1-2 август кунлари Бишкек чеккасидаги МХДҚнинг ўқув –машғулот марказида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатларнинг миллий хавфсизлик бўйича махсус куч идоралари вакилларининг тезкор йиғилиши бўлиб ўтди.
МХДҚнинг маълумотига кўра, йиғилишда жамоавий хавфсизлик тизимининг куч ва маблағларини бошқарув органларини ҳамда тузилмаларини биргаликда тайёрлаш масаласи муҳокама қилинди.
Унга КХШТга аъзо олти давлатнинг – Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Беларус, Арманистон ва Тожикистоннинг делегациялари иштирок этди.
«Бундай учрашувлар КХШТнинг янги чақириқларга ва таҳдидларга қарши туриш борасида халқаро ва ҳудудий даражада ҳамкорликда иш олиб бориш зарурлигидан далолат беради», — деб таъкидлашди махсус хизматдан.
Учрашувга КХШТнинг бош котиб ўринбосари, генерал-полковник Валерий Анатолевич Семереков иштирок этганини айтилди.
Ички ишлар вазирлиги эса Балиқчидаги «Эдельвейс» ҳарбий полигонида КХШТга аъзо давлатларнинг «Кобальт — 2022» номи остидаги махсус- тактик машғулотлари бошланганини хабар қилди.
Машғулотлар 5 августга қадар давом этади, унинг мақсади жиноятчиликка қарши курашда КХШТга аъзо давлатлар хавфсизлик кучларининг яқин ҳамкорлигини мустаҳкамлашдан иборат.
«Машғулотлар давомида махсус бўлинмалар “жиноий, террористик гуруҳларни қидириш, тўсиқ қўйиш ва зарарсизлантириш, шунингдек, гиёҳванд моддаларни ноқонуний олиб ўтиш каналларини ёпиш, сақлаш жойлари, лабораторияларини топиш бўйича ўқув-амалий ва тезкор-жанговар вазифаларни бажаради», — деб таъкидлади ИИВдан.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг ўтган йилги «Рубеж-2021» машғулотлари ҳам Иссиқкўлда бўлиб ўтган эди. Аммо унда Тожикистон иштирок этмаган. Ўтган йили Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида энг катта отишма содир бўлган.