Беш ой олдин Россия Украинага кенг миқёсли ҳужум бошлаган. Бу даврда Украинадан 10 миллиондан ортиқ киши тарк этди, 14 миллион киши эса ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлди.
Уларнинг орасида Украинада яшаган, оиласи, келажак режалари бари асли қирғизистонлик аёллар ҳам бор. 24 февралда уларнинг ҳаёти тубдан ўзгарган. «Клооп» уруш ёнғини алангаланган давлатдан ўз кучи билан қочиб, ватанига қайтиб келган уч аёлнинг ҳикоясини айтиб беради.
Россия Украинага бостириб кирганидан бир ой ўтгандан кейин қирғиз дипломатлари, Ташқи ишлар вазирлиги ва элчихоналар ўлкадан 700 дан ортиқ қирғизистонлик эвакуация қилинганини билдирган. Ҳарбий ҳаракатлар туфайли улар Европа давлатлари: Молдова, Руминия, Болгария, Венгрия, Полша ва Туркия орқали чиқарилган. Бироқ, эвакуация қилган рейсларга ҳамма ҳам ета олмаган. Аксарият Қирғизистон фуқаролари ва аслан қирғизистонликлар Украинадан мустақил чиқиб кетишган.
«Ойи, нимага кундузи фейерверк отиляпти?» Янанинг ҳикояси
Яна — Қирғизистон фуқароси. У беш ёшли қизи Кира билан яқиндагина, 2021-йилнинг сентябрида Украинанинг Одесса шаҳрига борган. Шифокорлар қизидан астманинг белгиларини топиб, сувга яқин ерга кўчиш маслаҳатини беришган. Одессада эса Янанинг бувиси яшар эди.
Яна Украинада ишга кириб, янги дўстлар орттиришга муваффақ бўлган, қизи эса болалар боғчасига бориб, денгизни сева бошлаган.
Кузда Россия ҳужум қилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар пайдо бўла бошлаган. Яна бундай хабарлардан қўрқсада, дўстлари уни тинчлантиришган. Ҳужумга 1-2 кун қолганда Яна ўзи яшаган 23-қаватдан қўшни яшаган Россиянинг элчихонаси ҳовлисида ҳужжатларни ёқишаётганини кўриб қолган. Ўша кечаси у Қирғизистондаги дугонасига Бишкекка қайиб боришини айтган.
Эрталаб уни ўз мамлакатидан келган телефон қўнғироғи уйғотган – ҳужум ҳақида
бутун дунё хабардор эди. Яна нима қилишни билмай қолган. У янгиликларни кузатиб, ўзига қаҳва тайёрлаб олиб, Молдовага кетувчи автобусга чипта қидира бошлаган.
«Менга Қирғизистондан акам қўнғироқ қилди: “Сен, нима, жиннимисан? Ҳозир йўлга чиқ! Қанақа кечаси? Қанақа автобус? Тезда такси ушла!” Бу гаплар мени ўзимга келтирди, нима бўлаётганини тушуна бошладим», — деб хотирлади Яна.
Илова орқали такчи чақиришнинг имкони бўлмай қолган — бўш машина йўқ эди. Яна қизи билан 100 долларга Москванинг чегарасига етказиб қўйишга рози бўлган ҳайдовчи топган. Яна буюмларини тўплаб, қизи Кирани уйғотади. Аммо қизига нима бўлаётганини тушунтира олмай, саёҳат қилиб келамиз деб айтган.
Такси келгунча ташқарига чиқиб, кўчадаги ўриндиқларга ўтиришган.
«Бир замон кўз олдимизда осмонда кўкиш сариқ портлаш бўлди. Ўша вақтда қизим: “Ойи, нимага кундузи фейерверк бўляпти?” деб сўради. Мен титраб, “байрам” деб жавоб бердим», — деб айтиб берди Яна.
Такси ҳайдовчиси қўнғироқ қилиб, портлашни кўрганидан кейин ҳеч қаёққа бормаслиги айтган. Аммо Яна ҳайдовчини қизи билан чегарага олиб боришга кўндирган. Яна машина ойнасидан шаҳарга кириб келаётган ҳарбий техникаларни, шаҳардан қочиб кетаётган Одесса фуқароларининг тўрт қатор тизилган машина тирбандлигини кўрган.
Икки соатдан кейин Яна қизи билан Молдова чегарасини кесиб ўтиб, озиқ-овқат, бошпана ва йўлкира таклиф қилган кўнгиллиларга учраган. Яна қочқинларнинг орасида ўзидан ҳам кўпроқ ёрдамга муҳтожлар борлигини кўриб, Кишинёв шаҳрига такси чақирган. Яна у ердан Истанбулга учишни умид қилган. Аммо унга Молдовада ҳаво йўллари ёпилганини айтишган. Бир неча кун Молдовада қолишга тўғри келган - ҳайдовчи Янага квартира топишга ёрдам берган.
«Телефоним тинмай қолди. Бир неча йилдан бери мулоқот қилмай қолган одамлар ҳам ёзишди - уларнинг барчаси хавотирда эди. Одессада қолган дўстларимга қўнғироқ қилдим – улар эркакларни чегарадан ўтказмаётганини тушунтиришди. Аммо уларнинг аксарияти ўз хоҳишлари билан қолишибди - хотинларини кузатиб қўйиб, ортга қайтишди. Чегарада ҳамма тинмай йиғларди. Улар хайрлашаётган эдилар», деб эслайди у.
Яна қизи билан ундан кейинги амалларини ўйлаб бир неча кун Кишинёв шаҳрида турган. Аввалига у ҳаво йўллари қайта очилишига умид қилган. Украиналик дўстлар уни кутиб туришга кўндиришган - улар Яна каби уруш тез орада тугашига умид қилишган. Аммо Қирғизистонга қайтиш тўғри қарор эканини тушунди.
«Молдоваликлар кўп ёрдам беришди. Улар ҳатто бепул СИМ-карта олиб келиб беришди, дўконларда эса Украинадан қочиб келганларга озиқ-овқат учун сертификатларини беришди. Мен бир марта Glovo орқали етказиб бериш хизматига буюртма берганман, тўлов картасига Украина рақами бириктирилган эди. Менга «Тўламай қўяверинг» деб ёзиб юборишибди. Шунчалик меҳрибон одамларга учраганимдан, йиғлаб юрдим», — деб эслайди Яна Кишинёвдаги кунларини.
У Руминияга қандай қилиб ўтиш мумкинлигини билишга ҳаракат қилган — бу мамлакатга кириш учун одатда қирғизистонликлардан виза талаб қилинади.
Яна Венгриядаги қирғизистонлик дипломатлардан бири ҳужжатларни тайёрлаш учун Украинага қайтиб боришга кўндирганини эслайди - у «ҳарбий объектларгина портлатишмоқда» деган фикрда, ҳеч қандай хавфли нарса йўқ деб ўйлаган.
Кейин Яна урушдан қочиб келганларга — қайси давлатнинг фуқароси эканига қарамай Венгрияга кириш учунн бундан кейин виза керак эмаслигини билган. Март ойининг бошида қизи билан йўлини давом эттирган.
Кишинёвдан Бухарест шаҳрига қатновчи автобус украиналиклар билан тўла эди. Кира онасидан нима учун одамларнинг ҳаммаси бир томонга кетаётганини сўраган. Аввалига у қизига ҳамма саёҳат қилишаётганини айтган, лекин кейин унга уруш нима эканлигини тушунтиришга тўғри келган.
«Автобус чегарада беш соат навбат кутиб қолди. Кейинроқ чегарачи кириб, барчамизнинг паспортимизни йиғиб олиб, қайта муҳр босиб тарқатиб беришди. Мен бундай хизматдан ҳайрон қолдим. Бу чегара ўтиш жойида ҳам кўнгиллилар бор экан, улар бизга ҳамма нарсани бера бошлашди: иссиқ чой, овқат, ўйинчоқлар. Менинг қизим эса одамлар билан осон тил топишади, у ерда овқат ва ўйинчоқларга кўмилиб қолди. Барча ерда ёрдам беришди. Мени эса йиғим тўхтамасди», — деб айтиб берди Яна.
Молдовадан Руминияга қадар йўл 12 соат давом этган. Йўловчиларни аэропортга олиб келишган, бироқ Яна Истанбулдан Бишкекга учишни режалаштирган рейс эртаси куни кечқурунгина учар экан. Яна ва Кира дам олиш мумкин бўлган отель қидира бошлаган.
«Аэропортнинг ёнидаги икки отелга кирдик – жой йўқ. Ундан кейин борадиган жой йўқ – олдида дала. Аэропорт ўзи ҳам узоқда қолган», — деб эслайди Яна.
Ниҳоят, ПЦР тест топширувчи дўконнинг ходими уларнинг Украинадан келаётганини эшитиб, меҳмонхона топишга ёрдам берган. «У пицца ва круасан олиб чиқиб, бир термос чойини қизимга таклиф қилди. У бизни овқатлантириб, машинасига солиб [меҳмонхонага] етказди — дейди Яна. У қиз бизни етказиб қўйиш учун ишини ташлаб чиқди. У ваҳимага тушиб сўради: “Are you okay? (яхшимисиз?), мен эса кўз ёшимни тўхтата олмадим».
Яна қизи билан меҳмонхонанинг нонуштасига тушса, бош ошпаз барча қочқинларни йиғиб, уларга текин украин таомларини бериб, меҳмон қилаётган экан. «У ерда окрошка бор эди! У жуда кўп овқат пиширибди, биз ҳам жуда кўп эдик. Мен яна йиғлай бошладим - ошпаз тун бўйи овқат пиширибди!» — деб жилмаяди Яна.
Овқатланиб ўтириб у самолётга чипта сотиб олишга ҳаракат қилган - Истанбул орқали икки кишилик чипта 900 доллар бўларди. Бироқ Қирғизистон тўлов картаси билан тўлашда хатоликлар юзага келган. Яна уларни бартараф қилгунча 1900 долларга кўтарилиб кетган. «Испанияга учсанг, икки кишига 200 доллар, Бишкекка эса 156 минг сом бўлар экан!» - деб эслади у. Энг арзони - Болгария орқали кечки пайт Истанбулга жўнайдиган автобус экан.
Автобус кутиб ўтириб, Яна урушдан қочиб бораётган киевлик қиз билан танишиб қолган. «У машинасини йўлда қолдириб қочибди, чунки портлаш бошланган экан, шундан кейин кўприк портлабди – бари машиналарини қолдириб қочишганини айтиб берди. - У қиз жуда қўрқиб кетган экан. Мен ундан қаерга кетаётганини сўрадим. У елкасини қисиб: «Билмайман. Истанбулга етиб борсам бўлди, ўша ердан кейин нима қилишимни ҳал қиламан», деди. У кучукчаси билан кичкина сумкани ушлаб, ёлғиз турарди. Менда эса уч чамадон, қизим биланман, шуларнинг барини қандай судраб юрдим, билмайман ...»
Истанбулгача автобус 10 соат юрган — чегарадаги узун навбатни ҳисобга олмаганда. Йўлда қочқинларга Қизил хоч ташкилотининг кўнгиллилари озиқ-овқат беришган. «Тўғрисини айтсам, йўл бўйича овқатга пул ишлатмадим, фақат йўлкира ва турар жой учун пул сарфладим, – дейди Яна.
Туркияга етганда у дарров Кирани етаклаб аэропортга жўнаган – бир неча уринишдан сўнг Бишкекга чипта сотиб олган.
Истанбул аэропортида йўловчилардан «ковид» тестининг натижаларини талаб қилишган — аммо уларни узоқ кутишга тўғри келган, рейсга рўйхатга олиш эса уч соатдан кейин бошланар эди. ПЦР тестнинг натижалари ҳам ярар эди, аммо Яна таваккал қилиб, экспресс тест топширишга қарор қилган. Натижада лабораториядаги ходим унинг аҳволини кўриб, ПЦР тестидан ўтганлиги ҳақида маълумотнома ёзиб берган.
Яна билан Кира самолёт билан эсон-омон Бишкекка келиб олишган. Одессадан келиш учун йўлга ўн кун кетган.
«Ҳужжат ўрнига қурут.» Айнагулнинг ҳикояси
«Украинада миллатчилар бор деганларни тушунолмайман. Мен Одессада уч йил яшадим - бу ҳақда ҳаммага айтиб бераман. Мен Россияда славян бўлмаганларга нисбатан муомала ҳақида кўп эшитганман – уларни тўхтатиб, ҳужжатларини текширар экан. Уч йил ичида мени ҳеч ким Украинадан тўхтатиб, сен украин эмассан, демаган – мен доим русча гапирсам ҳам, ҳеч қачон дискриминацияга учрамаганман», — деди Айнагул.
У Украина фуқаросига турмушга чиққандан кейин ўша ерда яшаб қолган. Февраль ойида Айнагул ўша пайтда турмуш ўртоғи ишлаётган Саудия Арабистонига боришни режа қилиб, виза олиш учун керакли ҳужжатларни топшириб қўйган. «Уруш ҳақида гап бошланиши биланоқ менда Қирғизистонга қайтиш фикри туғилган. Бироқ эрим иккимиз ишлаган агаентликдан бир оз кутиб туришни илтимос қилишган. Бир неча кун, - деб эслайди у.
24-февралда Айнагул иш чатидаги хабарларнинг овозидан уйғонган. Унинг ҳамкасблари Одессада эшитилган портлашлар ҳақида ёзишган. Айнагул қўрққанини, лекин ҳали жиддий қўрқув ҳиссини сезмаганини, жасоратли бўлишга уринганини эслайди.
Кўп ўтмай Айнагул ҳам портлаш овозини эшитган. Шундагина у чинакам қўрқув ҳиссини сезди: «Руҳим сиқилиб кетди. Қирғизистонга қайтишга қарор қилдим».
Бироқ Айнагулнинг ҳужжатлари дипломатик ваколатхонада қолган — уларни олишнинг иложи йўқ эди, уруш туфайли муассаса ёпилган эди. Ҳеч нарсага қарамай, у Одессадан Молдовага кетишга ҳаракат қила бошлаган. Қайнонаси у билан бирга кетишга мутлақо рози бўлмаган - у кекса онаси ва итини ташлаб кета олмаган.
«Шаҳардан чиқаётганда, ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш йўқ эди, аммо эл қўрқиб қолгани [кўриниб турган]», — деб хотирлайди Айнагул.
Одессадан чегарагача икки соатлик йўл, бироқ Айнагул чегара пунктида тунгача қолиб кетган – қочқинларнинг оқими беҳисоб эди, чегарачиларнинг компьютер тизими эса бузилиб қолган. Айнагул чегарадан эрта тонгда ўтган. Бироқ паспортнинг йўқлиги муаммо туғдирмаган – чегарачилар ёш қизни паспортсиз ҳам ўтказиб юборишган.
Айнагулни ва бошқа қирғизистонлик қочқинларни кўнгиллилар «Манас» этно-қишлоқига жойлаштирган. «Молдовадан ватандошларим билан учрашганимдан жуда хайрон қолдим», деб эслайди у. – У ерга бизни текинга жойлаштириб, озиқ-овқат билан таъминлашди. Икки кундан кейин пойтахтга боришга қарор қилдим - Кишинёвгача ҳали 70 км йўл бор. Мен ҳужжатларимни тўғрилашим керак эди». Қирғизистонга етиш учун Айнагулга вақтинчалик паспорт керак эди.
У Кишинёвда ҳам бир қирғизистонлик билан Молдовадан кета олбай қолган ватандошининг ёнига жойлашган.
«Ўша куни, бизни келади деб палов дамлабди, — деди Айнагул. — Биз овқатланаётгандик, бир маҳалда уруш бошланмай олдин Одессадан қурут сотувчи ерни топиб олганим ёдимга тушди! Ёш боладек севиниб, ўзимга сотиб олиб, қайнонамга олиб келиб берганман — у ҳам яхши кўради. Ўша кечаси биз Украиндан келган қирғиз қуритини Молдовада еб ўтирдик. Болалар ўшанда хазиллашиб, ҳужжатинг йўқ, кийиминг оз, аммо қурут билан [келибсан] дейишган».
Вақтинчалик ҳужжат олиш бир ҳафтага чўзилган. Туркияга энг яқин йўл Руминия орқали эди — у ерда Айнагул қочқин дею ҳисоблангани сабаб, визанинг кераги йўқ эди. Қирғизистонликларни расмий эвакуациялаётган Венгрия жуда узоқ эди. Аммо Руминиядаги қирғиз дипломатлари Айнагул билан алоқада бўлиб, барча керакли маълумотномаларни тўплашга ёрдам беришган.
«Ўзимни чегарада муаммо пайдо бўлишига тайёрлаётган эдим, чунки паспортим вақтинчалик эди. Ҳар ҳолда уруш бошлангандан кейин чегарани кесиб ўтиб, Украинадан чиқиб кетганимни тасдиқловчи қоғоз чиқариб олганман. Аммо Молдовада ҳам, Руминияда ҳам, Туркияда ҳам мени ҳеч ким тўхтатгани йўқ, жами қочқинларнинг оқими билан бирга ўтказиб юборишди», — деб айтиб берди у.
Руминияда Айнагул рейсини кутишга мажбур бўлган — ёрдамга яна ватандошлар келишган. Қирғиз фаоллари Бухарестдан ижарага уй топиб беришган. Қирғизистонга келгандан кейин Айнагул турмуш ўртоғига ва ишига қайтиш учун ҳужжатларини қайта тиклаш билан машғул бўлган.
Айнагул уруш тугаса Украинага қайтиб, яшашни истайди.
12 кун давомида ўқ отилиб турди. Неллининг ҳикояси
Нелли асли қирғизистонлик, аммо сўнгги 16 йил давомида Украинада яшаб келган. Унинг икки фарзанди бор, 24 февралга яқин турмуш ўртоғи иккичи Киевнинг четидан, Буча шаҳридан хонадон сотиб олишган.
Россия бостириб кирган куни, эрталаб Нелли қўшниларнинг шовқинидан уйғониб кетган. «Бошланди…» — деган ўша вақтда эри.
Эрталаб урушнинг кўлами номаълум эди - ҳатто Нелли тўнғич фарзандини - беш ёшли ўғлини боғчага юбормоқчи ҳам эди, лекин болалар борадиган барча муассасалар ёпилиб қолган экан. Биринчи куни у безовта бўлди, лекин ҳақиқий қўрқув ҳисси йўқ эди.
«Аммо кейин тун бўлди, биз квартирада қолганмиз. Кеча даҳшатли ўтди – осмоннинг ёнаётганини кўрдик, қаттиқ чиққан овозлардан ва қўрқувдан ухлай олмадик», деб эслайди Нелли. Портлаш товушлари биринчи бўлиб қўшни Гостомелдан келиб турди - у ерда ҳарбий аэродром бор эди.
Ўшанда Нелли кетиши кераклигини тушунган, лекин оиланинг борадиган жойи йўқ эди - деярли барча қариндошлари қўшни ерларда ёки Киевда яшар эди. У ердаги вазият янада хавфлироқдек туюлган. Натижада Нелли оиласи билан Бучада, танишларнинг уйида бошпана топган - улар ертўлали уйда яшашар эди. Шу сабабли хавфсизроқ сезиларди.
«Эрим негадир Киевнинг ёнидаги Буча энг хавфсиз манзил деб ўйлаган экан. [Россия армиясининг] мақсади Киевни эгаллаш - улар дарҳол Киевни бомбалайди деб ўйлаганмиз — дейди Нелли. — Шаҳарнинг чет қисмида қолиш хавфсиз бўлишига умид қилганмиз. Чунки Бучада ҳарбий объектлар йўқ. Белоруслар ўз чегарасини очиб беради деб ҳам ўйламаганмиз, чунки биз томонда Россия чегараси йўқ, фақат беларусларники бор. Беларус шундай қилиб «қўшнилик қилиб» ёрдам берди».
Неллининг оиласи бошпана топган уйда 15 киши тўпланган - бир нечта оила. Уларнинг бари Бучага тегмайди деб ўйлашган. Аммо тўқнашув садолари тобора яқинлаб, урушга ўрганмаган халқ ҳар бир овоз чиққани сари ертўлага тушган. Қолган вақтда уйда ҳеч ким йўқдек кўринишга ҳаракат қилишган. Неллининг айтишича, баъзида тўқнашувнинг овозлари кечаю кундуз тўхтамаган.
Отишмалар ҳар куни бўлиб турди — Неллининг ёдида икки кунгина тинч бўлгани қолибди. Шундай кунларнинг бирида эркаклар югуриб чиқиб озиқ-овқат олиб келишди — ёпилиб қолган маҳаллий дўконлар озиқ-овқат бепул тарқатишган ўша вақтда.
Газ, электрэнергияси ўчирилган — совуқ сабаб куртка билан ухлашга тўғри келган. Интернет алоқаси умуман йўқолиб, мобил алоқа баъзи-баъзидагина пайдо бўлиб турган — ахборотнинг ягона манбаси эски радио билан қўшниларнинг ҳикоялари эди.
«Улар ўша кўчадаги шафқатсиз воқеалар ҳақида айтиб беришарди, [апрелнинг бошида рус ҳарбийлари чиқарилгандан кейин тинч аҳолининг жасади топилган кўча]. Биз бошпана топган уй, кейинчалик қайғули суратлар тасвирга олинган Яблонский кўчасига яқин кўчада турар эди», — деб эслади Нелли, кўз ёшини тута олмай.
Унинг айтишича, барини тушуниб қолган беш ёшли боласининг руҳияти учун хавотирланган. Бола БТР билан танкнинг овозини фарқлашни ўрганган. Нелли Бучадан зудлик билан чиқиб кетишга умид қилиб, бир неча бор ҳаракат қилган. Аммо уни ёнидагилар тўхтатиб қолишган — ёлғиз машина билан чиқиб кетиш жуда хавфли эди. 5-мартда радиодан қўшни Ирпенда эвакуация бўлаётгани эълон қилинган, аммо у амалга ошмай қолган — халқни тўплаб бораётган автобуслар ўққа олинган.
Бир неча кундан кейин Бучада «сокинлик куни» эълон қилинган. Нелли турмуш ўртоғи билан сокинликдан фойдаланиб кетиб қолайлик деган эмас — отишма остида қолишдан қўрқишган. Шундай бўлса ҳам, эркаклар шаҳарга разведкага чиқиб келишган. Аммо кейин даҳшат билан қайтиб келишганини эслайди Нелли.
«Кўчаларда тинч аҳолининг жасади ётибди, тез орада бу ердан кетиш керак. Пойтахт томонга колонна бўлиб кетишяпти. Тезда тайёрланайлик», — дейишган улар.
Нелли оиласи билан бошпана топган уйнинг эгалари кекса ота-онасини ташлаб кетишни истамаган, шунинг учун эвакуация қилиш ҳақида фикр ҳам бўлмаган. Қолганлари машинага «Болалар» деган ёзуви туширилган оқ чойшабни осиб олиб, шаҳар маркази томон йўл олишган.
Йўлдан рус ҳарбийларининг БТР техникасини учратишган (Нелли қўрққанидан болаларини қучоғига олган, лекин ҳаммаси яхши ўтган), улар тинч аҳолини эвакуация қилувчи машиналарнинг асосий колоннасига етиб боришган. Машиналарнинг кўплигидан Нелли колонна қаердан бошланганини кўра олмаган. Олдида эвакуация қилувчи автобуслар юриши керак эди, аммо Буча аҳолиси уларни кутмай, уч соатдан кейин Киевга қараб жўнашган.
Пойтахтга олиб борувчи асосий йўл вайрон бўлиб, колонна айланма йўл билан - ҳатто темир йўлга тушиб ҳам сафарини давом эттирган. Одатдагидек бир соат ўрнига йўл тўққиз соатга чўзилган.
«Йўл бўйлаб даҳшатли манзарага гувоҳ бўлдик. Бомбаланган машиналар, вайрон бўлган йўллар ва одамларнинг узилган оёқ-қўллари. Автобус бекатига суяниб ўтирган каби кекса одамнинг ўлигини кўрдим. У ерда неча кундан бери тургани номаълум», — деди Нелли.
Киевга кечаси кириб боришган. Нелли шаҳарнинг кундалик ҳаёт билан яшаётганини кўриб ҳайрон қолганини яширмайди: дўконлар ишлаб, машиналар юриб, кўчаларда пиёда йўловчилар юришган.
«Киевда хавфсиз экан, чунки шаҳарга кириш яхши ҳимояланган эди. Энг кўп муаммо бизнинг зиммамизга тушибди - биринчи қадамни қўйишига биз бўлганимиз учун, барча ҳужумни шаҳарнинг чети ўзига олибди», — дейди у.
Нелли оиласи билан ғарбга, Львовга боришга қарор қилишди. У ердан тўрттаси дўстларининг уйига – бир хонали квартирага тўхташди. Эртаси куни Неллининг эрининг ота-онаси ҳам келган - энди жой умуман етмай қолган. Уй-жойларни ижарага олишнинг иложи бўлмади – мамлакат шарқидан келаётган қочқинлар туфайли шаҳарда бўш хонадонлар йўқ эди. Кейин Нелли Қирғизистонга онасиникига боришга қарор қилган.
Турмуш ўртоғи Нелли билан бирга мамлакатни тарк эта олмаган – 24 февралдан бошлаб 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган украиналик эркакларга мамлакатни тарк этиш таъқиқланган. 14 март куни Нелли болалари билан Венгриягача автобусга чиққан.
“Биз бир кун йўл юрдик, лекин Полша чегарасида 12 соат навбат кутдик. У ерда маҳаллий кўнгиллилар бизга шўрва беришди. Улар менга сочиқ, сув, озиқ-овқат, болаларга мевалар таклиф қилишди, лекин уларни олишга ҳам имконим бўлмади. Худога шукр, болаларим иссиқ овқат ичиб олди», —дейди у.
Венгриядан Нелли Бишкекка Истанбул орқали учиш учун самолётга чипта сотиб олган. 17-март куни эрталаб соат бешларда улар «Манас» аэропортига қўнган. Аммо бу ҳаммаси тугади дегани эмас эди.
Урушдан олдин Неллининг ўғлини паспортининг муддати тугаган эди. Уруш туфайли ҳужжатларни янгилаш тўхтаб қолган, аммо Нелли уни Львов шаҳрида узайтиришга муваффақ бўлган - паспорт бўлими ходими муддатини узайтиришни қўлда ёзиб, имзо ва муҳр қўйган.
«"Нега бундай узайтирилган? Нега буни қайта қилдирмадинглар?" Мен шок бўлиб айтдим: "Сизлар эшитяпсизларми?”» —деб эслайди Нелли чегарачи билан суҳбатни.
Охир-оқибат «Бугун меҳрибонмиз» деб Неллини чегарадан ўтказишган. У жуда хафа бўлса-да, бир неча дақиқадан сўнг ташвишланиб кутаётган яқинларига ёнига етиб келган.
Ҳозир у уйида, лекин Украинага, эрининг олдига қайтишни режалаштирмоқда. Бироқ, Бучадаги уйлари йўқ бўлган бўлиши мумкинлигини тушуниб турибди.