29 июль куни Ички ишлар вазири Улан Ниязбеков ИИВнинг коллегиясида вояга етмаганларга нисбатан жиноятларнинг ўсиши ҳақида маълумот берди.
Вазир ҳамкасбларидан оилавий зўравонлик, олиб қочиш, тажовуз, жамоат жойлардаги безорликлар, вояга етмаганларга алоқадор бошқа жиноятларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш ва мазкур топшириқларни бекаму кўст бажаришни талаб қилди.
Ўз нутқида Ниязбеков шунингдек ИИВ бўлимларининг фаолиятидаги камчиликларга ҳам тўхталиб ўтди.
«Уларнинг баъзилари интернет, ижтимоий тармоқларда муҳокама қилиниб, жамият орасида нотўғри фикрларни пайдо бўлишига туртки бўлмоқда. Унинг ичида, милициянинг нафсониятига шубҳа солган воқеалардан бошлаб, ходимларнинг нотўғри хатти-ҳаракатлари ҳақида номақбул мақолалар эълон қилинган. Юкланган вазифаларни аниқ бажармай эътиборсизлик қилган, нафақат қонун талабларини, бевосита масъул бўлган ишига бепарво бўлган раҳбарлар ҳам бўлди», — деди Ниязбеков.
Болаларга нисбатан зўравонлик
Қирғизистонда 2022 йил бошидан буён болаларга нисбатан 400дан ортиқ зўравонлик факти қайд этилган. Бу ҳақда «Биринчи радио»нинг эфир вақтида Ички ишлар вазирлигининг Жамоат хавфсизлиги хизмати бўлими бошлиғи Нуржан Адилова хабар қилди.
Унинг таъкидлашича, мазкур 400 фактнинг 55 ҳолати — бу жинсий тажовуз.
Рўйхатга олинган 55 жинсий тажовузнинг ичидан: 19и зўрлаш, 5и жинсий тажовуз кўрсатиш ҳаракати, 23и вояга етмаган қизларга нисбатан жинсий зўравонлик кўрсатиш ҳаракати, 8и номақбул ҳаракатлар.
Шунингдек болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг сони йил сайин ўсмоқда. Кўпинча иш судгача етмайди, чунки кўп вақтларда болаларга нисбатан зўравонликлар қариндошлари томонидан бўлади. Жабрланганларнинг оилалари шикоят қилишни ўйласа ҳам, қариндошлари билан келишиб олиб арз қилишдан воз кечишади.
Милиция ходимлари вояга етмаган қизни зўрлашда айбланмоқда
13 ёшдаги қизнинг зўрланиши ҳақида жорий йилнинг июль ойида аниқ бўлган. Бу иш бўйича Бишкекда суд иши бошланган.
Ҳозирда икки нафар милиция ходими ва «Дордой» бозорида ишлаган қоровул жавобгарликка тортилиши мумкин. Шунингдек ўқувчи қизни зўрлашда гумонланган официантга нисбатан қўзғалган ишни текшириш ҳам якунланиб қолган. Ишнинг материаллари судга ўтказилган. Қизнинг яқинлари гумонланаётган милиция ходимлари жавобгарликдан қутилиб кетиши мумкин деб хавотир олмоқда.
Қизнинг отасининг сўзларига кўра, қизига нисбатан зўравонлик 2021 йилнинг августидан 2022 йилнинг февралигача тўхтамаган.
5 июлда ўсмир қизнинг зўрлангани ҳақида маълумотлар тарқаган вақтда ИИВнинг биноси олдида қизлар ва аёлларга нисбатан зўравонликка қарши митинг ўтган. Акция иштирокчилари аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилишни, ИИВнинг бошлиғи Улан Ниязбековнинг истеъфосини талаб қилган.
Депутат Дастан Бекешев ички ишлар вазири «шу каби ёввойилик воқеалардан хулоса чиқармай, ишини ҳар доимгидай давом эттираётганини» билдирган. Вазирликдан эса депутатга маҳкама кўраётган чораларга қарамасдан мамлакатда аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари кўп эканини айтиб жавоб берган.