«Женго» лақабли “криминал авторитет”ни Ўш вилоят суди оқлади

Ўш вилоят суди «Женго» лақаби билан таниқли криминал авторитет Қадир Досоновни оқлаш бўйича туман судининг ҳукмини кучида қолдирди. Бу ҳақда «Клооп»га Ўш вилоят судининг матбуот хизмати 22-июлда билдирди.

Досонов «Ерни ноқонуний босиб олиш» моддаси билан айбланаётган эди. Аммо «Женго»ни адвокатининг илтимоси қаноатлантирилиб, иш жиноятнинг муддати ўтиб кетгани сабабли тўхтатилган. 14-июлда эса Қорасув туман суди Досоновни оқлаб, у ТИЗОдан бўшатилган.

Шунингдек, у «Жиноий йўл билан олинган даромадларни қонунийлаштириш» моддаси билан айбланган. Аммо суд Досоновнинг ҳаракатида жиноят аломати йўқ деб топган.

Ўш вилоят судининг суд коллегияси Қорасув туман судининг Досоновни оқлаш бўйича қабул қилган ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди.

Қадир Досонов ким?

Досонов «Женго» лақаби билан танилган Ўшдаги уюшган жиноий гуруҳнинг бошчиси. У 2015 йилнинг февралида милициянинг полковниги Толкунбек Шоноевни ўлдиришга буйруқ беришда айбланган. 2017 йили Қорасув туман ва Ўш вилоят судлари уни оқлаган. Кўп ўтмай бу қарорни Олий суд ҳам ўз кучида қолдирган.

Ўтган йилнинг 30 ноябрида МХДҚ Досоновни «мулкка қарши оғир жиноий иш қилишда иштироки бор» деб уни қидирувга берган. “Криминал авторитет” 2021-йилнинг 11-февралида қўлга олиниб, қамоққа киргизилган.

Ўша йилнинг 17 февралида махсус хизмат Досонов «Жиноий йўл билан топилган даромадларни легаллаштириш»да гумонланаётганини хабар қилган. Шунингдек, МХДҚ «Женго» ва унинг яқин қариндошларига турли классдаги 19 автомашина, 15 турар-жой ва 35 ер участкаси расмийлаштирилганини билдирган.

Бироқ Досоновнинг адвокати Назгул Суйунбаева «Женго» МХДҚга ўзи келганини билдирган. Шунингдек, у Досоновнинг ўғлига ва собиқ аёлининг қариндошига ҳуқуқ тартибот органи томонидан гиёҳванд моддалар «ташланганини» таъкидлаган.

Бундан ташқари адвокат МХДҚнинг ходимлари Досоновга бунгача «халқ кўзига таслим бўлишни» таклиф қилганини очиқлаган. Адвокатнинг айтишича, махсус хизмати «Досонов оз ўтириб чиқади» деб ваъда қилган.

Бироқ Суйунбаева бу таклифдан бош тортгандан кейин махсус хизмат унинг уйида «ноқонуний» тинтув ўтказганини хабар қилган.