Иссиқкўлда қозоғистонлик мураббийнинг ўлими: Милиция Lexus ҳайдовчисини қўлга олди

Қозоғистонлик енгил атлетика мураббийини уриб кетиб, ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчи вақтинчалик сақлаш ҳибсхонаси (ВСХ) га жойлаштирилди. Бу ҳақда Иссиқкўл вилояти ИИБнинг матбуот хизмати хабар берди.

Милициядан берилган маълумотларига кўра, экспертиза Lexus RX300 ҳайдовчиси ЙТҲ вақтида маст бўлганини аниқлаган.

Матбуот хизматининг таъкидлашича, мазкур ҳолат юзасидан «Йўл ҳаракати хавфсизлиги ва автотранспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ҳайдовчи Иссиқкўл вилояти ИИБ ҳузуридаги ВСХга жойлаштирилган.

Бахтсиз ҳодиса 16 июль куни содир бўлган. Маълумотга кўра, Иссиқкўл туманининг Бостери қишлоғида «Лексус-330» русумидаги автомобил ҳайдовчиси Nissan Micro автомобилининг орқа қисмига урилган. Тўқнашув оқибатида Nissan Micro ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўлдан чиқиб кетган ва Қозоғистон фуқаросини уриб юборган.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси Меруерт Достаева марҳумнинг енгил атлетика бўйича Олмаота вилояти бош мураббийи бўлганини маълум қилган. Унинг исми Марат Жузгенбаев бўлган. Шунингдек, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси ҳайдовчилардан бири маст ҳолатда бўлганини билдирган.

Қирғизистондаги йўл ҳалокатлари

Қирғизистонда йил сайин йўл-транспорт авариялари кўпаймоқда. 2021-йили мамлакатда 7 437 транспорт ҳалокатлари қайд этилган, бу 2020-йилдагига нисбатан 22,9%га кўп. Унда йўл-транспорт ҳодисаларидан 800дан ортиқ киши вафот этган.

CABAR.asia таҳлилий портали журналистларининг ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги 10 йилда аварияларда 10 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган.

«Йўл-транспорт ҳодисаларининг 95 % инсон омили сабаб, яъни ҳайдовчиларнинг қоидани бузиши ёки йўл ҳаракати қоидаларини билмаслиги сабаб бўлади. Қолаверса, уларнинг аксарияти йўлда ҳаракатланиш маданиятига риоя қилмайди», — деган ЙҲХТББ раҳбари Азамат Исроилов.

Президент Садир Жапаров 2022-йилнинг февралида ИИВга йўл-транспорт аварияларининг сонини 50%га камайтириш топшириғини берган.