«Криминал авторитет» Доо-Чингиз икки ойга тергов изоляторига қамалди

265

«Доо Чингиз» (Дев Чингиз) лақаби билан танилган криминал авторитет Чингиз Жумагулов  7-сентябргача Бишкекдаги СИЗО-1га киритилди. Мазкур қарорни Бишкекнинг Биринчи май туман суди қабул қилди.

Жумагуловнинг ҳибсга олингани ҳақида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 15 июль куни хабар берган эди.

Маълумотга кўра, «криминал авторитет» уюшган жиноий гуруҳ ташкил қилиш ва ҳусусий тадбиркорлардан мунтазам равишда ўта йирик миқдорда пул ундиришда гумонланмоқда.

“Криминал авторитет” қўлга олингунга қадар 8-июлда бир қатор нашрлар Жумагулов билан МХДҚнинг «Альфа» махсус хизматининг ўртасида отишма бўлганини ёзиб чиқишган. Уларнинг маълумотига кўра, спецназ криминал авторитетни қўлга олишга ҳаракат қилган, аммо у қочиб кетган.

Кейин куч ходимларини солиб келган кичик автобус йўлтанламаснинг йўлини тўсиб тўхтаб, ундаги ҳарбий кийимдаги одамлар йўлтанламаснинг эшигини очишга ҳаракат қилишгани тасвирга олинган видео пайдо бўлган. Аммо йўлтанламаснинг ҳайдовчиси у ердан қочиб, яширинган.

Эртасига эса МХДҚ Жумагуловни қўлга олиш ҳаракати ва отишма тўғрисидаги маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирган. Уларнинг маълумотига кўра, 8-июлда Чуй вилоятида УЖГ аъзоларини қўлга олиш бўйича тезкор-тергов тадбирлари ўтказилган.

Кейин фаол Атай Бейшенбек ўғли Фейсбук саҳифасига қисқа видео эълон қилган, унда криминал аторитет МХДҚга ўзи келганини кўриш мумкин.

Видеода Жумагулов кўл кишанисиз бир неча одам билан бирга МХДҚ қараб келаётгани тасвирланган.

Чингиз Жумагулов

Чингиз Жумагулов криминал оламида «Доо» деган лақаб билан танилган. У «қонундаги ўғри» сифатида маълум «қамчи Кўлбаевнинг УЖГнинг фаол аъзоси» деб айтиб келинади. МХДҚнинг бошчиси Қамчибек Ташиев Қирғизистонда «жиноят оламининг лидери» эканини айтган.