Ўш: Сув қувури орқали Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасини ноқонуний ўтганлар қўлга олинди

352
Сурат: Ўш вилоят ИИБ

Ўш вилояти Аравон туманида сув қувури орқали Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасидан ноқонуний  ўтган икки нафар шахс қўлга олинди. Бу ҳақда 4-август куни Ўш вилоят ИИБдан  билдиришди.

Маълумотга кўра, биринчи гумондор — туманнинг Тепа-Қўрғон қишлоғи турғуни. У ноқонуний  миграция ташкил этиб, икки давлатнинг баъзи фуқароларини қувур орқали ўтказиб турган.

Иккинчи гумондор «Қароқчилик»да айбланиб қидирувда юрган — у жиноят иши қўзғалганда мазкур қувур орқали қўшни республикага ўтиб қочиб кетгани аниқ бўлди.

Милициядан воқеа жойига бориб текширув олиб борилганда қувур Тепа-Қўрғон қишлоқ ҳукуматининг Уйғур-Обод участкасида 4-5 метр чуқурликда ер остида кўмилганини таъкидлашди. Қувур баландлиги 90 см, эни 1 метр, узунлиги тахминан 150 метр бўлган.

Шу билан бирга, «Давлат чегарадан ноқонуний ўтиш» моддаси билан жиноят иши қўзғалиб, чегарадан ўтишни уюштирган гумондор икки ойга қамоққа олингани айтилди.

Қидирувда юрган гумондор эса Ўш вилоят ИИБга ўтказиб берилиб, икки ойга вақтинча ҳибсда сақловчи жойга киритилганини қўшимча қилинди.

Қувурдан ўтиб юрган Ўзбекистон фуқароларининг шахсини аниқлаш бўйича қўшни давлат ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига халқаро келишувлар асосида тегишли ҳужжатлар юборилди.

Тергов ишлари давом этмоқда.

Икки давлатни боғлаган ноқонуний ўтказмалар

Май-июнь ойларида Ўш вилоятининг Қорасув туманида икки давлатни боғлаб турган учта яширин тунел топилган. Энг охиргиси ер остидан чет эл валютасини ноқонуний олиб ўтиш мақсадида фойдаланилгани аниқланиб, гумондор ҳибсга олинган.

У айбини тўлиқ тан олиб, тергов билан ҳамкорлик қилишга маъқул бўлган.

25-июнда Қирғизистон Ўзбекистон билан боғлаган тўртинчи тунел Боткен вилоятидан топилган. Тергов жараёнида тунел озиқ-овқат, қурол-аслаҳа, ўқ-дориларни, нақд пул ва гиёҳванд моддаларни ноқонуний ташиш, шунингдек ноқонуний миграция учцн фойдаланиб келингани аниқланган.