Сузоқда собиқ турмуш ўртоғи томонидан «ўлдирилган» аёлнинг онаси: Ажрашгандан кейин ҳам қўйиб юбормади.

346
Марҳум Одина Тожибаева ва унинг онаси. Сурат: Azattyk

23 июнь куни Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида яшовчи фуқаро ўз рафиқасини ўлдириб, ҳовлисига кўмиб юборганликда гумонланиб қўлга олинди. Гумонланувчи «рашк туфайли» хотинини бўғиб ўлдирганини айтди. «Азаттык» радиоси воқеа юзасидан гумонланувчи ва марҳумнинг яқинларидан изоҳ олди.

«Собиқ эри»

Марҳум Одина Тажибаева 25 ёшда эди. У гумондор билан 4 йил аввал ажрашиб, икки нафар ўғли билан онасиникида яшаб юрган.

Тажибаеванинг онаси собиқ куёв ўғли ўзи бошқа оила қурганига қарамасдан қизини қўйиб юбормаганини айтди. Воқеа бўлган куни ҳам уни уйидан олиб чиқиб кетган.

«Қизим новвойхонада кунлик қора ишда ишлаётган эди. Куёви  ўша вақтда “ким билан кетяпсан” деб қизғаниб, жанжал қиларди. Охирги марта уйда қизимга: “Овқат е”, — десам, қорним тўқ деб ётиб олган. Ўша туни куёв бола келиб олиб чиқиб кетибди. [...] Эртаси куни келиб мендан қизимни сўраяпти, аслида ўзи ўлдириб қўйиб, ўзини билмасликка солган экан», — деди у.

Гумондорнинг укаси эса воқеага унинг рафиқаси гувоҳ бўлганини айтди. Келин қайноғаси аёлни кўмаётганини кўриб, ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар қилган.

«Менга рафиқам телефон қилиб “акангиз аёлини ҳовлига кўмяпти” деди. Шунда мен “милицияга қўнғироқ қилиб, воқеани тўлиқ айтиб бер” дедим. Ҳовлида бўлаётган воқеани уйдаги онам кўрмаган. Акам ўзи ҳовлида ерни қазиб кўмибди, воқеага гувоҳ бўлган рафиқамга “ҳеч кимга айтма” деган. Акамнинг бундай йўлга борганига ишонмаяпмиз», — деди у.

Гумондорнинг онаси эса, «ўғлининг бу ишга қўл урганига ишонмаётганини айтиб», воқеада марҳуманинг ўзини айблади.

«Келиним кўпдан буён онасининг уйида яшаб, бизникига келмай қўйган. Аммо ўғлим ўша ерга бориб яшаб юрганди.  Болам ўлдирди деб айта олмайман. Чунки келиним бошқа эркаклар билан ҳам алоқада бўлган. Ўшалар ўлдириб, ўғлимга ағдаришяпти. Жасаднинг уйга кўмилгани бўйича — ўғлимни қўрқитиб кўндиришган деб ўйлайман», — деди у.

«Ўн йилдан кейин чиқсам ҳам ўлдираман»

Аммо марҳума Одина Тажибаеванинг онаси вақтинча ҳибсда сақловчи жойдаги гумондор қўнғироқ қилиб, уларга таҳдид қилаётганини айтди.

«Қамоқда ўтириб ҳам ўғлимга қўнғироқ қилиб “10 йилдан кейин чиқсам ҳам сизларни ўлдираман” деб қўрқитибди», — деди у.

Жалолобод вилоят ИИБдан таҳдид факти бўйича милицияга ариза ёзилса, «жиноят ишига қўшиб тергов қилинади» деб ваъда қилди.

Ҳозирда Тажибаеванинг ортида икки ёш боласи қолди. У бувисининг қўлида. Сузоқ туман ИИБ «Қотиллик» моддаси бўйича тергов олиб бормоқда.

Қирғизистондаги фемицид

2021-йили Қирғизистон Марказий Осиёда аёллар учун энг хавфли давлат ҳисобланган. Мамлакатда эркаклар аёлларни ўғирлаб, зўрлаб, ўлдириб, кўп вақтларда жазосиз қолишади.

Шунингдек Қирғизистонда аёллар кўпинча оилавий зўравонликдан жабрланади. Сўнги йилларда ҳар йили оилавий зўравонликнинг минглаб фактлари қайд этиб келинади.

ИИВ маълумотига кўра, 2021-йили 10 мингдан ортиқ оилавий зўравонлик факти аниқланган. Бу оилавий зўравонлик 2020-йилга нисбатан 12%га кўпайди дегани.

Бундан ташқари, кўп фактлар жабрланувчилар милицияга ариза билан мурожаат қилмаганидан қайд этилмай, ҳисобга кирмай қолади. Бу оилавий зўравонлик кўлами расмий статистика маълумотларига қараганда анча кенгроқ эканлигини кўрсатади.

Зўравонни қонун доирасида жазолаш жуда қийин— кўп ҳолларда жиноятлар жарима тўлаш  ёки жамоат ишларига жалб қилиш билан чегараланади.

Шунинг учун жавобгарликка тортилмаслигини билган зўравонлар аёлларни ўлдириб ҳам қўйиши мумкин.

«Клооп» журналистлари Қирғизистондаги  фемицид ҳақида тадқиқот олиб бориб, аёллар кўпинча турмуш ўртоғи ёки бирга яшаган ҳамроҳининг қўлида ажал топишини аниқлашган — бу оилавий зўравонликни ўз вақтида олди олинмаслик ҳисобланади.