардан 14 нафари Қирғизистон фуқароларидир. Бу маълумотни Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги тасдиқлади.

Россия матбуотига кўра, яна уч киши оғир аҳволда касалхонага ётқизилган. Уларнинг шахси аниқланмоқда.

Уляновск вилояти полицияси оғир юк машиналаридан бирининг ҳайдовчиси ўз вақтида тезлигини пасайтирмагани ва йўлнинг таъмирланган қисмида тескари ҳаракатда ўз навбатини кутаётган микроавтобусга бориб урилганини маълум қилди.

«Микроавтобус иккита юк машинаси орасига тиқилиб қолган», дея таъкидлайди полиция.

Мазкур факт бўйича йўл ҳаракати қоидасини бузиш бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси консуллик ходимлари воқеа жойига жўнаб кетгани ҳақида хабар берган. Шунингдек, Уляновск вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва ваколатли органлари вакиллари билан алоқа ўрнатилган.

Қирғизистоннинг Россиядаги элчилигининг консуллик ходимлари вафот этганларнинг яқинлари учун (+7 926 861 50 98, +996 551 312-000) махсус телефонлари ишлаётганини билдиради.

Ўз навбатида, президент Садир Жапаров Ташқи ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ва «Манас» аэропортига ҳалок бўлган қирғизистонликларнинг жасадларини ватанига жўнатиш учун махсус самолёт ташкил этиш бўйича кўрсатма берди.

«Биз ҳалок бўлганларнинг барча оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз», — дейди давлат раҳбарининг матбуот котиби Эрбол Султонбоев.