Боткен вилоятининг Қадамжой туманида 31-июлда оммавий заҳарланиш ҳолати қайд этилди. Бу ҳақда «Клооп»га Соғлиқни сақлаш вазирлигидан билдиришди.
Маълумотга кўра, 30-июлда ҳудуддаги тўйхоналарнинг бирида 250 киши иштирокида тадбир ўтган. Дастлаб 48 киши касалхонага мурожаат қилган — уларда диарея, ҳолсизлик бўлиб, тана ҳарорати кўтарилган.
31-июль соат 19:30га нисбатан беморлар сони 58ни ташкил этган. Уларнинг олти нафари касалхонага ётқизилган, 6 ва 2 ёшдаги болалар жонлантириш бўлимига тушган. Уларнинг аҳволи «ўрта оғир» деб баҳоланмоқда.
Беморларнинг ҳаммаси тўйда истеъмол қилган таомида қандайдир бир ҳидни сезишганини айтишган. Шунингдек улар товуқ гўшти ва майонез қўшилган салатларни, товуқ грили ва қовун-тарвуз егани аниқ бўлган.
Ҳозирда санитар эпидемиологик текширув бошланиб, жабрланганлар сони аниқланмоқда.
Республикада ёз ойи бошлангандан буён бир неча маротаба оммавий заҳарланишлар қайд қилинган. Сўнги марта Жалолобод шаҳрида тез тайёрланувчи таомлар ошхонасидан 80дан ортиқ киши заҳарланган. Воқеадан сўнг шаҳар ҳукумати жамоат овқатланиш жойларида текширув олиб бориб, баъзиларига жарима солган.