Бишкек шаҳрининг Ленин туман ички ишлар бошқармасининг икки ходими чет эл фуқаросидан пора олаётганда қўлга олинди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг матбуот хизмати хабар қилди.
Маълумотга кўра, гумондорлар терговгача текширув ишларини тўхтатишни ваъда қилиб, чет эл фуқаросидан 2 минг доллар талаб қилган.
Қўлга олинганлардан бири — туман милициясининг терговчиси, иккинчиси —жиноят қидирув бўлимининг тезкор ходими.
Гумондорларга нисбатан «Пора талаб қилиш» моддаси билан жиноят иши қўзғалиб, МХДҚнинг СИЗОсига киритилди.
Жорий йилнинг апрель ойида Сокулук туман ички ишлар бошқармасининг тергов хизмати бошлиғининг ўринбосари 20 минг сом пора олаётганда қўлга олинди. Гумондор судгача ишни тўхтатиш учун С.Г. исмли шахсдан пора талаб қилган.
Коррупция даражасини ўрганиб чиққан Transparency International халқаро ташкилоти маълумотига кўра, Қирғизистон 2021 йили порахўрликнинг даражаси бўйича 27 очкога эга бўлиб, 144-ўринга чиққан. Мазкур кўрсатгич 2020 йилга нисбатан 20 босқичга паст—ўтган йили Қирғизистон 31 очко билан 124-ўринда эди.
Дания, Финляндия ва Янги Зеландия 88 очко билан биринчи ўринга чиқиб, коррупция даражаси энг паст давлатлар қаторига кирган