Медведевнинг ёрдамчиси ВКдаги Қозоғистон ҳақидаги хабарни «бузиб кирганлар»нинг  ҳаракати деб атади.

279

Россия Федерациясининг собиқ президенти, мамлакат Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев «ВКонтакте» ижтимоий тармоғининг расмий саҳифасида 2 августга ўтар кечаси СССРни қайта тиклаш нияти ҳақида хабар пайдо бўлган. Хабар 10 дақиқадан сўнг ўчирилган, бироқ уни журналист Ксения Собчак скриншот қилиб олиб, Телеграм каналида эълон қилган.

Кейинроқ Медведевнинг ёрдамчиси Олег Осипов РИА «Новости» га интервю бериб, собиқ президентнинг аккаунти бузиб кирилганини,  амалдор саҳифасида 31 июлдан буён ҳеч нарса ёзмаганини айтди.

« [Медведевнинг] саҳифасига ким бузиб киргани, кейинчалик ўчириб ташланган постни ким ёзганини “ВКонтакте” маъмурияти ва тегишли томонлар текширади», — деди у.

«ВКонтакте»нинг  матбуот хизмати ҳам  Медведевнинг саҳифасидаги хабарни «бегона фойдаланувчи» эълон қилгани ҳақида хабар берди. Компания воқеа тафсилотлари ўрганилаётганини таъкидлади.

Медведевнинг саҳифасидаги хабарда нима деб ёзилган?

Баёнотда «1990-йиллар бошида йўл қўйилган натижаси ёмон хатолар тузатилишига ҳеч кимда шубҳа бўлмаслиги керак» деб ёзилган.

«Бундан буён ҳеч қачон мустақиллик парадлари бўлмайди, бир вақтлар буюк ва қудратли Совет Иттифоқи халқлари яна ҳамжиҳатликда, бирдамликда яшайди. Бунинг учун биз кучимизни ҳам, маблағларимизни ҳам аямаймиз. Биз бу йўналишдаги йўлимизни бошладик», — деб ёзилган  Медведевнинг расмий саҳифасидаги  баёнотда.

Баёнотда, шунингдек, «Киев озод қилинганидан» кейин Россия «ҳеч қаерда тугамайдиган чегарасини тўлиқ тиклаш» ниятида эканлиги ҳам ёзилган. Постда Россияга қўшилишдан олдин «Грузия деган давлат бўлмагани»,  Қозоғистон эса «сохта давлат экани, у авваллари Россия ҳудуди бўлган»лиги қайд этилган.

«Ҳозирги асрда Қозоғистон ҳукумати республиканинг ичида турли этник гуруҳларни кўчириш ташаббусларини амалга ошира бошлади, буни русларнинг геноциди сифатида баҳоланиши мумкин. Биз бунга кўз юма олмаймиз. Руслар у ерга бормагунча тартиб бўлмайди», — дейилади постда.

Бу Россия томонининг Қозоғистонга очиқ ҳужум қилиши биринчи марта эмас. Апрель ойи охирида россиялик телебошловчи ва RT телеканали бош муҳаррири Маргарита Симоняннинг турмуш ўртоғи Тигран Кеосаяннинг Ютуб-каналида видео пайдо бўлди. Унда Кеосаян 9 май куни Ғалаба парадини ўтказишдан бош тортган Қозоғистон ҳақида салбий фикр билдирган.

Видеода Кеосаян Қозоғистонда уруш кетаётган Украинадаги каби вазиятга тушиб қолиш эҳтимоли ҳақида огоҳлантирган. Кеосаяннинг сўзларига кўра, Россиянинг «масъуллари» Қозоғистон билан «муносабатлар даражасини қайта кўриб чиқса яхши бўларди».

Бунга қозоғистонликлар видео суратга олиш орқали, россиялик телебошловчига жавоб бера бошлашган. 2022-йил май ойи бошида Қозоғистон ТИВ  Кеосаянга нон-грат персона мақомини бериш жараёнини бошлагани маълум бўлди.

Украинадаги уруш

Ҳозирда Россия Украина билан уруш ҳолатида. Жорий йилнинг 24-февралида рус қўшинлари қўшни давлатга кенг кўламли ҳужум уюштирган. Россия расмийлари бу ҳаракатни уруш деб атамади, балки Украинани «демилитаризация» ва «денацификация» мақсадини кўзлаган «махсус операция» деб атади.

БМТнинг 25-июлдаги маълумотларига кўра, 24-февралдан бери Украинадаги урушда 5237 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган. 7 мингдан ортиқ одам жароҳатланган. Бироқ ташкилот қурбонлар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкинлигини айтади. Бу ҳақда Украина расмийлари ҳам гапирмоқда.

Россиянинг Украинага ҳужуми БМТ ва бир қатор йирик жаҳон державалари томонидан қораланган. Улар Россияга қарши бир қатор жиддий санкцияларни қўллашди, бу эса Россияни жорий этилган санкциялар миқдори бўйича дунёда етакчига айлантирди.

Қирғизистон Украинадаги уруш бўйича расмий нейтрал позицияда. Бироқ сўнгги пайтларда Қирғизистон ва Россия расмийларини яқинлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар кузатилмоқда.