Ўш шаҳрида йўл ҳалокати қайд этилиб, уч киши ҳалок бўлди

262
Сурат: Turmush

26 июлга ўтар кечаси Ўш шаҳрида содир бўлган ЙТҲда уч киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ўш шаҳар ИИБдан билдиришди.

Маълумотларга кўра, ЙТҲ тунги соат 01:30 атрофида Сулаймонтоғ рўпарасидаги Гапар Айтиев кўчасида содир бўлган. Hyundai Santa Fe машинасининг ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, реклама тахтасига бориб урилган.

Авария оқибатида машина пачоқланиб, уч киши вафот этган. Ҳозирда воқеа тафсилотлари аниқланмоқда.

Қирғизистонда йил сайин йўл-транспорт ҳодисалари ортиб бормоқда. 2021 йили мамлакатда 7437 йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган, бу 2020 йилга нисбатан 22,9 фоизга кўпдир. Йўл-транспорт ҳодисаларида 800 дан ортиқ киши ҳалок бўлган.

Сўнгги тўрт йилда Қирғизистонда 32 мингдан ортиқ йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилиб, 4006 киши ҳалок бўлган. 49 639 киши турли тан жароҳатларини олган.