7 июль куни Хутор-Ак-Талаа қишлоғида ер талашишдан жанжал чиқиб, ўқ отилган. 6 нафар киши касалхонага тушиб, учтасига жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Воқеа бўйича вилоят суди икки нафар гумондорни қамоққа олиб, биттасини уй қамоғига чиқарган. Аҳоли ўқ отган шахснинг оиласини қишлоқдан кўчириш талабини қўйса, Кидирмишовнинг оиласи ҳамқишлоқларининг сўзларини инкор қилишмоқда.
Аҳоли нима дейди?
Милициядан Хутор-Ак-Талаа қишлоғидаги жанжалга ер талашиш сабаб бўлганини айтишган. Унда 30-40 нафарга яқин одам Бакит Кидирмишов исмли шахснинг уйини вайрон қилиб, машинасига ўт қўйган. Уй эгаси овчилик қуроли билан аҳолига ўқ отган деб таъкидланган.
«Турмуш» нашри 13 июлда мазкур қишлоқнинг аҳолиси ер талашга боғлиқ мажлис ўтказиб, ўқ отган кишининг оиласини кўчириш талаби айтилганини ёзди. Шунингдек воқеа ҳақида аҳоли фикрларини нашр қилди.
Қишлоқ яшовчиси Торобек Тилек ўғли нашрига ўқ отган шахс 12 гектар экин майдонини ноқонуний тўсиб олганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Кидирмишов аввал ҳам қишлоқдошларини калтаклаб, қўрқитиб юрган. Шунинг учун аҳоли тўпланиб, «иттифоққа чақириш учун» уйига борган.
“«Оддий яша, бу қилиғингни тўхтат» деб бордик. Дарвозасини тақиллатсак, милтиқ билан кутиб олди. Тўрт милтиқнинг овози чиқиб, икки машина билан келганларни урди. Биттаси билан келиб деворни уриб, у ағдарилиб, симдан учқун чиқиб, машина ўз-ўзидан ёниб кетди», — дея тушунтирди у.
Толгонай Тентиева исмли яшовчи жанжал чиққан куни 2-курсни янги битирган набирасига ўқ тегиб, бир буйраги олиниб, йўғон ичаги ўқдан жароҳатланганини айтди.
Яна бир турғун Жиргалбек Бугубаев Кидирмишов оиласи «пулдор» эканини айтиб, «ҳуқуқни ҳимоя қилиш идораларини сотиб олган» деган фикрда. У шунинг учун «халқ портлаяпти» дея тушунтирди.
«Буларнинг катта артистлик феъли бор. Мени тепкиладими, мен муштлашсам, муштлашмасам ҳам албатта касалхонага бориб ётиб олади. Пулларини беради, экспертиза хулосалари чиқади. Ўртада суд, милиция, терговчиларга пул бериб қутилиб кетишади [...] Отганидан ташқари 20га яқин бола касал бўлиб қолди. Биринчи навбатда оиласи билан кўчиб кетишсин», — деб норози бўлди Бугубаев.
Кидирмишов оиласи нима дейди?
Бакит Кидирмишов ҳозирда қамоқда. Унинг олти нафар фарзанди бор. Айни дамда оиласи Норин шаҳрида яшамоқда.
Рафиқаси Нуржан Толосунова воқеа бўлган куни уйда чой ичиб ўтирганда тош отила бошлаганини айтди. У ҳамқишлоқлари «милтиқ билан отиб, уйнинг ҳамма ёғини вайрон қилишди» дейди.
«Бир вақт онамнинг қаттиқ қичқиргани, йиғлаган овози чиққанда эрим иккимиз эшикка югуриб борсак, эшик олдида турган қайнимнинг машинасини ёқиб, қайнота, қайнонамни катаклаб, «буларни ёқамиз» деб, уй атрофига ўтин қалашяпти. «Болалари билан бирга отиб ташланглар» деганларини эшитдим», — деди у.
Толосунова воқеа бўлганга қадар 2 июлда турмуш ўртоғи хашак ўриб келганда А.Т. исмли йигит билан жанжаллашиб қолганини, йигит эрининг «бошини ёрганини» айтди. Эртаси куни акаси аёлга қўнғироқ қилиб «ўлдириб кетаман, ёқиб кетаман» деб таҳдид қилганини айтди.
«5 июлга ўтар кечаси соат 01:30да тўпланиб турган хашакнинг ярмидан кўпи ёниб кетди. 395 боғ хашак бор эди. Эртаси куни хашак бўйича милицияга ариза ёзайлик деб Норинга кетаётганда эримнинг бошини ёрган йигитнинг отаси йўлини тўсиб, Норинга кетадиган йўлдан ўтказмай қўйди», — деди аёл.
Бакит Кидирмишовнинг онаси Чолпон Макибаева қишлоқдан кўчиб кетиш талабини бажармаслигини айтиб, қишлоқ оқсоқолларини ушбу воқеага холис баҳо беришга чақирди.
«Менинг ўғлим ўз уйини, фарзандларини ҳимоя қилди. Уч нафар боласининг бошига тош тегди. Мени, Жапакни (чоли) кўкартирар даражада калтаклашди. Ўғлим билан А.Т. ер бўйича жанжаллашибди дейишяпти. Йиғилиш бўлганда фақат бизнинг ерни айтишади. Аммо бизники каби 10, ундан кўп гектарларни тўсиб олганлар кўп. Бизгача ҳам аҳолининг ҳаммаси кўп ерларни тўсиб олган. Бу нимага айтилмайди?» — дея савол берди у.
Макибаева бир ўғли милицияда ишлашини айтиб, унга ҳам «ишдан бўша дея босим бўлаётганини таъкидлади.
Норин вилоят милицияси қишлоқда тушунтириш ишларини олиб бораётганини билдирди.
«Ҳозирги вақтда Норин туман ҳукумат вакиллари ва вилоят милицияси халқ билан учрашиб, жамоат тартибини сақлаш учун қишлоқ аҳолиси орасида тушунтириш ишларини юритмоқда», — деди милициядан.