Давлат монополияга қарши  хизмати Тукуновнинг тунги текшируви ҳақида изоҳ берди

202

Нима бўлган эди?

Монополияга қарши тартибга солиш хизмати раиси ўринбосари Акжолтой Тукунов 31-июлга ўтар кечаси Аламудун тумани Маевка қишлоғидаги савдо дўконларидан бирига текширувга борган.

Лекин у ерда ишлаганлар унга дўконни текширишга рухсат беришмаган. Бу амалдорнинг у ердаги жонли эфиридан маълум бўлди.

Тукунов «Берёзка» номли дўконни текширишга борди. У тушунтириш ишлари учун  келганини айтиб,  дўкон маъмурини чақиришни сўраган, лекин дўкон ходимлари кеч бўлганини айтиб,  маъмурни чақиришмаган.

Мулозим бевосита эфирида дўконда айрим товарлар қиммат нархда сотилаётганини айта бошлаган. Кўп ўтмай ўзини Витя деб таништирган шахс келиб, Тукуновдан суратга олиш ва текшириш учун рухсатномасини кўрсатишни талаб қилган.

Амалдор гувоҳномасини кўрсатганида, Витя исмли шахс гувоҳномани олиб, қайта текширув учун рухсатномани талаб қилади. Шундан сўнг Тукуновни эшикдан олиб чиқиб, дўкон маъмурияти билан боғлашди. Ўз навбатида маъмурият мутасаддидан иш вақтида текширув ўтказиш бўйича  қарор билан келишини сўраган.

Монополияга қарши тартибга солиш органи нима дейди?

Монополияга қарши тартибга солиш хизмати ушбу воқеа юзасидан  раис ўринбосарлари ва бўлим бошлиқлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтгани ҳақида хабар берди. Йиғилишда мамлакат қонунчилигига қатъий риоя қилиш зарурлиги юзасидан кўрсатмалар берилди. Хизматдан маҳкама  фаолияти шаффоф эканлигини таъкидладилар.

Бундан ташқари, идорадан Тукунов истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари, шунингдек, Бишкек шаҳри ва Чуй, Норин, Талас, Иссиқкўл вилоятларидаги бошқармалар ишини текширишини айтди.

«Ун, шакар, сут, ёғ ва бошқа шунга ўхшаш товарлар аҳоли учун ижтимоий аҳамиятга эга товарлар ҳисобланади. Шу боис мазкур озиқ-овқат маҳсулотлари бозори давлат томонидан алоҳида назоратга олинган», — дейилади маҳкамадан.

Муассаса текширувлар нархларнинг ошиши ва фирибгарликнинг олдини олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши асосида текширишлар ўтказилаётганини маълум қилди.

«Вазирлар маҳкамаси  хизматга бозор нархларини доимий равишда кузатиб бориш, таҳлил қилиш ва мониторингини олиб бориш бўйича кўрсатма берди. Монополияга қарши тартибга солиш хизмати товар ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар ва савдо шохобчалари билан нархларнинг ҳаддан ташқари ошишига йўл қўймаслик учун  ишчи учрашувлар ўтказиб туриши керак», — дейилади хизматдан.

Бошқарма маълумотларига кўра, хизмат мамлакатнинг барча савдо нуқталарида ҳар куни нархлар мониторингини олиб боради, нархларни барқарорлаштириш бўйича тавсиялар беради, савдогарларга нархларни оширмаслик юзасидан маслаҳатлар беради. Буларнинг барчаси қонун доирасида амалга оширилади.

Акжолтой Тукунов Монополияга қарши тартибга солиш хизмати раиси ўринбосари этиб 2022-йил июл ойида тайинланган эди. Шу пайтгача у жамиятда казиноларни қонунийлаштиришга қарши чиққан фаол сифатида танилган.

Тукунов аввал ҳам, аниқроғи 2020-йил октябрь воқеаларидан кейин бир неча ой давомида Монополияга қарши тартибга солиш хизмати раиси ўринбосари лавозимида ишлаган.