«Апрель»: Иссиқкўлни ривожлантириш фонди МХДҚ эҳтиёжларига 47 миллион сом ўтказди.

1326

«Апрель» телеканали Иссиқкўлни ривожлантириш фондининг иши ҳақида суриштирув эълон қилди. Суриштирувда журналистлар «Қумтор» томонидан вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожи учун ажратилган маблағнинг бир қисмини Жамғарма Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг эҳтиёжларига сарфлаб, қўмитанинг ходимлари учун турар-жой ҳамда касалхона қуриб, техника сотиб олиб, биноларни таъмирлаб бераётганини айтиб беришди.

«Клооп» суриштирувни қисқача баён қилади.

Фонднинг иши

Иссиқкўл вилоятининг ривожлантириш фонди 1997-йили ташкил этилган. Ҳукуматнинг келишувига кўра, Қумтор конини қазиётган «қумтор Голд Компани» ҳар ой сайин Фондга ўтган ойда тушган ялпи даромадининг 1 %ни, АҚШ долларида тўлаб туради.

Фонд Иссиқкўл вилоятини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш дастурларини бюджетдан ташқари молиялаштиришни амалга оширади. Пулни қаерга ва нимага сарфлаш кераклигини  Фонднинг Кузатув кенгаши ҳал қилади.

Кенгаш таркиби вилоятнинг ҳар бир шаҳридан ва ҳар бир туманидан кўрсатилган номзодлардан ташкил топади. Кенгашнинг таркибини Вазирлар Маҳкамасининг раҳбари  тасдиқлайди.

Барчаси МХДҚ ходимлари учун

Суриштирувда Иссиқкўл вилоятини ривожлантириш жамғармаси бошқармаси бўйича дирекция бошлиғи Самат Медеров ҳозирда улар  шифокорлар ва ўқитувчиларга уй қуриш режаси борлигини айтди, бироқ айни пайтда «шу кунгача асосан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари учун ётоқхоналар қурилгани»ни тан олди.

Журналистларнинг ёзишича, Медеров  1990-йилларнинг ўрталаридан 2000-йил бошларигача Иссиқкўлдаги истеъмолчилар жамиятида ҳисобчи, кейин «Кооператив» пансионатида бош ҳисобчи, сўнг туман молия бўлими солиқ инспектори ва бош мутахассиси бўлган..

Бироқ 2004 йилда МХДҚга ишга қабул қилинган, 2012 йилда эса махсус хизмат бўлими бошлиғи лавозимига кўтарилган. 2021 йилнинг январида эса мамлакатда ҳокимият алмашганидан кейин Медеров аввалига Иссиқкўл вилоятини ривожлантириш жамғармаси раҳбари ўринбосари, сўнгра директор бўлди.

Суриштирувда Жамғарма 2021-йилда 1 миллиард 40 миллион сом сарфлашни режалаштиргани айтилади. Медеровнинг айтишича, соғлиқни сақлаш соҳасига 27 миллион 217 минг сом берилган.

Бироқ журналистлар мазкур маблағнинг деярли ярми — 13 миллион сомдан ортиқ маблағ —махсус хизмат ходимлари даволанадиган МХДнинг идоравий шифохонаси қурилишига сарфланганини таъкидлашади.

Видеодан скриншот.

Суриштирувда МХДҚнинг маҳаллий бўлимлари «Иссиқкўл жамғармаси маблағларини ўз эҳтиёжлари учун жуда эҳтиёткорлик билан сарфлашлари» айтилади

Журналистларнинг қайд этишича, сўнгги 5 йилда Иссиқкўлни ривожлантириш жамғармаси МХДҚ эҳтиёжлари учун 47 миллион сомдан ортиқ маблағ сарфланган. Бу маблағнинг деярли ярми — 21 миллион 800 минг сом (225 минг доллардан ортиқ)*- 2021-йилда сарфланган.

*«Клооп» Иссиқкўл вилояти тараққиёт жамғармасини бошқариш бўйича дирекциянинг 2021-йил учун давлат харидларини кўриб чиқди. Маълумотларга кўра, умумий қиймати 22 миллион 161 сомга 5 марта тендер ўтказилган.

Видеодан скриншот.

«МХДҚ туман маъмуриятлари учун Фонд ипак гиламлар, йўлак гиламларини, музлатгич, кир ювиш машинаси, плазма телевизор, беш стаканли офис қандиллари, оқ рангдаги “ВАЗ Нива” автомобили, раҳбар учун стол ва креслолар, видеокамерали фотоаппарат, шиша журнал столи, каравот ва юмшоқ мебель сотиб олган. [Шунингдек, жамғарма маблағлари ҳисобидан] бинолар, ошхоналар ва чекистлар шуғулланган спорт заллари таъмирланди, МХДҚ маъмурияти учун автотранспорт воситаларига хизмат кўрсатиш ва ювиш станцияси қурилди.

2021-йилда Жамғарма уй-жойлар қуришни бошлаганида  чекистлар учун харажатлари кўпая бошлади», — дейилади суриштирувда. 2021-йилда Жамғарма томонидан ажратилган маблағ ҳисобидан тўрт хонадонли иккита уй қурилди: бири Қизил сув қишлоғида майдони 292 квадрат метр (бу уй учун тендер 2020 йилда эълон қилинган), иккинчиси Чўлпон-Ота шаҳрида қурилган, майдони 280 квадрат метр. Иккита уй қурилишига 20 миллион сомдан  (250 минг доллардан ортиқ) ортиқ маблағ сарфланган. Қизиғи шундаки, Қизилсув қишлоғидаги уй қурилишига Чўлпон-Отадагига нисбатан қарийб икки баробар кўп маблағ сарфланган.

Қизилсув қишлоғида МХДҚ ходимлари учун қурилган уй. Сурат: МХДҚ матбуот хизмати.

Суриштирувчилар нега бундай фарқ борлигини сўрашганида, Иссиқкўл вилоятини ривожлантириш жамғармаси бундай маълумотлар фақат суд қарори билан берилишини айтиб, жавоб беришдан бош тортди.

Журналистлар таъмирланиши ёки сотиб олиниши керак бўлган мактаб ва шифохоналар раҳбарлари Иссиқкўл вилоятини ривожлантириш жамғармасига умид боғламасликларини айтганини таъкидлашади. Суриштирувчилар мақолада Туп туман касалхонасида 65 минг аҳолига мослашган  эски рентген аппаратини кўрсатишган.

«Касалхона ходимлари барча инстанцияларга мурожаат қилиб кўрган, бироқ улар фақат Соғлиқни сақлаш вазирлигидан портатив қурилма олди. Бу зарур жиҳозлардан фарқли бўлиб чиқди. Иссиқкўл вилоятини ривожлантириш жамғармасига қайта уриниб кўришди, [аммо ҳозирча натижа бўлмади]», —  дея таъкидлайди журналистлар.

Қоракўлда 2018-йилда МХДҚ ходимлари учун кўп хонадонли уй қурилди. Янги хонадон калитини чекистларга ўша пайтдаги парламент раиси Дастан Жумабеков топширган эди.

Бироқ суриштирувда мазкур уй қурилган ҳудуд аввал қўшни мактаб футбол майдони сифатида норасмий фойдаланилгани айтилган.

«Қандай йўл билан [МХДҚ ходимлари] ерни олишибди», — дейди Қоракўл шаҳридаги №15 мактаб ходими Асан Черикчиев,

Видеодан скриншот.

Ҳозир бу мактабнинг икки қаватли битта биноси бор. Унинг ёнида қурилиши тугалланмаган иккинчи бино жойлашган. Журналистлар мактаб директори бинони битириш учун 9 йилдан бери маблағ топа олмаётганини таъкидлашади.

Иссиқкўлда жами авария ҳолатида деб эълон қилинган 32 та мактаб бор. Иссиқкўл вилояти авария ҳолатидаги мактаблар сони бўйича республикада учинчи ўринда туради. Мактабларнинг эски бинолари ўқувчилар кўз ўнгида вайронага айланмоқда, бироқ болалар янги мактаблар йўқлиги сабабли зўрға турган биноларда ўқишга мажбур.