21-июлда Чўлпонота шаҳрида беш давлатнинг президенти иштирок этган Марказий Осиё давлатлари етакчиларининг IV Маслаҳатлашув учрашуви ниҳоясига етди.
Саммитдан олдин айрим экспертлар муҳокама қилинувчи масалалардан бири Украинадаги уруш бўлиши мумкин эканини айтишган. Россия 2022-йилнинг 24-февралида Украинага бостириб кирган — ҳудуддаги уруш ҳаракатлари ҳамон давом этмоқда.
Аммо президентларнинг ҳеч бири Украинадаги уруш бўйича очиқ айтгани йўқ. Айни замонда президентлар дунё иқтисодий кризисдан ва Афғонистоннинг ҳукумат бошига «Толибон» радикал ҳаракатининг келиши билан келиб чиққан муаммоларни бирликда ҳаракатланишни кучайтириш орқали ҳал қилиш мумкинлигини таъкидлашди.
«Клооп» президентлар нима ҳақида сўз очишгани ҳақида батафсил баён қилиб беради.
Тоқаев: Минтақадаги давлатлар бирлигининг демонстрацияси
Биринчи бўлиб Қозоғистоннинг президенти Қасим-Жомарт Тоқаев гапирди. У ўз нутқида «геосиёсатдаги ва дунё иқтисодидаги беқарорлик ҳолатида бугунги саммит Марказий Осиё давлатларининг иттифоқини кўрсатади» деб таъкидлади.
Тоқаев ҳамкасбларини минтақада қолган беқарорлик факторларини бартараф қилиш учун имкон борича қўлдан келган ҳаракатларни кўришга чақирди.
«Давлатлар орасидаги чегарада отилган ҳар бир ўқнинг оғир овози тегишли тарафлардагина эмас, барча минтақада янграйди», — деб, Тоқаев баҳсли масалаларни «яхши қўшничиликнинг руҳида тинчлик йўли билангина ҳал қилиш мумкин» эканини таъкидлади.
Шунингдек Тоқаев «Қозоғистон Марказий Осиё давлатларини делимитациялашга ёрдам беради» деб билдирди.
Тоқаевнинг айтишича, улар Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг президентлари билан Қамбар-Ата-1 ГЭСи бўйича «дастлабки конкрет ва ўта манфаатли келишувларга» эришди. Тоқаев бу ҳақда тўлиқ айтгани йўқ, аммо «Қирғизистондаги Қамбар-Ата-1 ГЭСи Марказий Осиё давлатларининг энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлашга имконият беради» деб таъкидлади.
Камбар-Ата-1 ГЭСнинг қурилиши жорий йилнинг июнь ойининг бошида бошланган. ГЭСни Қирғизистон Қозоғистон ва Ўзбекистон билан биргаликда қуриши айтилган. Тоқаев шу билан бирга қўшни давлатларни музликни эришига қарши курашишга чақирди.
У бунга қўшимча қилиб Марказий Осиё давлатларида ўзаро савдони ривожлантиришга улкан захира бор эканини таъкидлади. Тоқаев Қозоғистон бошқа Марказий Осиё давлатлари билан савдо-сотиқни 15 млрд долларга етказишни кўзлаётганини билдирди.
Қозоғистоннинг президенти барча ўлкаларнинг иқтисодий имкониятини тўлиқ фойдаланиш учун минтақадаги ўлкаларнинг транспорт алоқасини ривожлантириш керак деб таъкидлади.
Бундан ташқари, Тоқаев «ахборот соҳасида умумий минтақага зарар келтирган салбий кўринишларнинг олдини олиш учун» давлатларнинг ўзаро алоқаларини мустаҳкамлаш керак деб айтди.
Бунинг учун умум минтақавий телеканал ёки янгиликлар интернет сайтини очишни таклиф қилди. Унинг айтишича, ОАВ ҳозирга қадар «минтақа давлатларидаги турмушни ёритишда маълумот етишмовчилиги кузатилмоқда». Кейин умум ҳудудий телеканал тузиш ташаббусини Қирғизистоннинг президенти Садир Жапаров ҳам илгари сурди.
Рахмон: Турли радикал кучлар минтақада беқарорлик яратмоқда
Тоқаевдан кейин Тожикистоннинг президенти Имомали Рахмон сўз олди. У ўз сўзида «Марказий Осиёда диний радикализмнинг ўта бузғунчи мафкурасини тарқатиш — энг жиддий чақириқ» деб билдирди.
Шунингдек у шу йили минтақадаги давлатларда бўлган норозиликлар «турли кучлар барқарорликни бузиш режаларидан ҳамон қайтмаётганини кўрсатиб турмоқда» деб ҳисоблайди.
Унинг айтишича, у воқеалар «айрим кучлар, жумладан ижтимоий тармоқдагилар бизнинг фуқароларни турли акцияларга жалб қилиш ҳаракатини қўлланишда давом этишаётганини кўрсатиб турибди».
«Охирги воқеалар диний радикаллар ва экстремистлар жамиятимизнинг ҳар қандай норозилик потенциалини ўзларининг тубан мақсадларида қўлланишга қодир эканини кўрсатди», — деди Рахмон.
У Афғонистон ҳақида ҳам фикрини айтди. Унинг фикрича, ўтган йили «Толибон» ҳаракатининг ҳокимиятга келиши билан бошланган жараёнлар Марказий Осиёга «салбий таъсир кўрсатмоқда». Шу муносабат билан у «минтақавий хавфсизликка қарши хавфларга ва таҳдидларга қарши биргаликда курашишнинг аниқ механизмларини яратиш мақсадида» махсус хизматлар ўртасида мувофиқлаштиришни кучайтиришни таклиф қилди.
Бердимуҳамедов: Минтақада барқарорликни бузиш ҳаракатларига қарши биргаликда туришимиз керак
Учинчи бўлиб Туркманистоннинг янги президенти Сердар Бердимуҳамедов сўзга чиқди. У Маслаҳат йиғилишида биринчи марта иштирок этди.
Бердимуҳамедов ҳам айрим таҳдидларни тилга олиб, минтақа ичидаги сиёсий барқарорликни бузишга уринишлар бор эканини айтди. У минтақадаги давлатлари «уларга биргаликда қарши туриши кераклигини» таъкидлади.
Туркманистон президенти ҳамкасбларини Афғонистондаги «вазиятни барқарорлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш»га чақирди. У минтақавий можаролар кучайиб бораётганда уларнинг олдини олиш ва бўлдирмаслик бўйича минтақадаги давлатларда «биргаликда келишилган позициянинг» бўлиш айниқса муҳим эканини таъкидлади.
Бундан ташқари, у терроризм ва минтақа мамлакатларига диний радикал гуруҳларнинг кириб кетиши билан боғлиқ хавф мавжудлигини айтди.
Мирзиёев: Иқтисодий инқирозга қарши туриш учун қўшма корхоналар очиш керак
Туркманистон раҳбаридан сўнг сўз навбати Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга келди. У жаҳон иқтисодиётида инқироз кучайиб бораётгани сабабли минтақа давлатлари «анъанавий логистика занжирларининг узилиши муаммосига дуч келган, импорт инфляцияси ошган, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги хатарлари анча ўсганини» таъкидлади.
Ўзбекистон раҳбари давлатлар бу муаммоларни босқичма-босқич ҳал қилаётганини билдирди.
«Бу йўналишда кўплаб тўсиқлар бартараф этилди, фуқароларимизнинг эркин кириб-чиқиши, фаол маданий ва сайёҳлик алмашинуви учун шароитлар яратилди. Ўзаро савдо ва сармоя ҳажмини ошириш учун қулай шароитлар яратилди [...] Шунингдек, биз саноат кооперацияси қўшма лойиҳаларни амалга оширишни бошладик, самарали қўшилган қиймат занжирларини яратмоқдамиз, транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантирмоқдамиз», — деди у.
Мирзиёев минтақа давлатлари учун учинчи давлатлардан келган «қимматбаҳо ва ҳар доим ҳам сифатли бўлмаган импорт»ни ҳудуддаги мамлакатлари ишлаб чиқарувчилари маҳсулотлари билан алмаштириш, қўшма ишлаб чиқариш кооперацияси лойиҳаларини илгари суриш муҳимлигини таъкидлади.
«Бизнинг ишбилармон доираларимиз минтақа мамлакатлари иқтисодиётининг бир-бирини тўлдириш омили ва рақобатдош устунликларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқаришни ташкил этишдан манфаатдор», — деди Мирзиёев.
Ўзбекистон Президенти ҳар йили Марказий Осиё минтақаси форумини ўтказиш ва минтақанинг сармоявий жозибадорлигини ошириш учун ҳамкорликда ишбилармонлик муҳитини яратишга интилиш таклифини билдирди.
Жапаров: Минтақа учун янги имкониятлар очилмоқда
Якунида сўз навбатини Қирғизистон президенти Садир Жапаров олди.
У ўз нутқи аввалида Афғонистондаги вазият «Марказий Осиёдаги минтақа хавфсизлигига сезиларли таъсир кўрсатаётганини» таъкидлади. Бироқ у толибоннинг ҳокимият тепасига келиши «айни ҳақиқат» эканини, уни қабул қилиш лозимлигини билдирди. Унинг фикрича, минтақа давлатлари «бу йўналишда биргаликдаги ҳаракат йўналишини ишлаб чиқиши керак». Жапаров Қирғизистон Афғонистон ҳукумати билан икки томонлама ҳамкорлик масалалари бўйича алоқада эканлигини маълум қилди.
Садир Жапаров Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда тартибсизлик ва қурбонлар келтириб чиқарган оммавий намойишлар ҳақида ҳам гапирди. Унинг фикрича, бу воқеалар «бузғунчи кучлар, жумладан, диний ақидапарастлар ва жиноятчиларни ўз тарафига тортаётган ташқи кучлардан хавфсизликни таъминлаш масалаларини биринчи ўринга қўйди».
«Ўз навбатида Қирғизистон қўшни давлатлар раҳбариятининг конституциявий тузилма ва ижтимоий-сиёсий барқарорликни тиклаш бўйича қатъий ва жиддий саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Бундан кейин ижтимоий-иқтисодий, этник, диний ва бошқа баҳоналар билан юзага келган хавфсизлик инқирозларига йўл қўймаслик керак. Шу йўналишдаги саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришга таклиф қиламан», — деди у.
Шунингдек, Жапаров, Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегара шартномаси бўйича музокараларни якунлаш бўйича Қирғизистон сиёсий иродасини тасдиқлашини таъкидлади.
Қирғизистон президенти глобал савдо тармоқлари узилиб қолганига, товар ва хом-ашё экспортига чекловлар қўйилганига қарамай, Марказий Осиё давлатлари ўз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга тўлиқ қодир эканини айтди.
Бундан ташқари, Жапаров Қирғизистон сув ресурсларини тўплаш ва сақлашдан ҳалигача ўз қийматини олмаганини таъкидлади.
«Сувнинг юқори қисмидаги мамлакатлар бир неча йил аввал ҳатто сув кам бўлган даврда ҳам суғориш учун сув ресурсларини вегетация даврида тўплаш имконияти ва манфаатдор бўлиши учун сувдан фойдаланишнинг ўзаро манфаатли механизмларини биргаликда ишлаб чиқишни таклиф қиламан», — деди Садир Жапаров. .
Жапаров, минтақа давлатлари эркин савдо айланмаси учун транспорт инфратузилмасини яхшилаш, сайёҳлар умумий чегарадан ўтганда чегирмалар жорий этиш, ихтисослашган сайёҳлик йўналишларини ташкил этиш зарурлигини ҳам айтди.
«Мутахассисларнинг таҳминларига кўра, жаҳон иқтисодий “оғирлик маркази” босқичма-босқич Осиё томон ҳаракатланмоқда, бу эса минтақамиз учун жумладан, иқтисодиётнинг “яшил”, рақамли ва креатив секторларини ривожлантириш учун кенг имкониятлар очмоқда», — дея якунлади у.
Саммит натижалари
Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари иштирок этган IV Маслаҳат учрашуви атиги бешта ҳужжат имзоланиши билан якунланди. Бироқ давлат раҳбарлари яна кўплаб ҳужжатлар тўпламини имзолашлари кутилган эди.
Аммо Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари ХХI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш учун дўстлик, яқин қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзолагани учрашувнинг асосий натижаларидан бири бўлди.
Бу келишувни Туркманистон ва Тожикистон раҳбарлари имзоламади. Қирғизистон президенти матбуот хизматидан Эмомали Раҳмон ва Сердар Бердимуҳамедов «улар ўз мамлакатларида ички тартиб-қоидалар тугаллангандан сўнг ушбу ҳужжатни имзолайдилар» деб тушунтирди.
Садир Жапаров келишув имзоланганини «тарихий лаҳза» деб атади, «ҳужжат Марказий Осиё умумий маконининг гуллаб-яшнаши учун мустаҳкам асос яратишига ишонишини» айтди.