МБ: Қирғизистонликлар пул ўтказмаларини нақд валютанинг курсига кўра сом билан олиши мумкин

319

Энди тижорат банклар ўтказилган пулларни мижозларга нақд валюта айирбошлаш курсига кўра сом билан бериши керак. Бу ҳақда Миллий банкнинг матбуот хизмати хабар қилди.

Банкдан 27 июлда қарор қабул қилинганини билдиришди. Энди маблағларни олувчига юборувчи давлат валютасида нақд ёки айирбошлаш курсига кўра сом билан берилиши керак.

Бу банк ҳисобига, банк тўлов картасига ёки электрон ҳамёнга чегирма пул ўтказмаларининг конвертациясига ҳам тегишли.

Миллий банкдан чет эл валютанинг нақд ва нақд бўлмаган айирбошлаш курси ўсиб ва нақд доллар танқис бўлаётган вазиятда истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун шундай чора кўрилганини таъкидлашди.

Миллий банк республикадаги иқтисодий хавфсизликни сақлаш учун тижорий банкларга, пул алмаштириш шохобчаларига ва микромолиявий ташкилотларга мамлакат ташқарисига нақд АҚШ долларини чиқариб кетишга ҳам тақиқ қўйилганини эслатиб ўтди. Чунки хусусий ва юридик шахсларга бу каби чеклов киритилмаган, боиси қонунларда улар учун капитални эркин олиб кириш ва эркин олиб чиқиш имконияти қаралган.

«Қирғизистон иқтисодиётининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, мамлакатдан нақд АҚШ долларини олиб чиқишни тақиқлаш жорий этилмади, чунки бундай чекловнинг киритилиши мамлакат иқтисодий барқарорлиги ва аҳоли фаровонлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин», — деб тушунтиришди Миллий банкдан.

Аввалроқ чет эл валютасини мамлакатдан олиб чиқиш таъқиқланиши мумкинлиги хабар қилинганди. Айни пайтда тегишли қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасида бўлиб, у юридик, шунингдек жисмоний шахсларга ҳам тегишли. Якуний қарорни вазирлар маҳкамаси қабул қилиши керак.

Миллий банк 22 июль куни чет эл валютасини айирбошлаш операцияларига вақтинчалик чеклов киритди. Эндиликда тижорат банклари валюта айирбошлаш шохобчалари билан фақат шу айирбошлаш шохобчасининг бир кунлик айланмасидан ошмайдиган миқдорда валюта олди-сотдисини амалга ошириши мумкин. Миллий банк бундай чора валюта спекуляциясига ва тил бириктиришларнинг олдини олиш мақсадида кўрилганини айтди.

Долларни мамлакатдан олиб чиқиш

Аввалроқ Миллий банк Қирғизистонда нақд АҚШ доллари тақчиллиги, шу сабаб аҳолининг хорижий валютага бўлган талабини тўлиқ қондиришнинг имкони йўқлигини билдирган эди.

Миллий банк чет эл валютаси йўқлигини - хориждаги жисмоний ва юридик шахсларнинг чайқовчиликлари билан изоҳлади. Шу билан бирга, мамлакат бош банки долларнинг кескин тақчиллиги йўқлигини таъкидлади.

Шунингдек Миллий банкдан Қирғизистонга доллар олиб кирувчи каналлар иши ҳам издан чиққанини айтишади. Илгари маҳаллий банклар нақд долларни Қозоғистон ва Россиядан сотиб олган бўлса, энди валюта етказиб берувчи бу каналлар ишламай қолди, банклар янги йўлларни кўриб чиқмоқда.

Июль ойи бошида бир қатор банклар чет эл валютасини нақд ечиб олиш учун 5 %лик комиссия жорий этди. Буни Миллий банк қуйидагича изоҳлади: банклар бу ҳаракати билан валютани нақд пул олиб киришда сарфланган харажатларни қоплаш учун муомалага киритмоқда.