Президентнинг маслаҳатчиси Жапаров коррупция билан «аёвсиз курашаётганини» айтди. Ростдан ҳам шундайми?

2322
Садир Жапаров ва Чолпонбек Абикеев (президентнинг ўнг томонида). Сурат: давлат раҳбарининг сайти.

Президент маслаҳатчиси ҳамда аввал давлат мафкурасига масъул бўлган собиқ давлат котиби Чолпонбек Абикеев президент маъмуриятининг бепул газетаси учун «давлат хизматида 500 кун» номли мақола ёзди. Газетада Абикеев Садир Жапаровнинг президентлик лавозимидаги фаолияти ҳақида ёзган.

Мақолада муаллиф Садир Жапаров президент бўлганидан кейин мамлакатда коррупцияга қарши кураш фаоллашганини алоҳида таъкидлаган.

«Яратган Аллоҳ Садир Жапаровни қанча синовлардан ўтказиб, бўйсунмас ўжарлигини кўриб, Қирғизистонни чўкиб бораётган ботқоқдан чиқариб олишига ишониб, халқ бошига олиб келди шекилли деб қоламан», — деб фикр билдирди президентнинг амалдаги маслаҳатчиси.

Унинг фикрича, халқнинг коррупцияга аралашган қариндошларини «меникига тегма» деб ҳимоя қилиш одати бор. Абикеев одамлар айбланувчилар «халқнинг қонини сўриб, бойиган»ини билсалар, суд олдида норозиликка чиқади дея ҳисоблайди.

«Бундай аҳмоқлик фақат қирғизларда бўлса керак. «Ҳокимиятдагиларга нисбатан адолатли бўлинг. Холис бўлинг. Ҳақдан оғишманг!» деб талаб қиламиз […] Яқин қариндошим бўлса ҳам порахўр бўлса «Сенинг коррупционер эканинг аниқ. Энди жазонгни ол» дея олмаймиз. Мана шундай қирғизнинг феъл-атворини яхши билса ҳам, Садир Жапаров коррупцияга қарши шафқатсиз кураш бошлади», — деб ёзади Абикеев.

Президент маслаҳатчисининг сўзларига кўра, «давлат ва халқ фаровонлигини митадай сўраётганлар» ўзларининг фаровон ҳаётларидан айрилиб, «ҳукуматнинг ашаддий душманига айланишди».

«Садир Жапаровнинг қилаётган ишларининг бирортасини ҳам кўришни хоҳламайдилар. Кичкина айб топса, қаёқдаги гапларни айтиб, пашшани филга айлантириб, туҳмат қилади. Сохта туҳматларни ўйлаб топганлар ҳам кўп», - дейди собиқ давлат котиби.

Абикеев президент «ваъдасини бермасдан, барча соҳаларда ислоҳотларни бошлаб юборганини» таъкидлади.

«Ислоҳотлар ғилдираги ҳар гал айланса, «чинқирувчилар» чиқади. Бир ёки иккита мисол. Соғлиқни сақлаш вазирлигида ислоҳотлар бошланишидан олдин, улар эндигина кадрларни тозалашни бошлаб, илдиз отган коррупцион тизимларга озгина тегиши билан нималар содир бўлди? Мактаб директорларининг ўзгариши бўйича шов-шув кўтарилди. Этингиз туз сепгандай ачишади», — деб ёзади у.

Абикеев муваффақиятли давлатлар сифатида Сингапур, Япония ва Жанубий Кореяни мисол келтирди. У бу мамлакатларда коррупцияга қарши кураш ҳибсга олишлар, отишмалар ва «тумшуғига туширишлар» билан кечишини айтди.

«Номи тилга олинган мамлакатларда ҳам ислоҳот жараёнида хатолар, нотўғри қадамлар ташланди, яна тузатишлар киритилди. Асосий мақсад давлатнинг давлатчилигини мустаҳкамлаш, коррупцияни бартараф этиш, қонунни ҳурмат қиладиган, байроқни ушлаб турувчи, уни холисона сақлайдиган ҳуқуқий давлат барпо этиш эди ва ниҳоят бунга эришдилар. Бугунги президент Садир Жапаров бошлаган янги Қирғизистонни қуриш йўли - машаққатли йўл. Аммо бу қийин, дейиш -орқага чекинмасдан тугатишнинг ягона тўғри йўлидир. Осон, фаровон ҳаётга эришиш фақат эртакда бўлади», —деб ёзади у.

Бу қандай газета?

Садир Жапаровнинг 500 кунлик фаолияти ҳақида ҳисоботи ёзилган газетанинг махсус сони 27 июль куни чоп этилди. У 500 минг нусхада (400 минг қирғиз тилида ва 100 минги рус тилида) нашр этилган.

Газетанинг биринчи саҳифаси. Сурат: «Қирғиз почтаси».

Президент маъмуриятининг «Қирғиз почтаси» ходимлари газетани биринчи навбатда ҳудудидаги хонадонларга тарқатаётганини маълум қилди. Шунингдек уни почта бўлимларидан ҳам олиш мумкин.

Мақола эълон қилинишидан олдин Жапаров маъмурияти «Клооп»га 500 минг нусхадаги газета қайси маблағ ҳисобидан чоп этилганини айтмаган. Улар газета нима мақсадда чиқарилганини тушунтиришмади.

Жапаровнинг коррупцияга қарши кураши

Садир Жапаров ҳукуматга келгач, коррупцияга қарши курашнинг янги «қустириш» деб номланган усулини эълон қилди. Бу коррупцияда гумон қилинган ёки айбланаётган мансабдор шахсларнинг ихтиёрий давлат манфаати учун хайрихоҳлигидир.

Коррупцияга қарши кураш ва мансабдор шахсларни ҳибсга олиш иши билан Жапаровнинг яқин дўсти Камчибек Ташиев бошқарган МХДҚ шуғулланади.

МХДҚ раҳбари бошқарма коррупцияга қарши фаол кураш олиб боришини бир неча бор таъкидлаган. Бироқ, мансабдор шахсларнинг шов-шувли ҳибсга олишлари кўпинча коррупцияда айбланганлар МХДҚ томонидан белгиланган зарар миқдорини тўлашлари билан якунланади. Агар мансабдор шахслар тергов билан ҳамкорлик қилсалар, улар уй қамоғига қўйиб юбориларди.

Коррупцияга қарши курашдан тушган маблағлар аввало МХДҚнинг депозит ҳисобига тушади, сўнгра Молия вазирлигининг ҳисоб рақамига ўтказилади, сўнгра яна бюджетнинг харажатлар моддалари бўйича тақсимланади. Маблағлар Президент жамғармасига ҳам йўналтирилиши мумкин.

Бироқ «қустириш»дан тушган маблағни мутасаддилар қаерга сарфлангани ҳозирча маълум эмас. Ҳуқуқ ҳимоячилари маблағлар шаффоф сарфланмаётганини даъво қилмоқда, президент батафсил маълумот учун истаган хоҳ Молия вазирлиги ёки МХДҚга мурожаат қилиши мумкинлигини таъкидлаган.

Божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов билан парламентнинг собиқ депутати Кубаничбек Жумалиевнинг ҳибсга олингани энг кўп муҳокама қилинган воқеа бўлган.

2020 йили Райимбек Матраимовни ҳибсга олиш вақти. Сурат: МХДҚ.

Матраимов божхонадаги коррупция иши бўйича давлатга 2 миллиард сом зарарни қоплаб берган, кейин суд уни айбдор деб топиб, атиги 260 минг сом жаримага тортиб, озод қилган.

2021 йил 12 апрель куни МХДҚ Жумалиев давлат фойдасига умумий қиймати 1 млрд. сомни ташкил қилган тижорий активлари билан кўчмас мулкларини ўтказиб беришганини маълум қилган. Шундан сўнг, «соғлиғи ва ёшини инобатга олган ҳолда», собиқ депутатга нисбатан эҳтиёт чораси ҳеч қаерга кетмаслик тилхатига ўзгартирилган.

«Халқ хизматида 500 кун» газетасида Жапаров даврида «аниқланган коррупцион схемалар бўйича давлат даромадига 8 миллиард сомдан ортиқ маблағ ва турли мулклар қайтарилгани» айтилади.

«Юқори мансабдор шахслар, суд ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ҳибсга олиниб, жавобгарликка тортилди. Коррупцияга қарши кураш давом этмоқда. Оддий халқ ғазнасидан ўғирлаганлар - ўн баробар қилиб қайтаряпти», — дейилади газетада.

«Қустириш» сиёсати аллақачон ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан танқид қилинган. Улар бундай ҳаракатларни «оддий товламачилик ва шантаж» деб аташган. Уларнинг «қустириш»нинг шаффофлиги қўшимча саволлар туғдиришини таъкидлашган.

Ўтган йили, сентябрь ойида юрист Нурбек Токтакунов, Молия вазирлигининг жавобига таяниб, «қустириш» учун маблағ умуман республика бюджетига тушмагани, у ҳамон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг депозит ҳисобида қолаётганини билдирган.

МХДҚдан буни рад этиб, жиноят ишлари бўйича якуний процессуал қарорлар чиқарилгандан сўнг пул маблағлари бюджетга, мусодара қилинган мол-мулк эса Давлат мулкини бошқариш жамғармасига ўтказилаётганини маълум қилди.

Абикеев ким?

Чолпонбек Абикеев ёзувчи ва журналист сифатида танилган, аммо у давлат хизматида ишлаган катта тажрибага эга.

Чолпонбек Абикеев. Сурат: Президент сайти.

Абикеев 1956 йили Норин вилоятида туғилган. AKIpress'нинг маълумотига кўра, 1991 йили «Аалам» газетасига асос солиб, у ерда 2005 йилгача бош муҳаррир бўлиб ишлаган. Шундан сўнг президент маъмуриятининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи бўлган. 2009 йили Давлатни рўйхатга олиш хизмати қошидаги Давлат архив агентлигининг директори бўлиб тайинланган. Садир Жапаров ҳукуматга келганидан кейин Абикеев янги Конституция лойиҳасини ишлаб чиққан Конституцион кенгашнинг* мажлисларида иштирок этган.

*Конституцион кенгаш аъзоларининг кўпчилик қисми президент Садир Жапаровнинг тўғридан-тўғри ёки ғоявий жиҳатдан тарафдорлари бўлган. Уларнинг орасида Конституцияни (қабул қилинган) янги версиясининг муаллифлари, манасшунослик, анъанавий ва маънавий билимларга эга мутахассислар бўлган.

Кенгаш аъзоларидан лойиҳага очиқчасига қарши чиққан бирорта ҳам одам бўлмаган. Бундан ташқари, афсонавий парламентнинг собиқ спикери Абдигани Эркебаев кенгаш таркибини нопрофессионал деб атади, чунки у ерда конституциявий ҳуқуқ бўйича ҳуқуқшунос-мутахассислар жуда кам деб тушунтирган.

2021 йил 10 майда Абикеев Вазирлар маҳкамаси раиси Улукбек Мариповнинг маслаҳатчиси, ўша йилнинг 2 июлида эса давлат котиби этиб тайинланган эди.

2021 йил 12 октябрда эса Чолпонбек Абикеев ўрнига давлат котиби лавозимига Суюнбек Касмамбетов тайинланди. Шу куни Абикеев президент маслаҳатчиси этиб тайинланди.