Журналист Шоҳрух Саипов 4-август куни Ўш вилоят ИИБга чақирилди. Саиповнинг ўзи «Клооп»га Ўш аэропортидаги таксичиларнинг масаласи бўйича сўроқ берганини билдирди.
«Ҳаммаси яхши бўлди. Аэропортдаги таксичилар билан боғлиқ воқеа бўйича айтиб бердим», — деди у.
Саипов 21-июль куни ўзининг Фейсбук саҳифасига пост қўйган. У Россиядан қайтиб келаётган ўзбекистонлик танишларини кутиб олгани бориб, Ўш аэропортидаги таксичиларнинг зулмига учраганини айтган.
Журналистнинг сўзларига кўра, таксичилар унинг 4 нафар танишини ўраб олиб, уларни машинасига ўтиришга мажбурлашган. Саипов уларни кутиб олгани келганини айтганда, унга таҳдид қила бошлашган.
«Улар мен билан эканини айтсам умуман эътибор қаратишмади, “биттаси сен билан кетсин, учтаси қолади” дейишди. Милициядан ёрдам сўрашга тўғри келди. Бахтга кўра улар менга ёрдам беришди. Шундан сўнг таксичилар норози бўлиб, мени қўрқитиб, чақимчиликда айблашди», — деган у.
Саипов бу муаммога эътибор қаратишни айтиб, ўзбекистонлик фуқароларнинг хавфсизлиги таъминланиши зарурлигини қўшимча қилган.
Журналист кўпроқ ўзбекистонлик фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилишига боғлиқ мавзуларни кўтариб чиқади. Жорий йилнинг февраль ойида у «Достук» ўтказма бекатидаги таксичиларнинг чет элликларга қўпол муомала қилаётгани ҳақида айтган, бу тўғрида милицияга ҳам чақирилган.
Ўш аэропортидаги такси ҳайдовчиларига норозилик
Бу аэропортдаги таксичиларнинг зулмига қарши биринчи маротаба бўлаётган шикоят эмас. Бунгача ўзбекистонлик фуқаро ҳам такси ҳайдовчиларидан норози бўлиб, мурожаат йўллаган.
У ушбу муаммога ҳуқуқ-тартибот идоралари эътибор қаратмаётганини айтиб, «давлат назорат қилмайдими» деб савол ташлаган.
Ўш вилоят ИИБи 2-августда унинг арзи бўйича тергов бошланганини билдирган. Шунингдек Ўш аэропортидаги ва «Достук» чегара бекатидаги такси ҳайдовчиларига тушунтириш ишлари олиб борилаётгани айтилди.
Маҳкамадан ҳайдовчиларнинг чет элликларга қўпол муомаласи бўйича 14 мурожаат тушганини айтиб, унинг 7 ҳолати бўйича текширув бошланганини қўшимча қилишган.