Яна бир аскар ўқдан ҳалок бўлди. Қариндошлари аскар ўзини ўзи отиб олганига ишонмайди

№27 ахлоқ тузатиш муассасаси. Сурат: Жазони ижро этиш хизмати.

29 июль куни эрталаб соат 8:30 атрофида Аламудун тумани Молдовановка қишлоғидаги №27 ахлоқ тузатиш муассасасини қўриқлаётган аскар Калис Абдикабилов ўқдан ҳалок бўлди. Бу ҳақда Жиноят-ижроия хизматининг матбуот хизмати хабар берди.

«Қўриқчи бўлинмаси аскари ўзига бириктирилган қуролдан ўқ узди ва олган тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этди», — дейилади маҳкамадан.

Жазони ижро этиш хизматидан воқеа юзасидан Ҳарбий прокуратура тергов ишларини бошлаганини таъкидлади.

Аскарнинг қариндошлари нима дейди?

Абдикабиловнинг акаси Таалайбек Турдубеков 18 ёшли укаси «ўзини отиб олди» деган важга ишонмаслигини айтди.

«Бу тасодиф эканлигига ишонолмайман. У ўзини отган жойни кўрдик. Кичкина хонанинг ичида бўлибди. Автомат билан отди, буни қандай қилди тушунмадим, автоматни айлантирсанг ҳам бошингга тегмайди. У ерда автомат ўқлагани бўлмайди», — деб «Клооп»га тушунтирди у.

Марҳумнинг акаси, укам ўз жонига қасд қилган тақдирда ҳам «босим бўлган бўлиши мумкин» деб ҳисоблайди. Шу билан бирга укаси ўқ еган ҳолатда икки ярим соат бутканинг ичида қолиб кетганини таъкидлаб, милтиқнинг овозини ҳеч ким эшитмай қолганига ҳайратда қолмоқда.

«Соат 6:00да эндигина қоровулликка чиққан экан. Саккиз яримда, аскарлар алмашганда кейин кўришибди. Шу пайтгача буни ҳеч ким кўрмаган ва ҳатто эшитмаган. Ўқ овозлари 2 километр узоқликдан эшитилса керак», — дейди у.

Турдубеков укаси Молдовановкада хизмат қилиш учун Иссиқкўл вилоятининг Оқ-сув туманидан келганини қўшимча қилди.

Бош прокуратура нима дейди?

Бош прокуратура матбуот котиби Сирожиддин Камолидинов «Клооп»га маълум қилишича, аскарнинг ўлими юзасидан Ҳарбий прокуратура текширув бошлаганини билдирди.

«Суд-тиббий ва бошқа тегишли экспертизалар тайинланди. Тергов натижаларига кўра қонуний қарор қабул қилинади», — деди у.

Камолидинов терговдан сўнг воқеа юзасидан батафсил маълумот беришга ваъда берди.

Калтакланган ва вафот этган аскарлар

Аввалроқ, июль ойида Қўй-Тош қишлоғидаги ҳарбий қисмнинг бир аскари ўқдан вафот этган эди. Мудофаа вазирлиги аскар қуролга эҳтиётсизлик билан муносабатда бўлиши оқибатида тасодифан ўқ узганлигини айтган.

Аскарнинг яқинлари унинг ўз жонига қасд қилганига ишонмаслигини айтиб, Мудофаа вазирлигидан норози бўлишган.

Июль ойида Фавқулодда вазиятлар вазирлигида муддатли асосда хизмат қилаётган аскар Бекзат Эсенбеков қаттиқ калтакланиб, касалхонага ётқизилган эди. Унда аскарнинг қовуғи ёрилиб кетгани айтилган. Аскарнинг онаси ўғлини ҳарбий қисмда пул туфайли калтаклаганини маълум қилган.

Натижада Ҳақиқатчи Атир Абдрахматова ташаббуси билан ҳарбий хизматни ўташ даврида инсон ҳуқуқларига риоя қилиш масалалари бўйича идоралараро ишчи гуруҳи тузилди.

Ишчи гуруҳ сўнгги 5 йил ичида рўйхатга олинган ҳарбийларнинг ўлими, ўз жонига қасд қилиши, калтакланиши ҳолатлари бўйича фактларни тўплайди ва таҳлил қилади.

Шу билан бирга, гуруҳ аъзолари ушбу соҳадаги ҳуқуқий нормаларни ишлаб чиқиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида миллий ва халқаро қонунларни ўрганиб, уларнинг амалий қўлланилишини ўрганадилар.