Ўш: Журналист Шохрух Саипов таҳдидларга учраётганини айтди

249
Шохрух Саипов

Ўшда ўзбекистонликларнинг ҳуқуқларига боғлиқ муаммоларни ёритиб келган журналист Шохрух Саипов таҳдидларга учраётганини айтди. Бу ҳақда у 8-август куни ўзининг Фейсбук саҳифасига ёзди.

Саиповнинг сўзларига кўра, таҳдидлар у Ўш аэропорти ва «Достук» ўтказма бекатидаги такси ҳайдовчиларининг чет элликларга нисбатан зулми бўйича айтиб чиққанда бошланиб, шу кунгача давом этмоқда.

«Бири мени провокацияда айбласа, бошқаси миллатлараро адоватни қўзғатишда айблайди. Яна бири “мени қамаш кераклигини” айтади. Танишларимдан ҳам рақамимни сўрашган», — деди Саипов.

Журналист таҳдидларга қарамай ушбу муаммони ёритишда давом этишини таъкидлади.

«Мен бу каби таҳдидларга қарамай, масала ҳал қилиниб, вазият ижобий томонга ўзгармагунча муаммони ёритавераман. Мен сизларга [таҳдид қилаётганларга] нисбатан ўз юртимнинг патриотиман. Меҳмонларда менинг давлатим ҳақида салбий таассурот қолишини хоҳламайман», — деди у.

Саипов 4-август куни Ўш вилоят ИИБга сўроқ берган. Бунга унинг 21-июлда Ўш аэропортида такси ҳайдовчиларининг зулмига учрагани бўйича пост ёзгани сабаб бўлган. Шу боисдан у Ўш вилоят ИИБда сўроқ берган.

Жорий йилнинг февралида у «Достук» ўтказма бекатидаги такси ҳайдовчиларнинг хорижликларга нисбатан қўпол муносабатда бўлиши ҳақида айтиб чиқиб, бу борада ҳам милицияга чақирилган.

Такси ҳайдовчиларининг зўравонлигидан ижтимоий тармоқлар орқали Ўзбекистон фуқаролари ҳам шикоят қилган. Ҳозирда ушбу масала бўйича Ўш вилоят ИИБи текширув олиб бормоқда.

5-августда Ўш аэропортидаги 105 таксичи милицияга чақирилиб, 25 нафари сўроқ берган.