Чуй: Таш-Дободаги сув масаласини ҳал қилиш учун 20 млн сом ажратилди

Чуй вилоятининг Аламудун туманига қарашли Таш-Добо қишлоғидаги тоза сув муаммосини ҳал қилиш учун 20 миллион сом бўлинди. Бу ҳақда мазкур ҳудуднинг қишлоқ ҳукуматидан 24.kg нашрига билдиришган.

Маълумотга кўра, тегишли ҳужжатларни тайёрлаш ишлари якунланиб,  жорий ҳафта ичида тендер эълон қилинади. Кейинроқ 200 метр чуқурликдаги янги қудуқни ўрнатиш ишлари бошланиши айтилган.

Тош-Добе қишлоғининг турғунлари тоза сув муаммосига ечим топиш талаби билан Жорий йилнинг 21 июль куни митинг ўтказган. Унда ўнлаб одамлар бўш челак кўтариб, йўл бўйлаб саф тортдилар.

Митинг иштирокчилари «жазирама иссиқда қишлоқда ўн кундан ортиқ сув йўқ бўлаётганини» қайд этишган.

Айрим турғунлар қишлоқда аҳоли сони йилдан-йилга кўпайиб бораётгани, тоза сув етарли эмаслигини таъкидлади. Уларга кўра, сув қувурлари таъмирга муҳтож ҳолга келиб қолган.

Шунингдек аҳоли ҳукумат вакиллари ва маҳаллий ҳукумат муаммони ҳал қилишга ваъда бериб, бироқ узоқ йиллардан буён ҳал этмаётганини танқид қилишган.

Митингга чиққанлар қишлоққа сув келмагунча йўл четига бўш челакларни кўтариб чиқишни тўхтамасликларини айтишган.

Қирғизистондаги тоза сув муаммоси

Қирғизистон қишлоқларининг асосий муаммоларидан бири ичимлик сувининг йўқлиги. Ҳатто тоза сув тортилган баъзи қишлоқ ёки шаҳарларда ҳам аҳоли лойқа сув ичишга мажбур.

Қирғизистондаги 300га яқин қишлоқда тоза сув умуман йўқ, яна 600 қишлоқда сув қувурлари тез орада таъмирга муҳтож. Халқаро ташкилотлар тоза сув билан таъминлаш бўйича дастурларга кўп пул ажратади.

2026-йилга қадар деярлик ярим миллиард доллар бўлинган. Аммо сўнгги икки йилда, фақатгина 123 қишлоқ тоза сув билан таъминланган.