ТИВ: Қирғизистон Тайванга нисбатан ўз позициясини ўзгартирмайди ва «ягона Хитой» сиёсатини қўллаб-қувватлайди

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Тайвандаги сўнгги вазият бўйича маълумот бериб, Қирғизистон томони «ягона Хитой» сиёсатини қўллаб-қувватлашини билдирди. Бу ҳақда вазирликка таянган ҳолда «Кабар» миллий ахборот агентлиги ёзди.

«Қирғизистон Республикаси Қирғизистон-Хитой  ўртасидаги барча асосий ҳужжатларида кўрсатилганидек «Тайван масаласи» бўйича ўз позициясини ўзгартирмайди ва «ягона Хитой» сиёсатини қўллаб-қувватлайди», — деб таъкидлашди вазирликдан.

ТИВ Қирғизистон ҳукумати Тайван атрофидаги воқеаларни диққат билан кузатиб боришини ва вазиятнинг кескинлашувига йўл қўймаслик учун Тайван оролида кескинликнинг  тез орада  пасайишига, тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишига умид қилишини қўшимча қилди.

Тайванда нима бўлди?

АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатасининг спикери Нэнси Пелосининг Тайванга бўлган иш сафари

2 август куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Ненси Пелоси Тайванга ташриф буюриб, халқаро ҳамжамиятнинг қизиқишини уйғотди.

Хитой Халқ Республикаси Пелосининг ташрифига қарши чиқиб,  унинг Тайванга ташрифини давлат суверенитетини бузиш деб атади. У ҳатто орол томонида қирувчи самолётлар билан ҳарбий машғулотларни бошлаб юборди. Ненси Пелоси Хитойнинг қаршиликларига қарамай, Вашингтон демократик Тайванни қўллаб-қувватлашдан воз кечмаслигини таъкидлади.

«Дунё бугун  демократия ва автократия ўртасида танловда турибди. Шу нуқтаи назардан, Американинг 23 миллион тайванлик билан бирдамлиги жуда муҳим. АҚШ Тайван ва дунёда демократияни сақлаб қолиш қатъиятидан қайтмайди», — деди Пелоси орол президенти билан учрашганида.

Президент Цай Инвэнь спикерга Тайванни кўп йилдан буён қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдириб, махсус орден билан тақдирлади.

1950-йилларда Хитой Коммунистик партияси билан курашда мағлуб бўлган «Гоминьдан»  партияси мамлакатнинг Тайван оролидан паноҳ топиб, уни ва унинг атрофидаги бир қанча оролларни алоҳида давлат деб эълон қилди. Тайван Тайпей шаҳрини  пойтахти деб ҳисоблайди. Улар ўзларини 1911-йилда ташкил этилган Хитой Республикасининг ворислари деб билишади.

Ҳозирда Тайванни 15 га яқин давлат мустақил давлат сифатида тан олади. Хитой эса оролни ўзининг бир қисми деб билади. Тайван мустақил давлатнинг  барча хусусиятларига ва Хитойдан ажралиб турадиган сиёсий тизимга  эга бўлса-да, унинг ҳуқуқий мақоми ноаниқлигича қолмоқда.

2022-йил июнь ойида ўтказилган сўровда Тайван аҳолисининг 5,2%и оролни имкон қадар тезроқ мустақил деб эълон қилинишини истаса, аҳолининг 1,3%и Хитой билан бирлашиш ташаббусини қўллаб-қувватлаган.