2022-2024-йиллар оралиғида Афғонистоннинг Кичик ва Катта Помир ҳудудидан 1,5 минг нафар этник қирғизни кўчириб келиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 25-июлда Меҳнат, ижтимоий таъминот ва миграция вазири Кудайберген Базарбаев билдирди.
Вазирнинг маълумотига кўра, этник қирғизларни кўчириб келиш ва жойлаштириш ишларига давлат бюджетидан 244,5 миллион сом ажратилган.
Шунингдек вазир этник қирғизлар учун уй қуришга Ўш вилоятининг Қашқасув қишлоғидан 70 гектар ер бўлинганини таъкидлади. Шу билан бирга бўлинган ҳудудга 30 уй-жой қуриш режа қилинганини қўшимча қилди.
Садир Жапаров 2021-йилнинг 4-апрелида Алай туманидаги Талдисув қишлоғига Афғонистоннинг Кичик ва Катта Помиридан кўчиб келган этник қирғизлар билан учрашган.
Унда давлат раҳбари Помирда қолган қирғизларни ватанига кўчириш, ишсизлик масаласини ҳал қилиш, фуқаролик беришни тезлатишни ваъда қилган.
2021-йили 28-апрелда Талдисувда яшаган 44 этник қирғизга фуқаролик берилган. Бундан ташқари президент Чон-Алайга кўчирилиб келиши мўлжалланаётган афғонлик қирғизларга ҳам турар жой қурилишини билдирган. Ҳозирда Талдисувда 11 уйда 17 оила яшамоқда.
Этник қирғизлар
Помир қирғизлари илк бор 2017 йилда Норин вилоятига кўчирилган эди. Уларнинг баъзилари бир йилдан сўнг Афғонистонга қайтиб кетишди. Қолган қисми Олойга 2019 йилда жойлаштирилган.
Ҳукумат 2017-йилдан бошлаб помирлик қирғизларни тарихий юртига олиб келиш ҳаракатларини амалга ошира бошлаган. Унда Афғонистондан Норин вилоятига 33 помирлик қирғиз олиб келинган. Уларга билим бериш, даволаниш ваъда қилиниб, келганларнинг бири кўз ёрганда оиласига Норин ҳудудидан кичик уй берилган.
Орадан ярим йил ўтгандан кейин йигирмага яқин этник қирғиз Афғонистонга дам олишга кетиб, Қирғизистонга қайтиб келмаган. Улар ортга қайтмаганликларини Қирғизистондаги аҳвол ёмонлиги ва янги одамларга сингиб кета олмаганликлари билан изоҳлашган.
Кейинроқ эса Норинга яна бир қанча оилалар ўзлари мустақил кўчиб келган.
Кейинчалик, 2019 йил декабрь ойида Олой туманининг Сари-Мўғол қишлоғига Афғонистондан ўн бир оила кўчиб келган. Улар эски мактаб биносида жойлашган.
Ҳозирги Помир қирғизлари 1575-1930 йилларда Афғонистонда қўним топган қирғизларнинг авлодларидир. Улар қийин, таъли ва соғлиқни мустаҳкамлаш учун шароити бўлмаган Катта ва Кичик Помир тоғларида истиқомат қилишади.