Депутат Жанар Акаев Ўш аэропортидаги таксичиларнинг Ўзбекистон фуқароларига нисбатан муомаласи ҳақида баёнот берди. Бунгача ўзбекистонлик фуқаро ижтимоий тармоқлардан мурожаат йўллаб, таксичиларнинг зулмидан шикоят қилган эди.
Депутат бу каби кўринишга нуқта қўйилмаса «уятга қолдик» деб билдирди.
«“Достук” ўтказиш бекатидаги тартибсизликни нима қилиш керак деган таклифимни икки марта парламент йиғилишида кўтаргандим “жуда аҳамиятли масалани кўтардингиз, ҳурматли депутат” деган доимий жавобдан бошқа ҳеч нарса ўзгармабди», — деди у.
Акаев «биринчидан Ўзбекистон фуқароларига қўшни ва инсон сифатида муомала қилиш лозим» деб таъкидлади. У қўшни давлат фуқаролари «яйраганидан Ўшдан учаётгани йўқ» дея тушунтирди.
«Чипта 150 доллар атрофида арзон тушади. Мусофирнинг оиласи учун сезиларли маблағ. Иш қидириб кетаётган одамнинг “озгина пулини ҳам қоқиб олайлик, ҳатто зўравонлик билан олайлик” дейиш умуман нотўғри. Қирғизистонни бутун умр ёмон кўриб қолади. У ёқ-ёққа чегарадан ўтганда икки давлат бир-биримизни қийнасак, президентларимизнинг қучоқлашиб, шартнома имзолашлари, яқин дўстмиз дегани қаёқда?» — деб савол берди депутат.
Шунингдек Акаев ўзбекистонликлар халқаро йўналиш билан учгани учун Ўш аэропортига $15 солиқ қолдиришини айтди. Депутат «бу маблағларга йўл, мактаблар қурилиб, ойлик кўтарилади» деди, аксинча хорижликларга шароит яратиб бериш зарурлигини таъкидлади.
«Ўша чегарадан ўтадиган вақтда кичик терминал қуриб, самолётга рўйхатга олиб, юкини қайд этиб, аэропорт ўзи махсус автобуслар билан самолётга олиб келиши лозим. Бу таклиф. Чунки Ўш аэропорти ҳам кичкина, рўйхатдан ўтиш жойларида ҳам доимий навбат. [...] Тайёр маблағни ғазнага жалб қилмайсизларми, аэровокзални кенгайтириб. Ҳукумат даражасида дўппи қалпоқ кийиб олиб сайёҳ чақиргандан кейин, ишни ҳам шунга яраша қилайлик», — деди у.
Депутат вазирлар маҳкамаси раиси Акилбек Жапаровга мурожаат этиб, бу масала юзасидан етарли талаб қўйишини таклиф қилди.
Ўзбекистон фуқаросининг мурожаати
Бунгача ўзбекистонлик фуқаронинг TikTok платформаси орқали мурожаат қилиб, Ўш аэропортидаги таксичилардан норози бўлган.
У Россиядан Ўш аэропортига учиб, ундан Ўзбекистонга ўтаётган фуқароларни таксичилар мажбурлаб машинага солиб, чегара бекатигача 6 чақирим ерга ҳар бир кишидан 500 рублдан олаётганини айтган.
Шунингдек зулмга ҳуқуқ тартибот идоралари эътибор қаратмаётганини айтиб, «давлат қарамайдими» деб савол берган.
Ўш вилоят ИИБи 2-августда унинг шикояти бўйича текширув бошланганини билдирган. Шу билан бирга Ўш аэропорти ва «Достук» чегара бекатидаги таксичиларга тушунтириш ишлари олиб борилаётгани айтилди.
Маҳкамадан ҳайдовчиларнинг чет элликларга нисбатан қўпол муомаласи бўйича 14 мурожаат тушганини, унинг 7 ҳолати бўйича текширув олиб борилаётганини қўшимча қилди