Ўш вилоят Аравон туманидаги Ачи қишлоғида 7 ёшли ўсмир қизнинг кўр ичаги ёрилиб вафот этди. Унинг ота-онаси қизининг ўлимига шифокорларни эътиборсизликда айблади. Воқеа бўйича махсус комиссия тузилиб, унинг натижасида шифокорларга ҳайфсан эълон қилинди.
Нима бўлди?
Ачи қишлоғи турғуни Уулкан Адинаеванинг сўзларига кўра, 5 июлда унинг қизининг аҳволи ёмонлаша бошлаган. Қизнинг қорни оғриб, тана ҳарорати кўтарилганидан тез ёрдам хизматига мурожаат қилишган.
Аммо тез ёрдам хизматидан қизнинг танасини «нам сочиқ билан артиб, паратсетамол бериш кераклигини» айтишиб, ўзлари келмаган.
«Тез ёрдам келмай қўйди. Қайта қўнғироқ қилиб: «Қизимнинг тана ҳарорати тушмади. Нима қилсам бўлади? Келасизларми?», — десам, «Ароқ суртибсизлар, энди нам сочиқ билан артинглар», — деган. Нам сочиқ билан артдим. «Яна бир паратсетамол бериб қўйинг», — деди. Яна биттани ичирдим. Ҳарорати тушмади. Мен гапимни тугатмасдан тез ёрдамдаги қиз телефонини ўчириб қўйди», — дейди қизнинг онаси.
Бир кундан кейин ота-онаси ўсмирни ҳудудий оилавий шифокорга олиб борган. У ердан қиз «овқатдан заҳарланган бўлиши мумкин» деб томчи дори қўйишиб, укол ёзиб беришган.
«Мен «қусиб, қорни оғрияпти» десам ҳамшира қорнини ушлаб кўриб, яна томчи дори билан ёнбошидан укол ёзди. Томчи дори битганидан кейин, қизим: «Ойи, яна қорним оғрияпти», — деди. Булар анализ топшир демайдими? [...] Ҳамшира УДИга туширса бўларди, диарея деб «яна бир томчи дори ёздим» деди», — деб норози бўлди она.
7 июлда қизнинг қорин оғриғи босилмагани учун уни туман касалхонасига олиб боришган. Текширув вақтида қиз аппендицит бўлгани аниқланган, аммо шифохонада наркоз йўқлиги учун уни Ўш шаҳрига олиб боришни тавсия этишган.
Беморни Ўш вилоят болалар касалхонасига олиб келганда унга аппендицитга операция қилинган. Онасининг сўзларига кўра, қизнинг аҳволи икки соатлик жарроҳлик амалиётидан кейин яхшиланган. Лекин ундан бир соат ўтганидан кейин аҳволи оғирлашиб, вафот этган.
Вилоят касалхонаси шифокорлари буни «аппендицит 3 кун аввал ёрилиб, жигарни қисиб қўйган» деб тушунтирган.
«Ўшга борганда: «Сизлар кеч олиб келдинглар, укол қилганда аппендицит ёрилиб, ичига тарқаб, ичаги ири кетган. Биз қизни сақлаб қолишга ҳаракат қилдик», — деди. Ҳалиги томчи дорини олганидан кейин аппендицит ёрилиб кетган экан», — деди у.
Ҳозирда қизнинг ота-онаси тез ёрдам келмаганига, шифокорлар текшириб, тўғри ташхис қўймаганига норози бўлмоқда. Улар тегишлилар жазосини олсин деб талаб қилишди.
«Мана мен фарзандимни йўқотиб, куйиб қолдим. Чироқдай қизимдан жудо бўлдим. Ичим ёняпти. Ҳозир ҳеч ким билмаяпти. Мен куйяпман. Бошқаси куймасин деб шу ишни қиляпман. Мендан бошқа ота-она шундай чирқирамасин», — деб йиғлади она.
«Ўз вақтида қарадик деб айта олмаймиз»
Аравон туман умумий шифокорлар амалиёти маркази раҳбари Кутманбек Айтибаев «уларнинг ишида камчилик бўлганини» тан олди.
«Биз: «Идеал даражада, ўз жойида ва ўз вақтида қарадик ”, — дея олмаймиз. Бу ерда «вақтдан ютқазиб, яхши эътибор берилмай қолди, вақт чўзилиб кетиб, кўп ётиб қолди» деган шикоятлар бўлмоқда. Эртароқ ҳаракат қилиб, эртароқ хулоса чиқариб, биз қизни эртароқ вилоят шифохонасига юборганимизда, балки қиз омон қоларди», — дейди у.
Айтибаев комиссия хулосасига кўра, тегишли чора кўрилади деб ишонтирди. Шунингдек ўзи ҳам маънавий масъулиятни ҳис қилишини қўшимча қилди.
Ўсмирнинг ўлими бўйича эса тузилган махсус комиссия 18 июлда хулосасини чиқарди. Унда «етарли назорат олиб бормагани учун» Айтибаевга огоҳлантириш, марказнинг бир қатор ходимларига ҳайфсан эълон қилган.
ССВнинг Ўш вилояти бўйича координатори Шаятбек Абдурахманов «Клооп»га берган интервьюсида ҳеч қайси ходим ишдан олинмаганини тасдиқлади. У комиссия хулосаси вазирликка юборилганини, сўнги қарор ўша ердан чиқишини айтди.
Муҳаррир: Айбике Адилет қизи