Қўй-Тош воқеаси: Атамбаевдан бошқа айбланувчиларнинг бари ҳеч қаерга кетмаслик тилхати билан озод қилинди

317

Қўй-Тош воқеаси бўйича 13 нафар айбланувчининг эҳтиёт чораси кўрилиб, улар тергов муддати тугагунча ҳеч қаерга кетмаслик тўғрисида ёзма тилхат билан бўшатилди. Бу ҳақда 12-августда  Бишкекнинг Биринчи май туман судининг матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур иш бўйича собиқ президент Алмазбек Атамбаевнигина эҳтиёт чораси ўзгартирилмаган, у ҳамон айбланувчи қатори ўтмоқда.

Айбланувчилар орасида қуйидагилар ҳам бор эди:

  • Атамбаевнинг собиқ маслаҳатчиси Фарид Ниязов;
  • собиқ депутат Ирина Карамушкина;
  • собиқ депутат Асел Кодуранова;
  • МХДҚнинг собиқ ходими Канат Сагимбаев;
  • Атамбаевнинг ёрдамчиси Қундуз Жолдубаева;
  • сиёсатчи Равшан Жээнбеков.

Шундай қилиб, судья Азирет Медеров давлат айбловчиси Эрнест Асакеевнинг илтимосномасини қаноатлантирди.

Қўй-Тошдаги воқеалар

Қўй-Тош воқеаси 2019-йилнинг августида бўлган. Алмазбек Атамбаевни Қўй-Тош қишлоғидаги қароргоҳидан қўлга олиш бўйича операция чоғида унинг тарафдорлари милиция ва махсус кучлар билан тўқнашган. Оқибатда махсус бўлинма бошлиғининг ўринбосари Усонбек Ниязбеков ҳалок бўлган. 170 нафардан ортиқ киши турли тан жароҳатлари олган.

Мазкур воқеа бўйича айблар собиқ президент Алмазбек Атамбаевга ва унинг тарафдорларига қўйилган.