Factcheck.kg: 2020 йили парламент сайловида рақамли сохта-фабрикалар фаолият юритган

Factcheck.kg нашрининг мухбирлари 2020 йили ўтган парламент сайловида қўлланилган троллар фабрикаси ҳақида суриштирув эълон қилди.

Журналистларнинг маълумотига кўра, сиёсатчилар ҳақиқий одамлар ижтимоий тармоқлар орқали изоҳ ёзган офлайн-фабрикаларни ҳам, автоматлаштирилган бот-фермалардан ҳам фойдаланишган.

Журналистларнинг ахборот манбаи автоматлаштирилган троллар фабрикасини «Мекеним Қирғизистон» партияси фаол фойдаланганини айтган. Манбанинг таъкидлашича, бундай фабрикани фойдаланиш учун партия 350 минг доллар сарфлаган.

Оффлайн-фабрика қандай тузилган?

Нашр журналистлари турли ўлчамдаги «троллар фабрикаси»нинг бир неча ходими билан алоқага чиқиб, ушбу ташкилотлар сайлов вақтида қандай ишлаганини аниқлашди.

Нашр маълумотига кўра, кичик фабрика 6-7 кишидан иборат бўлиши мумкин, одамда улар қўшимча даромадга муҳтож ёш йигит-қизлардан тузилади. Уларнинг ҳар бири изоҳ қолдириб, постларни бўлишиш учун бештадан сохта аккаунт очишган.

Сурат: Factcheck.kg

Катта миқёсдаги фабрикаларда эса 100га яқин шахс фаолият юритади. Иш қидирганларни танишлари орқали суҳбатга чорлашади, аммо улар нима иш қилиши айтилмайди. Топшириқни фақат уларни ишга олганидан кейин тушунтиришади.

Factcheck.kg нашрининг маълумотига кўра, йирик гуруҳларга 15-20 тажрибали журналистлар раҳбарлик қилган. Ходимлар ҳар куни 12 соат ишлаган. Ташвиқот вақтида иш ҳақи ойига 25 минг сомни ташкил қилган.

Автоматлаштирилган троллар фабрикаси қандай ишлайди?

«Яна бир ходим билан суҳбатлашгандан сўнг биз офлайн «фабрикалар» – кечаги кун эканига ишондик. Чўнтак партиялар ёки номзодлар ўзининг фейкларини йўқ қиладиган автоматлаштирилган фабрикаларни ҳам олиб боришга қудрати етибди», — деб ёзди журналистлар.

Ахборот манбаси нашрга 2020 йили ўтган парламент сайловида «Мекеним Қирғизистон» партияси 350 минг доллар тўлаб худди шундай фабрикадан фойдаланганини айтган.

Ахборот манбаси журналистларга ушбу фабрикада фақат 15 киши ишлаганини айтган. Жамоа бир кунда 150 янги аккаунтни очган. Қалбаки аккаунтлар ижтимоий тармоқларда изоҳ қолдиради, бир кеча кундуздан кейин ўзидан-ўзи йўқ бўладида, изоҳлари сақланиб қолади.

«Сиз ҳеч қачон изоҳни ким қолдирганини топа олмайсиз. Чунки эртаси куни бу профилга кирсангиз, у йўқ бўлиб кетади. Тизим бошида эса оддий изоҳларни, смайликларни қолдиради. Кейин оддий ижобий ва салбий изоҳларни қолдира бошлаган. Уларни ҳақиқий фойдаланувчиларнинг изоҳларидан фарқлашнинг имкони йўқ», – деган журналистларга ахборот манбаи.

Нашр суҳбатдоши софт «ижобий» ҳам, «салбий» ҳам изоҳларни мустақил ёзишини айтган. 15 кишидан учтаси контрпропаганда билан — бошқача айтганда, рақобатчиларини танқид қилиб ишлаган.

Шунингдек, ахборот манбаси жамоада фақат бир киши қирғизистонлик эканини, қолган ходимлар чет элликлар бўлганини таъкидлаган. Қирғизистонлик ходим сўзлашувларни олиб бориб, барча иш учун масъулиятни олган.

«Мекеним Қирғизистон» нима деб жавоб берди?

Factcheck.kg нашри изоҳ олиш учун сиёсий ташкилот аъзолари — ҳозирда Давлат мулкини бошқариш жамғармасига етакчилик қилаётган Мирлан Бакиров ва жамоат арбоби Элнура Алканова билан алоқага чиққан.

Таҳририят билан суҳбатлашганда Бакиров бу каби троллар фабрикаси ҳақида хабари йўқлигини, «сайлов вақтида партияни бошқариб, ҳудудларни айланиб, дастури ва номзодлар тўғрисида маълумотларни аҳолига етказиб турган»ини айтган.

Алканова ўз навбатида, рақамли ферма қўлланилгани ҳақида маълумотни тасдиқламади ҳам инкор ҳам этмади. У ҳар бир номзод фақат битта қонунни бузмаслик талаби билан ташвиқот ишини мустақил олиб борганини айтган.

«Партиянинг бошқа аъзолари қайси бир ҳудудларга жавоб берган, аммо улар қандай иш олиб борганини билмайман, мен у ерга аралашмасликка ҳаракат қилдим… […] Ҳа, ҳар кимнинг қўлидан келади. Аммо нима бўлганини айта олмайман. Улар қилади ҳам қилмайди деб ҳам айта олмайман. Мен уларнинг қилганини кўрмадим. Кўрмай туриб, мен уларнинг нима қилганини айта олмайман, лекин мен уларни ҳимоя ҳам қила олмайман», – дея изоҳ берган у.

Парламент сайлови

2020 йилнинг 4 октябрида ўтган парламент сайлови кўплаб қонун бузишлар билан бўлган. Умумий республика бўйича сайловчиларни оммавий ташиб келиш, овоз сотиб олиш, админресурсдан фойдаланиш, форма №2 орқали оммавий рўйхатдан ўтказиш каби кўринишлар қайд этилган.

Марказий сайлов комиссияси (МСК) эълон қилган натижага кўра, Жогорку Кенешнинг еттинчи чақирилишига ўша вақтда ҳукуматга яқин бўлган «Биримдик», «Мекеним Қирғизистон» ҳамда «Қирғизистон» партиялари ўтган.

Матраимовлар билан алоқаси бўлган «Мекеним Қирғизистон» партияси овозларнинг 24%ини олиб, иккинчи ўринга чиққан. МСК маълумотига кўра, сайловгача ташвиқот ишларига «Мекеним Қирғизистон» партияси 142,5 млн сом сарфлаган.

Аммо партия парламентга келмади. Сайлов вақтида қонун бузишлар норозиликка, оммавий тартибсизликка ҳамда ҳукумат алмашинувига олиб келган. МСК парламент сайлови натижасини бекор қилган.

Сурат: «Клооп»

Матраимовларнинг оиласи —мамлакатдаги энг таъсирли кланларнинг бири.

Оиладаги ака-укаларнинг бири — божхона бошлиғининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов. У ноқонуний товар олиб ўтиш ва давлатдан пул воситаларини олиб чиқиб кетиш билан шуғулланган божхона империясини тузган. Матраимов коррупцияда айбдор деб топилган, аммо фақат 260 минг жарима солинган. Шунингдек собиқ амалдор давлатга нақд пул ва мулк турида 2 млрд сом тўлаган. Машҳурлиги бўйича иккинчи ўринда Искендер Матраимов — Райимбек Матраимовнинг акаси. У қаторасига икки чақирилишда парламент депутати бўлган.

Асосий сурат: Factcheck.kg